Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирлиги

  • 11:08
  • 05,08-2019
  • 463
  • Улашинг

Беларусь Республикаси ИИВ ички ишлар органлари ҳамда Ички қўшинлар тизимига раҳбарлик қилувчи республика давлат бошқаруви органи ҳисобланади. Вазирлик ўз ваколатлари доирасида жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш жабҳасида тартибга солиш ва бошқарувни амалга оширади ҳамда бу соҳада бошқа давлат бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштиради.

Беларусь Республикаси ички ишлар органлари – «Беларусь Республикаси ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига асосан уларга юкланган вазифаларга мувофиқ тарзда жамоат хавфсизлигини таъминловчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳисобланади. Ички ишлар органлари мамлакат миллий хавфсизлигини таъминлаш тизимининг таркибий қисмидир.

Беларусь Республикаси милицияси – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органи бўлиб, криминал милиция, жамоат хавфсизлиги милицияси ва Ички ишлар вазири қарори бўйича муайян вазифаларни (агар Беларусь Республикаси Президенти томонидан бош­қача тартиб белгиланмаган бўлса) бажариш учун ташкил этиладиган бошқа бўлинмалардан иборат.

Ҳар йили 4 март Беларусь Республикаси милицияси куни сифатида нишонланади.

«Беларусь Республикаси ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига мувофиқ, ички ишлар органларининг умумий штатлар сони Беларусь Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

2019 йил 11 июнь куни милиция генерал-майори Юрий Караев Беларусь Республикаси Ички ишлар вазири этиб тайинланди. Ю. Караев илгари Беларусь Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Ички қўшинлар қўмондони лавозимида фаолият юритган эди.

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ю. Караевни Ички ишлар вазири лавозимига тайинларкан, вазир халқ билан яқин мулоқотда бўлиши, юзага келаётган муаммоларни шахсан ўзи бевосита ўрганиб чиқиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Ю. Караевнинг фикрича, ички ишлар органлари ишида инсонлар билан муносиб тарзда муомала қилиш жуда муҳим. Раҳбарлар эса шахсий таркибнинг фаолияти учун тегишли шароитларни яратиб бериши, ўз жамоаларида соғлом муҳитни шакллантириши лозим. «Айнан раҳбар қарор қабул қилади ва унга жавобгар ҳисобланади. Ҳар биримиз хизмат фаолиятимиз давомида бизнинг вазифамиз фуқароларни жазолаш эмас, уларни ҳимоя қилишдан иборат эканини унутмаслигимиз ва тушунишимиз лозим», дей­ди у.

Мамлакатда ички ишлар органлари бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида ИИВ Штаби ташкил этилган бўлиб, у бевосита Ички ишлар вазирига бўйсунади.

Беларусь Республикаси ИИВ Штаби доимий тарзда ички ишлар органлари фаолияти юзасидан жамоат фикрини ўрганади. Аҳоли ўртасидаги сўровлар у ёки бу ҳудуддаги криминоген ҳолатни аниқлаш мақсадида ўтказилади. Аҳолининг ишонч даражаси ички ишлар органлари ходимлари фаолиятининг муҳим кўрсаткичларидан бири саналади. Агар у 27 фоиздан кам бўлса (башарти сўровда иштирок этганларнинг тўрттадан учтаси салбий фикр билдирса), ҳатто ички ишлар органи раҳбариятини ўзгартиришгача бўлган энг қатъий чоралар кўрилади. Сўнгги сўровларга кўра, мамлакатнинг ҳар бешта фуқаросидан тўрттаси ўз турар жойи кўчаларида, ўнтадан тўққизтаси ўз хонадонида ўзини тўла хавфсизликда сезишини билдирган.

Беларусь Республикаси ИИВ раҳбарияти одамлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишга алоҳида аҳамият қаратади. Фуқароларда юзага келадиган ўта мураккаб масалаларни ҳал этиш учун шахсий қабуллар ўтказилади. Республика босма нашрлари таҳририятларида милиция идораси вакиллари билан мунтазам равишда бевосита мулоқотлар ташкил этилади. Замонавий технологияларнинг ривожланганлиги туфайли беларусь ҳамкасбларимиз – ИИБ раҳбарияти ва бош­қарма бошлиқлари вилоят, шаҳар электрон ва босма ОАВ вакиллари иштирокида онлайн-видеоанжуманлар ўтказиш ҳамда ижтимоий тармоқлар воситасида, реал вақт режимида фуқароларнинг саволларига жавоб бериш имкониятига эга.

Беларусь Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятни такомиллаштириш жараёни узлуксиз давом этмоқда. Бунда жаҳоннинг энг илғор тажрибалари ва техник ишланмалардан фойланилмоқда. Сўнгги беш йил давомида, аввало, инсон ҳаёти ва саломатлигига қарши йўналтирилган жиноятларни камайтириш динамикаси сақланиб турибди.

Ички ишлар органларининг асосий саъй-ҳаракатлари жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш жараёнини, вазирлик кадрлар сиёсатини янада такомиллаштиришга, шунингдек, жиноятларни аниқлаш, жиноят ишларини тергов қилишнинг янги шакл ва усулларини қўллашга қаратилган.

Лейтенант Азиза БОҲОДИРОВА тайёрлади.