Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар жиноятдан холи муҳит яратишга қаратилган

  • 10:07
  • 17,07-2019
  • 527
  • Улашинг

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В. Маҳмудов ва Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант  П. Бобожоновнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига ташрифи амалга оширилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда миллий ғурур туйғусини шакллантириш, ёш авлодни жисмонан соғлом ва маънан етук, фидойи, жасур ва матонатли этиб камол топтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июндаги қарори бу борадаги ишларни янада ривожлантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Қарорга кўра, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия таркибида янги «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилиши белгиланди.

Ташриф давомида Қорақалпоғис­тон Республикасининг Нукус шаҳрида жойлашган Ички ишлар вазирлиги таркибидаги «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи биносини капитал таъмирлаш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳалар билан танишилди. Бинонинг умумий қиёфасини яратишда маҳаллий иқлим шароитларини ҳисобга олиш ҳамда миллийлик жиҳатларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Шу билан бирга, саф майдонига соҳибқирон Амир Темур бюстини ўрнатиш, замонавий ахборот-ресурс маркази ва кутубхона ташкил қилиш, ўқувчилар томонидан мунтазам равишда бадиий ва илмий-оммабоп адабиётларни ўқиш тизимини ишлаб чиқиш, шунингдек, ўқувчиларда мусиқа, тасвирий санъат, адабиёт, театр ва бошқа санъат турларига қизиқишни кучайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди. Ўқувчиларга таълим олиш ва яшаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш зарурлиги таъкидланиб, бу борада масъулларга аниқ вазифалар топширилди.

Таълим муассасаси ҳудудида автотранспорт воситаларини амалий бошқаришни ўрганиш бўйича ўқув-тренажёр хонаси ва автодром майдончаси, шунингдек, хизмат итлари билан ишлаш майдончаларини ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Бундан ташқари, лицейга ажратилган мавжуд штат бирликларини танлов асосида тажрибали, илмий салоҳиятга эга бўлган ўқитувчи ва мутахассислар билан сифатли жамлаш зарурлиги айтиб ўтилди.

Меҳмонлар Шимоли-ғарбий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмда ҳам бўлиб, ихтисос­лаштирилган ўқув курсларининг бориши билан яқиндан танишишди ва ходимлар билан суҳбатлашди.

Маълумки, давлатимиз раҳ­барининг 2018 йил 4 декабрдаги фармойиши асосида жорий йилнинг январь ойидан бошлаб ҳамкорликдаги ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари ташкил этиб келинмоқда. Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ИИВнинг жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи соҳавий хизматлари ходимлари билан тўққизта ўқув йиғини ўтказилди. Ўқув йиғинлари давомида ходимлар куннинг иккинчи ярмида Нукус шаҳар ҳудудида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ва Миллий гвардиянинг «Шимоли-ғарбий тактик гуруҳи» ҳарбий хизматчилари билан биргаликда 325 та йўналишда жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилиши йўлга қўйилган бўлиб, ҳамкорликда олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудларда жиноятчилик 41 фоизга камайишига эришилган.

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВда янги ташкил этилган вазиятлар маркази ҳам ташриф иштирокчиларида қизиқиш уйғотди. Бу марказдан туриб Нукус шаҳрининг майдон ва хиёбонлари, истироҳат боғлари, кўнгилочар масканлари, бозор ва бекатларга ўрнатилган 255 та видео­кузатув камераси орқали кузатувни амалга ошириш имкони яратилган. Шундан 10 та интеллектуал видеокузатув камераси орқали қидирувдаги шахсларни таниб олиш мумкин бўлса, 40 та камера орқали автоуловларнинг давлат рақам белгиларини текшириш ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганларини аниқлаш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, ўнта масканга ўрнатилган SOS ташвиш тугмалари орқали фуқаролар турли мурожаатлар бўйича тезкор навбатчи билан бевосита боғланиши йўлга қўйилган. Бу эса, аввало, фуқароларнинг мурожаатларига тезкорлик билан муносабат билдиришни таъминлаб, уларга амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга, жиноят ёки ҳодиса ҳақидаги хабарлар юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширишни ҳам таъминлайди.

Ташриф иштирокчилари Миллий гвардия махсус батальонининг янги шаҳарчаси, Мудофаа ишлари бошқармасига қарашли мутахассислар тайёрлаш маркази, Бердақ номидаги кино-концерт зали, Нукус шаҳрида бунёд этилаётган Президент мактаби ҳамда Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация маркази ҳисобланган «Имкон» мактабгача таълим давлат муассасасида амалга оширилган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар.

 * * *

Хоразм вилоятига амалга оширилган ташриф ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари билан танишувдан бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ва Ички ишлар вазирига Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимликларининг қўшма қарори асосида жорий йилнинг 1 июнь кунидан эътиборан ташкил этилган ихтисослаштирилган ўқув-амалий курсларининг бориши юзасидан ахборот берилди.

Ходимлар билан ўтказилган суҳбат жараёнида ўқув курсларида ходимларнинг чет эл фуқаролари билан дастлабки мулоқотга киришиши учун инглиз тили мутахассисларини жалб этган ҳолда, қўшимча машғулотлар ўтказиш, жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушаётган мурожаатларни ҳал этиш жараёнида айрим вақтларда суд органлари билан боғлиқ бўлган муаммолар юзага келаётганлиги сабабли, судьяларни таклиф қилган ҳолда, ўзаро фикр алмашишларни ташкил этиш бўйича таклифлар билдирди.

Вазир билдирилган барча таклифларни атрофлича ўрганиб чиқиб, мақсадга мувофиқ деб топилганларини келгусида амалиётга жорий этиш юзасидан масъул ходимларга кўрсатмалар берди.

Ташриф давомида Миллий гвардия махсус батальонининг янги шаҳарчаси, Хоразм вилояти Мудофаа ишлари бошқармасига қарашли мутахассислар тайёрлаш марказида амалга оширилаётган қурилиш ишлари ҳам кўздан кечирилди.

Жамиятда жиноятдан холи муҳит яратиш йўлида ҳамкорликда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар келгусида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Хуршид РЎЗИЕВ

майор.