Ишлари ҳам, одамлари ҳам ибратга лойиқ

  • 17:09
  • 13,09-2019
  • 343
  • Улашинг

Чиноз туманидаги Тонг юлдузи маҳалласи Қозоғистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Бу ерда ўзбек, тожик ва қозоқ миллатига мансуб аҳоли алоҳида-алоҳида қишлоқ бўлиб яшашади.

Ҳукуматимизнинг «Обод қишлоқ» дастурига кўра, ўтган йили маҳалла юз фоиз янгиланиб, одамларга барча қулайликлар яратилди. Айниқса, маҳаллада «Ўзбек – Тожик – Қозоқ» миллий маданият маркази қурилиб, фойдаланишга топширилгани турли тилда гаплашувчи фуқароларни бир-бирига янада яқинлаштириш баробарида, миллий ҳунармандчилик, анъана ва урф-одатларни биргаликда ривожлантириш имконини берди.

Профилактика инспектори, лейтенант Азамат Полвонов ҳамда маҳалла оқсоқоли Мутал Умаровнинг мустаҳкам ҳамкорлиги нафақат ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олмоқда, балки учала қишлоқда истиқомат қилаётган ёшлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаяпти. Бунда ўтказилаётган турли спорт тадбирлари муҳим ўрин тутмоқда. Яқинда мазкур миллий маданият марказида профилактика инспектори ҳамда оқсоқолнинг ташаббуси билан кўпкураш ва каратэ бўйича 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида мусобақа ташкил этилди.

Эътиборлиси шуки, 30 нафардан ортиқ иштирокчининг барчасига ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркор ва ишбилармонлар томонидан совғалар топширилди.

Абдусами ҲАҚБЕРДИЕВ.

Тошкент вилояти.