Гиёҳвандлик таҳдидига қарши туриш – муҳим вазифалардан бири

  • 21:06
  • 26,06-2019
  • 560
  • Улашинг

Бугун гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши энг хатарли ва долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Гиёҳфурушлар янги усул ва найрангларни қўллаб, заҳри қотилни сотиш ҳаракатларини давом эттиришмоқда. Улар манфур мақсадларини амалга ошириш йўлида ҳали дунёқараши шаклланмаган, ўзгалар таъсирига тушиб қолишга мойил ёшлар умрига зомин бўлишмоқда.

Ўзбекистонда ушбу иллатга қарши кенг миқёсли кураш олиб борилмоқда. ИИВ ЖҚББ Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Шерзод Набиев ушбу йўналишда белгиланган вазифалар, амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар тўғрисида мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Юртимиз мустақилликка эришганидан буён наркобизнесга қарши курашиш бўйича аниқ ва тизимли чоралар кўрилмоқда. 1995 йилнинг февраль ойида мамлакатимиз БМТнинг Наркотик моддаларни назорат қилишга оид конвенцияларига қўшилди. 1999 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.

Шунингдек, 1994 йилнинг апрелида гиёҳвандлик воситалари устидан назорат қилиш юзасидан давлат сиёсати ва стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга масъул идоралараро орган сифатида Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси ташкил этилди. Давлат комиссия­сининг қарори билан наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича узоқ муддатли комплекс чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланди. Мазкур дастурлар доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, наркология хизмати тизимини модернизация қилиш ва ривожлантириш, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш, гиёҳванд­ликнинг кенг ёйилиши профилактикаси ва шу йўналишдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга оид мақсадли ишлар олиб бориш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳозирги вақтда республиканинг ваколатли органлари томонидан Наркотик моддалар суиистеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича 2016–2020 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури изчил тарзда рўёбга чиқарилмоқда.

Мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари юртимиз ичида, шунингдек, республикамиз орқали олиб ўтиладиган гиёҳванд­лик воситаларининг ноқонуний айланишига йўл очиб берувчи каналларни аниқлаш ва тугатишга ҳамда таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган ўсимликлар етиштирилишининг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратишмоқда. Олиб борилган ташкилий-амалий ва тезкор-профилактик чора-тадбирлар натижасида 2018 йилда
4,7 мингдан зиёд гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар аниқланди, 1170 килограммдан ортиқ гиёҳванд­лик воситалари ноқонуний айрибошлашдан олиб қўйилди.

Ўзбекистон наркотик моддаларнинг тарқалишига қарши курашиш ва гиёҳвандлик воситалари устидан назоратни мустаҳкамлаш соҳасидаги халқаро мажбуриятларни изчил равишда бажараётганини қайд этиб ўтиш жоиз. Халқаро мажбуриятларни бажариш мақсадида 26 июнь – Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни муносабати билан ҳамда Наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси раиси томонидан тасдиқланган Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги доирасида ҳар йили гиёҳвандлик воситаларининг навбатдаги тўпламини йўқ қилиш тадбири ўтказилади.

Республикада жорий этилган амалиётга кўра, гиёҳвандлик воситалари судда ашёвий далил вазифасини ўтаб, ҳукм ўз кучига кирганидан сўнг ваколатли органлар, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида махсус печларда ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилинади. Хусусан, 2018 йил 26 июнь куни рес­публика ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ноқонуний айланишдан мусодара этилган
1,6 тонна гиёҳвандлик воситаларини йўқ қилиш тадбири ўтказилган эди.

Шунингдек, июнь ойида респуб­лика бўйлаб Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш кунига бағишланган тадбирлар ташкил этилишини айтиб ўтиш ўринлидир. Шу кунларда жойларда манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда таниқли маданият ва жамоат арбоблари иштирокида аҳолининг кенг қатлами учун хайрия концертлари ўтказилмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинлари, тиббиёт муассасалари ва кенг жамоатчилик кўмагида учрашувлар, профилактик суҳбатлар ташкил этилмоқда. Рес­публика ИИВ ЖҚББ Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш бошқармаси томонидан наркотик моддалар истеъмолининг аянчли оқибатларини ўзида акс эттирган буклет ва брошюралар тайёрланиб, аҳоли ўртасида тарқатилмоқда.

 

Георгий ПЕТРОСЯН ёзиб олди.