Дастлабки келишувга эришилди

  • 17:08
  • 06,08-2019
  • 1792
  • Улашинг

ИИВ Малака ошириш институти раҳбарияти Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчихонасидаги расмий вакили Лю Тунпин билан учрашди. 

Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона муносабатлар янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Хитойдаги турдош таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда уларда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчиларни институтнинг ўқув жараёнига кенг жалб қилиш, келгусидаги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш борасида фикр алмашилди.

Лю Тунпин Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди ва бугунги кунда Ўзбекистонда ушбу тизимда амалга оширилаётган ишларни муносиб баҳолади.

Малака ошириш институти бошлиғи, полковник Н. Норматов мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, институт фаолияти ҳамда ўқув жараёни ҳақида сўзлаб берди.

Дўстона ва самимий руҳда ўтган мулоқот жараёнда томонлар келгусида ХР Жамоат хавфсизлиги вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, институт профессор-ўқитувчиларининг стажировкаларини ташкил этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Учрашув сўнгида Лю Тунпин ўзаро келишувларнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, режалаштирилган тадбирларнинг самарали амалга оширилишида расмий вакил сифатида барча имкониятларни ишга солишини билдирди.

 

ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати.