Икки давлат осойишталик посбонлари ҳамкорлик борасида келишиб олди

  • 11:08
  • 05,08-2019
  • 451
  • Улашинг

Андижонда Ўзбекистон – Қирғизистон идоралараро мувофиқлаштириш ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз номидан Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, полковник Азиз Тошпўлатов, Жиноят қидирув бош бошқармаси бош­лиғи, подполковник Тимур Исмаилов, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси бош­лиғи ўринбосари, полковник Алишер Эргашев, Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бош­лиғи, полковник Шохрух Гиясов ва бошқалар иштирок этди.

Қирғизистон Республикаси ИИВ делегацияси таркибида вазир ўринбосари, милиция полковниги Мирлан Каниметов, Криминал милиция хизмати бошлиғи, милиция полковниги Нурбек Абдиев, Экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш хизмати бошлиғи, милиция полковниги Женишбек Жорабеков, Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш хизмати бошлиғи, милиция полковниги Олег Запольский ва бошқалар ташриф буюрди.

Идоралараро ишчи гуруҳ йиғилишини Ўзбекистон Рес­публикаси ИИВ номидан полковник А. Тошпўлатов ва Қирғизистон Республикаси ИИВ томонидан милиция полковниги М. Каниметов кириш сўзи билан очиб берди.

Йиғилишда терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасида ахборот алмашинувига оид фаолиятнинг ҳолати ва келгуси истиқболи, икки давлат вазирликларининг умумий жиноятчиликка қарши курашиш ва қидирув фаолия­ти, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш бўйича ҳамкорлиги хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, полковник А. Тошпўлатов ва Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, милиция полковниги М. Каниметов томонидан тақдим этилган ахборотлар маълумот учун қабул қилинди. Ўзбекистон ва Қирғизистон ИИВ марказий аппаратлари хизматлари раҳбарларининг тўғридан-тўғри мулоқотини ташкил этиш ва ўтказиш амалиётини жорий этишга келишилди.

Икки давлат ИИВ марказий аппаратлари хизматлари раҳбарларига мунтазам равишда тезкор ахборот алмашинувини амалга ошириш, ўзаро профилактик, тезкор-қидирув ҳамда террористик ва экстремистик жиноятларни содир этишга алоқадор шахс ва ташкилотлар фаолиятини аниқлаш ва тугатиш бўйича махсус тадбирларни ўтказиш, мамалакатлар ҳудудида ҳаракат қилувчи трансмиллий жиноий гуруҳлар мавзусида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, уюшган жиноий гуруҳлар етакчилари ва аъзоларининг ҳаракатланиши устидан тезкор назорат ўрнатиш ҳамда икки давлат чегарасида кириш-чиқиши юзасидан тақиқ ўрнатиш мақсадида улар ҳақидаги маълумотларни алмашиш таклиф этилди.

Шунингдек, Ўзбекис­тон–Қирғизистон идоралараро мувофиқлаштириш ишчи гуруҳининг йиғилиши протоколига суд ва терговдан қочиб юрган шахслар, бедарак йўқолган фуқаролар ва шахси аниқланмаган мурдалар, одам савдоси, ўқотар қурол, автомашина ва гиёҳвандлик воситалари контрабандаси билан шуғулланувчи шахслар ҳақида ахборот алмашинуви, қидирув топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш, жиноятни очиш учун мамлакатлар ҳудудига хизмат сафарига кетаётган ҳар икки томон ички ишлар органлари ходимлари учун дастлабки тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда кўмаклашиш масалалари ҳам киритилди.

Йиғилиш протоколини Ўзбекистон Республикаси ИИВ номидан вазирнинг биринчи ўринбосари, полковник А. Тошпўлатов, Қирғизистон Рес­публикаси ИИВ номидан эса вазир ўринбосари, милиция полковниги М. Каниметов имзолади.

Меҳмонлар Андижон шаҳар ИИОФМБ 6-ички ишлар бўлимида бўлиб, фуқаролар хавфсизлиги ва барқарор жамоат тартибини таъминлаш учун бўлинма фаолиятига жорий этилган инновацион технологиялар билан танишди. Қирғизис­тонлик ҳамкасблар шахсий таркиб билан суҳбатлашиб, «Хавфсиз ҳудуд» концепциясини жорий этиш бўйича тажрибани ўрганишди.

Ташриф якунида меҳмонлар учун Андижоннинг тарихий ва диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди.

 

Борис КЛЕЙМАН.

Андижон вилояти.