Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

  • 10:12
  • 18,12-2019
  • 404
  • Улашинг

Ўзбекистон ва Арманистон Республикалари ўртасидаги муносабатлар турли соҳаларда ривожланиб бормоқда. Эътиборли жиҳати, икки томонлама алоқаларда таълим тизимини такомиллаштириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳам муҳим аҳамият касб этаётир.

Куни кеча юртимизга Арманистон Республикаси Полиция таълими комплекси бошлиғи, полиция генерал-майори Мушег Бабаян бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Хусусан, ИИВ Академиясида ташкил этилган учрашув чоғида томонлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш, соҳа ходимларининг малакасини ошириш, ўқув жараёнида замонавий инновация технологияларидан самарали фойдаланиш масалаларини муҳокама қилишди.

– Жаҳоннинг турли минтақаларида содир бўлаётган глобал ўзгаришлар даврида турли соҳаларда ҳамкорлик кўламини кенгайтириш муҳимдир, – деди ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов. – Айниқса, ички ишлар органлари учун мутахассислар тайёрлаш жараёни соҳага замонавий педагогик ёндашувлар қўллашни тақозо этмоқда. Биз муштарак мақсадларимиз йўлида ўтган йилнинг 11–15 октябрь кунлари Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Х Халқаро полиция форумида муҳим пойдеворни қўйган эдик. Сизнинг бугунги ташрифингиз таълим муассасаларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

Учрашувда Мушег Бабаян юксак эҳтиром ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.

– Ўзбекистоннинг кўҳна тарихи, илм-фани ва маданияти, дунё цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасидан жуда яхши хабардорман, – деди у. – Куни кеча Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, асрлар қаърида мангу яшаётган қадимий тамаддуннинг улуғворлигини яна бир карра ҳис этдим. Чиндан ҳам, буюк алломаларингиз жаҳон маърифати ривожига тамал тошини қўйишган. Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг ўз тараққиёт йўлида кўплаб соҳаларда ютуқларга эришди. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг стратегик тараққиёт йўли мамлакатингизни ривожланаётган давлатлар қаторига олиб чиқмоқда. Муҳими, ушбу эзгу интилишлар минтақада яқин қўшничилик ва дўстлик алоқалари мустаҳкамланишига, тинчлик ва барқарорлик ҳукм суришига муносиб замин яратмоқда. Бугунги ташрифимдан кўзланган мақсад ҳам ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабатларимизни янада тараққий топтириш ва Ўзбекистоннинг кадрлар тайёрлаш борасидаги илғор тажрибаларини ўрганишдир.

 Шу куни ИИВ Академияси ҳамда Арманистон Респуб­ликаси Полиция таълими комплекси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда ўзаро тажриба алмашиш, таълим жараёнига замонавий инновацион технологияларни жорий этиш, профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар алмашиш, илмий йўналишда алоқаларни йўлга қўйиш, биргаликда ўқув ва илмий адабиётлар тайёрлаш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Шундан сўнг меҳмонлар Академиянинг таълим-тарбия жараёни билан яқиндан танишдилар. Миллий анъаналаримиз ҳамда замон руҳини ўзида мужассам этган Маънавият ва маърифат маркази, Ахборот-ресурс маркази, таълим муассасаси тарихидан сўзловчи музей ва бошқа бунёдкорлик иншоотлари делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди. Айтиш жоизки, шинам маъруза заллари, амалий машғулот хоналари, спорт мажмуаларида яратилган шарт-шароитлар меҳмонларнинг эътирофига сазовор бўлди.

Ўз мухбиримиз.