Ҳиндистон Ички ишлар вазирлиги

  • 00:11
  • 23,11-2019
  • 703
  • Улашинг

Ҳиндистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш масаласи бир қатор давлат идоралари томонидан амалга оширилади. Фаолияти Ҳиндистон марказий ҳукумати томонидан мувофиқлаштирилган мазкур тузилмалар зиммасига мамлакатда ички хавфсизликни таъминлаш ва давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш вазифаси юклатилган.

Ҳиндистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти Марказий муассасалар ва Давлат полицияси томонидан амалга оширилади. Марказий муассасалар Ички ишлар вазирлиги, Марказий қуролли полиция кучлари, Марказий тергов ва разведка органлари, Марказий суд-экспертизасидан иборат. Ўз навбатида, уларнинг ҳар бири фаолият йўналишидан келиб чиқиб, турли бўлимларни ўз ичига олади.

Давлат полицияси Жиноят қидирув бўлими, Полиция комиссариати, Йўл ҳаракати полицияси ва Давлат қуролли полиция кучларидан ташкил топган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг аксарияти Ҳиндистон Ички ишлар вазирлиги таркибига киради. Ички ишлар вазирлиги Ҳиндистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан боғлиқ асосий масалаларни, жумладан, давлат хизматларини кадрлар билан таъминлаш тартиби, ички чегараларни белгилаш ва бирлашган ҳудудларни бош­қариш масалаларини кўриб чиқади.

Полиция Ҳиндистонда жуда катта аҳамиятга эга вазифаларни бажаради. Жумладан, фуқаролар ҳаёти, хавфсизлиги ва эркинлиги ҳамда жамиятнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун энг муҳим бўлган омил – тинчликни сақлаш полиция зиммасига юклатилган.

Ҳиндистон полицияси мамлакатда жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактикаси ишларини, жумладан, коррупция, ноқонуний қурол савдоси, болалар ва аёллар ўғирланиши ҳамда номусга тегиш жиноятларининг, оила бузилишлари, болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши ва вояга етмаганлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, наркотик моддалар савдосини тўхтатиш, тақиқланган ҳайвонларни овлаш, фоҳишабозлик ва одам савдосига қарши курашиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, болаларни таълим олишга жалб қилиш, мактаб ёшидаги болалар соғлиғини назорат қилиш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби ишларни амалга оширади. Жиноятларнинг олдини олишга қаратилган давра суҳбатлари, йиғилишлар ва семинарлар ташкиллаштириш, жойларда мунтазам равишда жиноятчиликнинг салбий оқибатлари тўғрисида аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилади.

Ҳиндистонда аҳоли сонининг жадал суръатлар билан ўсиб бораётгани ва урбанизация жараёнининг ривожланаётгани мамлакатда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга янада кўпроқ эътибор талаб қилмоқда.

Ҳозирги кунда Ҳиндистон жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича полиция томонидан жамоат жойларида узлуксиз соқчилик хизматларини ташкил этиш, кузатув камералари билан жиҳозлаш, метро ва темир йўл вокзалларига ҳамда бошқа жамоат жойларига юқори сифатли IRM (RM) металл детекторларни ўрнатиш каби ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Ҳиндис­тонда жиноятчиликда айбдор деб топилган ва қидирувдаги шахсларни аниқлашга мўлжалланган «Face Recognition» технологияларидан фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича ҳам саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Тезкор қидирув ва суд-экспертиза фаолияти ривожланган технология воситалари ёрдамида аниқ маълумотларга асосан олиб борилади. Бу жараёнга компьютер технологиялари, уяли алоқа воситалари, ўзаро боғланган кузатув камералари ҳамда биографик маълумотлар базалари фаол жалб қилинган.

Компьютерлар ва уяли алоқа воситалари учун яратилган, оммавий қўллаш имкониятини берадиган «Сунъий онг» (Artificial Intelligence) дастурий таъминот тизимлари («Staque Technologies», «Smart Glass», «Artificial intelligence Based Human Efface Detection» (ABHED) Ҳиндистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Ҳайдаробод, Ражастан, Хар­яна, Уттаракханд ва бошқа кўплаб штатларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва қидирувдаги шахсларни қўлга олиш тадбирларида қўлланилмоқда.

Ҳиндистон жиноятчиликка қарши курашиш ва суд-тергов жараёнларида жиноятларнинг келиб чиқиш омиллари ва сабабларини ўрганишга катта аҳамият қаратади. Криминалистик психология Ҳиндистонда суд-тергов жараёнига киритилаётган янги йўналиш ҳисобланади. Ҳозирги кунда ушбу йўналиш бўйича кадрларни тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

ОАВ маълумотлари

асосида тайёрланди.