Йўл ҳаракати хавфсизлиги – дунё аҳамиятига молик масала

  • 10:09
  • 24,09-2019
  • 413
  • Улашинг

БМТ Бош котибининг ўринбосари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича махсус вакил Жан Тодт бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси ИИВга расмий ташриф буюрди. Меҳмонларни Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Муҳиддин Жўраев қабул қилди.

Тадбирда ИИВ ва БМТ ўртасидаги хавфсизлик, жумладан, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидлаб ўтилди.

Юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар жараёнида йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласига ҳам катта эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 июлдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ушбу соҳага оид муҳим ҳужжатлардан биридир. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳукумат томонидан 2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси тасдиқланиб, уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

Мазкур ҳужжатда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид бир қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Республика йўлларида автомобиллар сонининг йилдан-йилга ортиб бораётгани хавфсизлик муаммоларини ҳал этиш бўйича янги, янада кенг ва самарали ёндашувни талаб этади. Ўзаро мулоқот чоғида таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикасида йўллардаги хавфсизлик устидан назоратни ИИВ ЙҲХББ іуйи бґІинлари ходимлари амалга оширади, улар барча йўл ҳаракати иштирокчилари белгиланган қоидаларга қатъий амал қилишини таъминлайди. Шунингдек, бу йўналишда йўллар, шароит ва йўл белгиларининг сифатига, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида олиб бориладиган фаол тарғибот ишларига катта эътибор қаратилади. Осойишталик посбонларининг мамлакат миқёсида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари натижасида йўл-транспорт ҳодисалари, уларнинг оқибатида келиб чиққан ўлим ва жароҳатланиш ҳолатлари сезиларли даражада камайди. Мазкур йўналишдаги ишлар давом эттирилиб, янада такомиллаштирилмоқда.       

Ишчан мулоқот чоғида йўллардаги вазият дунё миқёсида давлат аҳамиятига молик ўта муҳим масала ҳисобланиши, Ўзбекистонда унга катта эътибор қаратилаётгани эса қувонарли ҳол экани таъкидланди.

Жорий йилда Тошкент шаҳри биринчи марта дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакати иштирок этадиган ва ҳар йили 16–22 сентябрь кунлари ўтказиладиган Европа мобил ҳафталигининг расмий иштирокчисига айланди. Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида пойтахт ҳокимияти мазкур ҳафталик доирасида Тошкентда ўтадиган тадбирларнинг ташаббускори бўлди.

Ушбу тадбирлар, аввало, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва ҳаракатланишнинг турли усулларини оммалаштириш орқали ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган. Шаҳарда ҳаракатланиш, хавфсизлик, пиёдалар, велосипедчи ва ҳайдовчилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат масалаларига бағишланган маҳорат дарслари, кичик танловлар ўтказиш акция асосини ташкил этади. 

Шу йили Европа мобил ҳафталигига дунё бўйича 2450 дан зиёд шаҳарлар қўшилди. Шу ўринда 2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясида ҳафтанинг ҳар жума куни Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни ва ойда бир маротаба «Автомобилсиз кун» акциясини ўтказиш назарда тутилганини таъкидлаб ўтиш ўринлидир. 

Самимий мулоқот чоғида бошқа долзарб масалалар ҳам муҳокама этилди.

Георгий ПЕТРОСЯН.

Абу КЕНЖАЕВ олган сурат.