Ҳамкорлик борасида келишувга эришилди

  • 19:11
  • 30,11-2019
  • 99
  • Улашинг

29 ноябрь куни эрталаб делегациялар раҳбарлари Ватанимиз тарихи, анъаналари ва меҳмондўст халқига чуқур ҳурмат бажо келтириб, Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбарлар қўйишди.

Соат 10.00. Йиғилиш олдидан делегация раҳбарлари «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройи фойесида суратга тушишди. Сўнг­ра МДҲга аъзо давлатлар пойтахт­лари ички ишлар органлари полицияси бошлиқларининг йиғилиши бошланиб, кун тартибидаги масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирни Ўзбекистон Рес­публикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-ма­йор Рустам Жўраев кириш сўзи билан очиб берди. У ушбу йиғилиш Ички ишлар вазирлари кенгашида Ўзбекистон Республикаси ИИВ раислик қилган даврида, шунингдек, 2020 йил МДҲда Ўзбекистон Республикаси раислик қилиши олдидан пойтахтимизда ўтказилаётганидан ниҳоятда мамнун эканини билдирди.

Генерал-майор Р. Жўраев мазкур учрашув жиноятчиликка қарши курашишдаги умумий ишга аҳамиятли ҳисса қўшишига, МДҲга аъзо давлатларнинг пойтахтлари ички ишлар органлари ва полициялари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ривож­лантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Сўнгра у МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгаши раиси – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновни, шунинг­дек, делегациялар бошлиқларини йиғилиш иштирокчиларига таништирди.

Ўзбекистон Рес­пуб­ликаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П. Бобожонов Ўзбекистон МДҲга аъзо давлатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳудудий бўлинмалари бош­лиқларини жипслаштирувчи маконга айланганидан мамнун эканини таъкидлаб ўтди. Жорий йил май ойида Тошкент шаҳрида ўтган Ички ишлар вазирлари кенгашининг нав­батдаги йиғилиши бунинг яққол намунаси бўлди. Ички ишлар вазири, жумладан, шу кунларда пойтахтда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтаётганини қайд этди.

Генерал-лейтенант П. Бобожонов бугунги йиғилиш чоғида илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар ҳамкорлик алоқаларини бойитиб, мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилишини айтиб ўтди. Ички ишлар вазири мазкур йиғилишни Ички ишлар вазирликлари ва полиция идоралари раҳбарлари иштирокидаги мунтазам учрашувларнинг мантиқий давоми деб аташ мумкинлигини, ҳудудий бўлинмалар даражасидаги, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ўта долзарб эканини алоҳида таъкидлади.

– МДҲ доирасида қабул қилинаётган ташаббусларнинг деярли ҳаммаси айнан пойтахт бўлинмалари томонидан амалга оширилмоқда. Бироқ бу тажриба бугунги кунгача деярли оммалашмаган эди. Пойтахт ички ишлар органлари ва полиция ходимларининг саъй-­ҳаракатлари билан ҳар йили оғир, ўта оғир ва шов-шувга сабаб бўлган жиноятларнинг кўп қисми фош этилиб, бартараф қилинмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида пойтахт ИИББ тезкор бўлинмалари томонидан
1300 та оғир ва ўта оғир жиноят фош этилган. Бу респуб­лика бўйлаб содир этилган шунга ўхшаш жиноятларнинг 20 фоизини ташкил этади. «Қидирув», «Нелегал», «Канал», «Магистраль», «Йўловчи» каби кенг қамровли қўшма тадбирлар тизимли асосда ва юқори самарадорлик билан амалга ошириляпти. Улар кўпинча МДҲга аъзо давлатлар пойтахтларида ўтказилмоқда. Ушбу тадбирларнинг бориши доимий тарзда назорат қилиниб, тезкор йиғилишларда вақти-вақти билан ўрганилмоқда. Улар Ички ишлар вазирлари кенгашида мувофиқлаштирилмоқда, – деди П. Бобожонов.

Шунингдек, дастур ва режалар шаклидаги ҳамкорлик ўзаро алоқаларга ҳам кўп томонлама, ҳам икки томонлама даражада тизимлилик ва комплексликни таъминламоқда. Тезкор ва умумий маълумотлар алмашинуви тобора жадал тус оляпти, сўровлар сони ортмоқда, уларнинг ижро сифати яхшиланмоқда. Натижада ўзаро ҳамкорлик ривожланиб, самарадорлик ошмоқда, ходимларимиз ўртасидаги профессионал алоқалар мустаҳкамланмоқда.

Генерал-лейтенант П. Бобожонов Ички ишлар вазирлари кенгаши томонидан тўп­ланган тажриба пойтахтлар ички ишлар органлари, полиция идоралари раҳбарлари даражасидаги яқин ҳамкорликни ўрнатиш борасида илк қадам бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтди. Шу муносабат билан ҳар йили МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгашига раислик қилаётган мамлакат ҳудудида ўтказиладиган мазкур учрашувга дои­мий амалда бўлган соҳавий йиғилиш мақомини бериш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди.

Генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари ва полиция бошлиқларига профессионал даражадаги ҳамфикрлик, ўзаро ҳамкорликка доимий шайлик ва тизимга оид масалаларни ҳал этиш борасидаги ишчан ёндашув учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Шундан кейин МДҲга аъзо давлатлар УЖҚКМБ директори ўринбосари А. Юсифов иштирокчиларни қутлаб, бюро фаолиятининг асосий фаолият йўналишлари ҳақида сўзлаб берди.

