Фаолият негизида – аҳоли билан ҳамкорлик

  • 11:06
  • 03,06-2019
  • 1056
  • Улашинг

Яқинда Гулистон шаҳридаги 4-сонли ички ишлар бўлими янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 26 мингдан зиёд фуқаро истиқомат қиладиган Баҳор, Улуғ йўл, Маънавият ва Маданият маҳаллаларига хизмат кўрсатадиган бўлим тўрт маҳалланинг ўртасида жойлашган.

Бўлимда шахсий таркибнинг самарали фаолият юритиши учун барча зарур ша­роитлар яратилган. Замонавий алоқа ва транспорт воситалари билан таъминланган. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва ёшлар билан ишлаш гуруҳлари, паспорт ва жиноят қидирув хизматлари, навбатчилик қисми, терговчи ва психолог учун алоҳида хоналар мавжуд.

Янги бинонинг очилиши ва профилактика инспекторлари ёрдамчиларига рухсатномалар топширилиши муносабати билан ўтказилган маросимда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Илҳом Қутлимуратов сўзга чиқди. У ўз сўзида сўнгги пайтда ички ишлар органлари бўлинмаларининг моддий-техник базасини мус­таҳкамлаш қаторида тизим ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этди.

– Бу йил 30 нафар ходимимиз янги хонадонга эга бўлди, – деди полковник Илҳом Қутлимуратов. – 221 та маҳаллада профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари иш бошлади. Бу нафақат иш самарадорлигини оширади, балки аҳоли билан яқин муносабатни йўлга қўйишга ҳам хизмат қилади.

Вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ катта инспектори, капитан Бекзод Санаевнинг фикри вилоят ИИБ бошлиғининг сўзларини тасдиқлайди гўё:

– Жорий йилнинг тўрт ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноятчиликнинг умумий миқдори 41,5 фоизга, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар эса 52,2 фоизга камайди. Ўтган йили вилоятдаги 99 та маҳаллада биронта ҳам жиноят қайд этилмаган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич янада яхшиланди:
152 та маҳаллада умуман жиноят содир этилмади.

Гап фақат миқдорий кўрсаткичларда эмас. Зеро, ижобий кўрсаткичлар хотиржамликка берилишга, эътиборни сусайтиришга асос бўла олмайди. Шу боис содир этилган ҳар бир жиноят жойи­да, жамоатчилик вакиллари иштирокида таҳлил этилмоқда. Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг куч ва воситалари жойларда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашга янада фаоллик билан сафарбар қилинмоқда. «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси аъзоларининг шахсий жавобгарлигини ошириш билан бирга, уларни моддий рағбатлантириш ҳам амалга ошириляпти. «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари эндиликда профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларига айланди. Уларга мулоқотга киришувчанлик, ташкилотчилик қобилиятига эга бўлиш, жисмоний тайёргарлик каби талаблар қўйилди.

Гулистон тумани Бахмал маҳалласида истиқомат қилувчи Зулфиқор Аҳмаджонов бу талабларга тўлиқ жавоб беради. Маросимда ўз қобилияти ва хизматга бўлган масъулиятли муносабати билан ажралиб турувчи бошқа ёш ходимлар қатори Зулфиқор ҳам вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг қўлидан профилактика инспекторининг ёрдамчиси рухсатномасини фахр билан қабул қилиб олди.

 

Ғайрат ЭРНАЗАРОВ.

Сирдарё вилояти.

Катта лейтенант
У. НОРМАТОВ
олган сурат.