Фидойи ходимлар рағбатлантирилди

  • 17:07
  • 30,07-2019
  • 614
  • Улашинг

Мамлакатимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш ҳар доим ҳам долзарб вазифа ҳисобланган. Бу эса халқимизнинг энг бебаҳо бойлиги – тинчлик-осойишталикни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари – Чегара қўшинлари қўмондонининг қўрсатмасига асосан, шарқий операцион йўналишда жойлашган чегара олди аҳоли пунктларида профилактик тадбирлар ўтказилди. Унда наркотрафик, контрабанда, жиноятчилик, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, унинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Фарғона вилояти ИИБ, Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси, Давлат божхона бошқармаси ходимлари, Чегара қўшинлари ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, шунингдек, жойлардаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришди.

Тадбир давомида паспорт тартиботи текширилди, профилактик суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, 2 нафар қидирувда юрган шахс ушланди,  6 та гиёҳванд воситалар билан боғлиқ ҳолат, 4 та давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш ҳамда 6 та товар-моддий бойликларини ноқонуний ўтказиш ҳолати аниқланди.

Мазкур тадбирларда ўзининг юксак касб маҳоратини намоён этиб, белгиланган вазифаларни шараф билан адо этган бир гуруҳ ходимлар, ҳарбий хизматчилар ва маҳалла фаоллари вилоят ИИБ маънавият ва маърифат залида ўтказилган тақдирлаш маросимида Чегара қўшинлари қўмондонлигининг қимматбаҳо совғалари ва эсдалик қўл соатлари билан мукофотланди. Тақдирларганлар орасида Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасининг бир гуруҳ фидойи ходимлари ҳам бор.

– Мен хизмат олиб борадиган маҳалла чегара ҳудудида жойлашган, – дейди Ўзбекистон тумани ИИБ профилактика инспектори, майор Мирзоҳид Мамадалиев. – Шу боис масъулиятимиз икки ҳисса юқори. Бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳалла фаоллари билан ҳамжиҳатликда иш олиб боряпмиз. Ҳамкорлигимиз ўзининг ижобий самарасини бериб, ҳудудимизда салбий ҳолатлар рўй бергани йўқ. Бугунги мукофот эса мени ва сафдошларимни руҳлантириб юборди. Билдирилган юксак ишончни оқлаб, янада фидойилик билан хизмат қиламиз.

Искандар ҚЎЛДОШЕВ,

майор.

Абдувосит СИДИҚОВ,

«Postda» мухбири.