ҲАМКОРЛИК  ИСТИҚБОЛЛАРИ  БЕЛГИЛАБ  ОЛИНДИ

  • 11:08
  • 13,08-2019
  • 80
  • Улашинг

Жорий йилнинг 8–10 август кунлари Алмати шаҳрида Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлари Кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожонов, Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полиция генерал-лейтенанти Е.Тургумбаев, Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазири милиция генерал-полковниги Р.Рахимзода бошчилигидаги делегациялар ҳамда Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Қозоғистон Республикасидаги вакили милиция полковниги А.Долосбаев иштирок этди.

Йиғилишни Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полиция генерал-лейтенанти Е.Тургумбаев очиб, Қозоғистон ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолияти, қўшни мамлакатлар билан бу борадаги ҳамкорлик алоқалари ҳамда ушбу анжуманнинг моҳияти ва келгусидаги режалар ҳақида гапирди. Шундан сўнг, делегациялар раҳбарлари жиноятчиликка қарши кураш ва содир этилган жиноятларни фош этиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича мажлис иштирокчиларини таништирдилар.

Кун тартибидан Ички ишлар органларининг ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлиги, жиноятчиларни қидириш бўйича ўзаро алоқалар самарадорлигини ошириш, чегара минтақаларида ўзгаларнинг мол-мулкини ўғирлаш билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлари Кенгаши тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳамда Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши ўтказиладиган жой ва вақтни белгилаш каби масалалар ўрин олди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ делегацияси раҳбари, генерал-лейтенант П.Бобожонов ўз сўзида минтақа мамлакатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши курашиш, тезкор ахборот алмашишни фаоллаштириш каби бир қатор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганлигини қайд этди. 

Нисбатан қисқа вақт ичида бир қатор самарали учрашувлар ўтказилиб, тегишли ҳужжатлар имзоланди. Бу эса, томонларнинг ички ишлар бўлинмалари ўртасида яқин ҳамкорликни амалга ошириши учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур мамлакатлар ички ишлар органлари ходимларининг мунтазам равишда ўзаро тажриба алмашиб бораётганлиги эса, чегара ҳудудларида хавфсизликни таъминлаш йўлида ҳамкорликда саъй-ҳаракатларни амалга ошириш, жиноятчиликка қарши кураш ва барқарорликка дахл қилувчи шарт-шароитлар ва сабабларни биргаликда бартараф этиш борасидаги фаолият самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Бунга Ўзбекистон ва Қозоғистон ички ишлар органлари ўртасида Идоралараро мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ тузилганини мисол қилиб келтириш мумкин. Томонларнинг Ички ишлар вазирлари ўринбосарлари раҳбарлигидаги ушбу ишчи гуруҳнинг бир йилда икки маротаба мажлиси ўтказилади. Тожикистонлик ва Қирғизистонлик ҳамкасблар билан бирга ҳам худди шундай идоралараро ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ИИБ, Тошкент вилояти ИИББ билан Жанубий Қозоғистон вилояти Ички ишлар департаменти ўртасида 2018–2019 йилларда жиноятчиликка қарши курашиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича қўшма режа имзоланган.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари мазкур ҳамкорлик алоқалари  ижобий самара бераётганига тўхталиб, келгусида ушбу йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш лозимлигини таъкидлади.

Мажлис якунига кўра, томонлар Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлари Кенгаши тўғрисидаги Низомни, шунингдек тадбирнинг Якуний протоколини имзолашди.

Кенгаш ишчан ва дўстона вазиятда ўтди, меҳмонлар самимий ҳурмат ва кўрсатилган эътибор учун Қозоғистон томонига миннатдорлик билдирдилар.

Ташриф давомида делегацияларга Алмати шаҳар полициясини ислоҳ этиш тажрибаси – «Хавфсиз шаҳар сари 21 қадам» лойиҳаси намойиш этилди. Шунингдек, Ички ишлар вазирликларининг махсус вазифаларни бажарувчи бўлинмалари ходимлари иштирокида ҳамкорликдаги ўқув-услубий йиғинлари ўтказилди.

 

Хуршид РЎЗИЕВ,

майор