Ҳамкорлик янада мустаҳкамланади

  • 09:11
  • 06,11-2019
  • 119
  • Улашинг

Яқинда ИИВ Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари етакчилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг бир гуруҳ тингловчилари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

«Ички ишлар вазирлиги тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш масалалари» мавзуидаги тадбирни ИИВ Кадрлар бош бошқармаси Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи етакчилар кенгаши раиси, катта лейтенант Улуғбек Омонов очиб, уни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад жамиятимиздаги уюшмаган ёшлар билан ишлашни янада такомиллаштириш ҳамда улар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг олдини олишдан иборат эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг сўзга чиққан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг ўта муҳим ишлар бўйича инспектори, капитан Отабек Валихонов вояга етмаганлар ва ёшлар томонидан содир қилинган жиноятларни тергов қилиш усуллари ва ўзига хос хусусиятлари ҳамда ушбу соҳадаги қонунчиликка киритилаётган ўзгаришлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.

Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида республикамизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида сўз юритган ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бош­қармаси катта инспектори, майор Камолиддин Ҳусанов келажагимиз эгалари бўлмиш ёшлар ўртасидаги жиноятчиликлар сони ўтган йилнинг 9 ойига нисбатан кескин камайган бўлса-да, аммо ўқувчилар иштирокидаги жиноятларнинг сони ошиб бораётганлиги ачинарли ҳолат деди.

Бу эса эндиликда профилактик ишларни янада кучайтиришни тақозо этади. Шунингдек, тарбияси оғир ва қаровсиз қолган ёшлар билан ишлаш масаласида юзага келаётган муаммолар ҳам муҳокама этилди.

ИИВ Қоровул қўшинлари бош бошқармаси катта офицери, подполковник Акром Алимов юртимиз ёшларини она Ватанга меҳр-муҳаб­бат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий хизматга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида кўплаб учрашув ва суҳбатлар, «Очиқ эшиклар куни» тадбирлари ўтказиб келинаётганини мамнуният ила тилга олди. Шу билан бирга, ҳарбий хизматни ўтаётган ёшларга давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шароит ва имтиёзларга ҳам урғу берди.

Ўзаро самимий мулоқот тарзида ўтган тадбир давомида иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар атрофлича жавоб қайтаришди.

Тадбир якунида сўз олган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бош­қаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг бўлим бошлиғи Сарвар Саидов келгусида бундай ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида ўзининг таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Барчада катта таассурот қолдирган ушбу тадбир доирасида иштирокчилар Ички ишлар органлари тарихи музейи экспонатлари билан ҳам яқиндан танишиб, ўзлари учун қизиқарли бўлган маълумотларни билиб олишди.

 

Михли САФАРОВ,

«Postda» мухбири.

Содиқ ҲАКИМОВ олган суратлар.