Бола ҳуқуқлари – эътиборда

  • 21:12
  • 07,12-2019
  • 487
  • Улашинг

ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи, полковник Бахтиёр Бердиалиев БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси вакиллари Фурқат Лутфуллоев, Аршак Гаспарян ва Сафиназ Ахаева билан учрашди.

Шу ўринда айтиш жоизки, ЮНИСEФ 1994 йилдан бери юртимизда олиб бораётган фаолияти доирасида болаларнинг ғамхўр ва дўстона жамиятда вояга етиши, ривожланишини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Ўзининг ҳамкорлик дастурлари доирасида ЮНИСEФ ҳукуматимизга жойларда болалар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш, оилавий аҳволини яхшилаш каби соҳаларда ёрдам бериб келмоқда. Шунингдек, мазкур соҳаларда парламент, фуқаролик жамияти ташкилотлари, қишлоқ аҳолиси, ёшлар, ОАВ ҳамда икки ва кўп томонлама ҳамкорлар билан ҳам яқиндан ишлаб келмоқда.

Учрашувда ИИВ ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида 2020–2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дас­тури юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Шунинг­дек, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси чора-тадбирларини амалга оширишнинг янги механизмларини жорий этиш, мазкур йўналишда халқаро тажрибалар борасида ахборот алмашиш, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиб, ходимлар малакасини ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда вояга етмаганлар ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда таклиф этилган барча масалалар юзасидан жорий йилнинг 15 декабригача аниқ лойиҳалар билан кенгайтирилган йиғилиш ўтказишга келишиб олинди.

Шерзод АБДУСАМАДОВ.

Абу КЕНЖАЕВ олган суратлар.