Ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик Пекин форумининг асосий мақсади бўлди

  • 01:11
  • 23,11-2019
  • 595
  • Улашинг

Жорий йилнинг 10–15 ноябрь кунлари Пекин шаҳрида ХI Халқаро полиция форуми бўлиб ўтди. Ўттизга яқин олий таълим муассасалари иштирок этган анжуман кибержиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига бағишланди.

Анжуман кунлари доирасида ХХР Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда Ўзбекис­тон Республикаси ИИВ Академияси делегация­ларининг учрашуви бўлиб ўтди. Университет президенти Цао Шицюань мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар кўплаб соҳаларда жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан эътироф этди. Ўз навбатида, делегациямиз раҳбари Баҳодир Матлюбов самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, таълим соҳасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун мутахассислар тайёрлашда ижобий тенденцияларни намоён этаётганини таъкидлади.

 – Таълим муассасаларимиз ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми ўқув жараёнига илғор таж­рибаларни татбиқ этиш имконини бермоқда, – деди Б. Матлюбов. – Дунёнинг аксарият минтақаларида хавфсизлик ва барқарорлик масалалари глобал тус олаётган шароитда бу йўналишдаги алоқаларни янада кенгайтиришдан барчамиз манфаатдормиз.

Форумнинг иккинчи куни ҳам ишчанлик руҳида ўтди. Россия Федерацияси, Буюк Британия, Лаос, Корея Рес­публикаси ҳамда Иордания давлатлари вакилларининг маърузаларидан сўнг форумга аъзо мамлакатлар делегациялари ўртасида муҳим учрашувлар ташкил этилди. ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов ҳамда ХХР Жамоат хавфсизлиги университети президентининг биринчи ўринбосари Си Янли хоним, Эрон Ислом Республикаси Амин полиция университети президенти, фалсафа фанлари доктори, генерал Лутфали Бахтиёрий ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бунда халқаро терроризм, экстремизм ва гиёҳвандликка қарши курашиш ҳамда минтақалараро хавфсизликни таъминлашда тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида Полиция таълими соҳасида халқаро ҳамкорлик форумининг биринчи сессияси ўз ишини бошлади. Сессияда халқаро форумнинг 2020–2022 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури ло­йиҳаси, умумий мақсадлари, асосий принциплари ва йўналишлари, амалга оширилиши кўзда тутилган чора-тадбирлар режаси, тузилманинг махсус эмблемаси ва низомини тасдиқлаш каби масалалар кўриб чиқилди. Муҳокамалардан сўнг полиция таълими соҳасида халқаро ҳамкорлик форумининг низоми ва махсус эмблемаси бир овоздан маъқулланди. Шу куни маслаҳатлашув тамойили асосида форум президентилигига ХХР Жамоат хавфсизлиги университети президенти Цао Шицюань, вице-президент лавозимига эса ИИВ Академияси бош­лиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов сайланди.

Нуфузли анжуманнинг учинчи кунида Вьетнам, Яман, Иордания, Италия, Таиланд, Индонезия, Сербия, Венгрия ҳамда Ўзбекистон делегация­лари маъруза қилишди. Сўзга чиққан ИИВ Академияси бош­лиғи, генерал-лейтенант
Б. Матлюбов анжуман иштирокчилари эътиборини гиёҳ­вандлик моддалари ноқонуний савдосининг олдини олишда Ўзбекистон тажрибаси, бу борада ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш жараёни ҳақида тўхталиб, Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний савдосига қарши кескин кураш олиб борилаётганини таъкидлади.

Мухтасар айтганда, ХI Халқаро полиция форуми давомида кибержиноятчиликка қарши курашишга қаратилган қатор муҳим таклиф ва тавсиялар, халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари ўртага ташланди, устувор стратегик вазифалар белгилаб олинди.

 

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.

Тошкент – Пекин – Тошкент.