Йиғилишнинг асосий босқичида Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда МДҲ давлатлари пойтахт­лари ички ишлар органлари ва полиция бўлинмалари ўртасидаги ҳамкорликни ривож­лантириш, ахборот техноло­гиялари соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тажриба алмашиш, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши ва терроризмга қарши курашиш, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари, МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгашининг йиғилишига доимий фаолият юритувчи кенгаш мақомини бериш ҳамда унинг низоми лойиҳасини ишлаб чиқувчи ишчи гуруҳни тузиш масалалари муҳокама этилди.

Кун тартибидаги масалалар муҳокамаси доирасида йиғилиш иштирокчилари жиноятчиликка қарши курашиш, халқаро спорт ва оммавий тадбирларни ўтказиш чоғида пойтахтларда жамоат тартибини сақлаш борасидаги фикр-­мулоҳаза ва тажрибалар билан ўртоқлашиб, ўзаро маълумот алмашинувини ўрнатиш заруратини алоҳида қайд этишди.

Иштирокчилар террористик ва экстремистик тусдаги жиноятларнинг содир этилишига алоқадор шахс ва ташкилотлар фаолиятини аниқлаш ва бартараф этишга оид умумий келишилган профилактик, тезкор-қидирув ва махсус тадбирларни (ИИВ/полиция билан келишилган ҳолда) ўтказиш; давлатлар ҳудудида фао­лият олиб бораётган трансмиллий жиноий гуруҳларга оид маълумотларни мунтазам равишда алмашиш; умумий профилактик, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш; суд ва тергов органларидан қочиб юрган, бедарак йўқолган, одам савдоси ҳамда ўқотар қуроллар, автомашина ва гиёҳвандлик воситалари контрабандаси билан шуғулланаётган шахслар, шахси аниқланмаган мурдалар бўйича доимий равишда маълумот алмашиш масалалари бўйича бир битимга келишди.

Иштирокчилар жиноятчилик ҳолати тўғрисидаги маълумотларни мунтазам алмашиш, шунингдек, қидирув ишларининг сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш, жиноятни фош этиш мақсадида давлатлар пойтахтлари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари учун хизмат сафарлари ташкиллаштириш борасида ҳамкорлик қилиш масаласининг долзарб эканини таъкидлаб ўтишди.

Кун тартибидаги сўнгги масала муҳокамаси чоғида иштирокчилар йиғилишга дои­мий амалда бўлган кенгаш мақомини бериш ташаббусини қўллаб-қувватлашди.

Навбатдаги йиғилиш ўтказиладиган жой ва вақтини аниқлаш масаласини МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгаши томонидан доимий фао­лият олиб борувчи йиғилиш мақомини беришга оид ташаббус маъқулланганидан сўнг, келишиб олишга қарор қилинди.

Сўнгра йиғилишнинг якуний ҳужжатларини имзолаш ҳамда делегациялар раҳбарларини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг «Жиноятчиликка қарши курашда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлагани учун» кўкрак нишонлари билан тақдирлаш маросими ўтказилди.

Якунловчи сўз олган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар ИИББ бош­лиғи, генерал-майор Рустам Жўраев йиғилиш ишчан мулоқот ва ўзаро ҳамфикрлик муҳитида ўтганини, МДҲ давлатлари пойтахтлари ички ишлар органлари ва полиция ­идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

 * * *

Шу куни Тошкент шаҳар ИИББ ва Тожикистон Рес­публикаси ИИВ Душанбе шаҳри бўйича бошқармаси бошлиқларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда икки пойтахт ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамкорлиги муҳокама этилди.

Музокара якунида томонлар Тошкент шаҳар ИИББ ва Тожикистон Республикаси ИИВ Душанбе шаҳри бўйича бош­қармаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

 * * *

 Мартабали меҳмонлар пойтахт ИИББ фаолияти билан танишишди. Уларга мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотлар, жумладан, туман Ички ишлар бошқармалари Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари кўринишида қайта ташкил этилгани, ҳар бир туманда 4 тадан 9 тагача ички ишлар бўлимлари тузилгани ҳақида маълумот берилди.

Айтиш жоизки, «Хавфсиз пойтахт» концепцияси ва у жорий этилганидан сўнг эришилган ютуқлар ҳамкасбларимизда катта қизиқиш уйғотди. Янги тизим жиноятчилик даражасининг камайишига ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга оид чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилгани таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, делегация аъзо­лари навбатчилик қисми фао­лияти ва турли ҳодисалар ҳақида «102» рақамига келиб тушаётган хабарлар юзасидан тергов-тезкор гуруҳининг ҳаракатланиш тартиби билан танишишди.

Меҳмонлар Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳовлисида МДҲга аъзо давлатлар пойтахтларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстона алоқаларнинг мус­таҳкамланиши рамзи сифатида дарахт кўчатлари экишди. Шундан сўнг делегация аъзолари Олмазор тумани Ички ишлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси биносининг тантанали очилиш маросимида иштирок этишди.

Шунингдек, меҳмонлар Юнусобод тумани ИИОФМБ 7-сонли ички ишлар бўлимида бўлишди. Ички ишлар бўлими навбатчилик қисмининг ягона бошқаруви остидаги тезкор хизматлар фаолияти механизми уларда катта қизиқиш уйғотди. Меҳмонлар учун бўлим ҳудудига яқин жойлашган маҳаллалар фуқароларига тезкор ёрдам кўрсатишга хизмат қилувчи техника воситалари намойиш этилди.

Бугун делегация аъзолари қадимий Самарқанд шаҳрига ташриф буюришади.

 

Ўз мухбиримиз.

Абу КЕНЖАЕВ олган суратлар.