Хавфсизлик узвий ҳамкорликни талаб қилади

  • 11:09
  • 25,09-2019
  • 298
  • Улашинг

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов мамлакатимизда бўлиб турган Ҳиндистон Республикаси Бош вазирининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Панкаж Саран бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Вазир мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Ҳиндистон алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалишини, айниқса, меъморчилик ва санъатда икки халқни бирлаштирадиган жиҳатлар кўплигини таъкидлади. Сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришда 2011 йилда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётганини қайд этди. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг 2015 йил апрель ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи икки мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги тарихан шаклланган дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлади. Ташриф доирасида кўплаб ҳужжатлар қатори Маданий ҳамкорлик дастури ва Туризм бўйича ҳамкорлик битими имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йилнинг 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари Ҳиндистонга ташрифи мамлакатларимиз тарихида янги саҳифани очиб берди. Ташриф якуни бўйича Президентимиз қарори билан «Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг 2018–2020 йилларга мўлжалланган стратегик ҳамкорликни ривожлантириш дастури» ишлаб чиқилди.

Генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов меҳмонларга вазирлик тузилмаси, функция ва вазифалари, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида қўлга киритилган натижалар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди. Ислоҳотларда асосий эътибор жиноятлар оқибати билан курашиш эмас, балки ҳуқуқбузарликларнинг олдини барвақт олиш, жиноятчилик омилларини аниқлашга қаратилаётганини таъкидлади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йил якунига қадар Ўзбекистон Республикаси ИИВ делегациясининг Ҳиндистонга ташрифи, мазкур давлат Ички ишлар вазири Амит Шах билан учрашуви режалаштирилган. Ўзбе­кистон Республикаси Ички ишлар вазири бу учрашув икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишини, энг асосийси, икки вазирлик ўртасида трансмиллий жиноятчилик ҳамда терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги битим имзоланиши кутилаётганини алоҳида таъкидлади.

– Трансмиллий жиноятчилик, терроризм ва экстремизм давлат, миллат танламайди, – деди П. Бобожонов. – Ҳозирги кунга қадар вазирликларимиз ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи халқаро ҳужжатнинг йўқлигини инобатга олсак, имзоланажак ушбу битимнинг аҳамияти катта бўлишига аминман.

Ўз навбатида, Панкаж Саран самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ўртасидаги алоқалар йил сайин ривожланиб бораётганини, айни пайтда Ўзбекистонда ҳиндис­тонлик ишбилармонлар томонидан кўплаб қўшма корхоналар фаолият кўрсатаётганини мамнуният билан таъкидлади. Хусусан, тобора янги босқичга чиқаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамкорлигидан томонлар бирдек манфаатдор эканлигини, жиноятчилик камайиши, терроризм ва экстремизмнинг таг томири билан йўқолиши икки халққа ҳам фаровонлик олиб келишини қайд этиб ўтди.

Учрашув давомида Панкаж Саран ўз давлатидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари функцияси, таркибий тузилиши, вазифалари ҳақида батафсил маълумот берди. Республика ва штатларда жиноятчиликнинг олдини олиш, миллий хавфсизликни таъминлашда қандай омилларга асосий эътибор берилишини айтиб ўтди. Ҳиндистонда худди Ўзбекистондаги каби, тарихий шаҳарлар, сайёҳларни ўзига жалб қиладиган обидалар кўплигини таъкидлаб, давлат туризмдан яхши даромад кўришини алоҳида қайд этди. Ўзбекистонда ҳам туризм яхши ривож­ланаётганини, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш йўлида кўплаб ишлар қилинаётганини эътиборга молик ҳол сифатида баҳолади.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди. Алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш, хусусан, ички ишлар вазирликларининг жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан ўзаро тажриба алмашишини йўлга қўйиш, кадрлар малакасини ошириш, Ўзбекистон ИИВ Академияси ва Ҳиндистон Миллий полиция академияси ўртасида ҳамкорликни ўрнатиш борасида бир қанча таклифлар илгари сурилди.

Учрашувда Ҳиндистоннинг Ўзбе­кистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сантош Жа иштирок этди.

Шу куни Панкаж Саран бошчилигидаги делегация пойтахтимизнинг Юнус­обод туманида фаолият кўрсатаётган 7-сонли ички ишлар бўлимини бориб кўрди. Бу ерда аҳолига ва ходимларга яратилган шарт-шароитлар, жиноятчиликнинг олдини олиш, осойишталикни таъминлашда қўлланилаётган инновацион технологиялар билан танишишди.

 

Фозилжон МАМАШАРИПОВ,

«Postda» мухбири.

Абу КЕНЖАЕВ олган сурат.