Туркия делегацияси ИИВ академиясида

  • 09:12
  • 02,12-2019
  • 56
  • Улашинг

Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Туркия Республикаси Президентининг иқтисодий масалалар бўйича бош маслаҳатчиси Хатиже Карахан хоним бошчилигидаги делегация Ички ишлар вазирлиги Академиясига ташриф буюрди. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболдаги режалар хусусида фикр алмашилди.

 ИИВ Академияси бош­лиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов олий мартабали меҳмонни қутлар экан, ўзбек ва турк халқларини буюк тарихий илдизлар боғлаб туришини, давлатларимиз ўртасидаги алоқалар ўзаро ишонч асосида барқарор ривожланаётганини алоҳида таъкид­лади.

 – Халқларимизни тил, дин, эътиқод ва буюк маданият бирлаштиради, – деди Б. Матлюбов. – Туркия Рес­публикаси Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини биринчилар қатори тан олган. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар учун янги саҳифа очилди. Қардош икки давлат раҳбарларининг дўстона алоқалари тобора мунтазамлик касб этиб, ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилганини мамнуният ила эътироф этиш жоиз. Таълим соҳасида туркиялик ҳамкорларимиз билан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ички ишлар органлари учун замонавий мутахассислар тайёрлашга хизмат қилмоқда.

 Учрашувда Хатиже Карахан хоним самимий қабул учун миннатдорлик билдираркан, жумладан, шундай деди:

 – Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар Ўзбекистоннинг стратегик тараққиётини таъминламоқда. Мамлакатда хорижий сармоядорлар учун кенг имкониятлар эшиги очиляпти. Бугун юртингизнинг кўплаб минтақаларида эркин иқтисодий ҳудудларнинг самарали фаолият юритаётгани, иқтисодиётга хорижий инвестицияларнинг кенг жалб этилаётгани фикримнинг тасдиғидир. Мени қувонтирадигани, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик нафақат савдо-иқтисодий, балки таълим, маданият, туризм, транспорт-коммуникация ва бошқа муҳим тармоқларда ҳам жадал суръатларда тараққий этмоқда.

 Қизғин мулоқот чоғида томонлар таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, замонавий таҳдидларга қарши курашишда ўзаро тажриба алмашиш ҳамда кадрлар тайёрлаш жараёнига замонавий ёндашувларни татбиқ этиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.

 Шунингдек, делегация аъзолари ИИВ Академиясида мутахассис кадр­лар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган янгиланишлар жараёни билан ҳам яқиндан танишди. Хатиже Карахан хоним Академия тарихи музейини томоша қилиб, унинг фахрий меҳмонлар китобига ўз тилакларини ёзиб қолдирди.

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.