Инсоният ва иқтисодиётга хавф солаётган жиноят

  • 10:07
  • 22,07-2019
  • 453
  • Улашинг

Контрафакт маҳсулот ишлаб чиқариш бир қарашда оддий иқтисодий ҳуқуқбузарликдек кўринса-да, уларнинг истеъмоли инсонлар соғлиғи ва ҳаётига, шу билан бирга, давлат ва жамият манфаатларига ҳам хавф солиши та­йин. Бундан иқтисоди ривожланган, ривож­ланаётган ва ҳатто буткул таназзулга юз тутган мамлакатлар ҳам бирдек азият чекмоқда. Контрафакт маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва реализация қилиниши ҳам ишлаб чиқарувчига, ҳам истеъмолчига зарар етказади.

Шу сабабли қонун­бузарликнинг ушбу тури бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти томонидан энг сердаромад ҳисобланган трансмиллий жиноятлар сирасига киради. Унга қарши курашиш эса халқаро миқёсдаги ҳамкорликни талаб этади.

Куни кеча Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган контрафакт маҳсулотларга қарши курашиш ва интеллектуал мулк­ни ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган халқаро ўқув семинаридан кўзланган асосий мақсад ана шундай кенг миқёсдаги муаммолар ва ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишланди.

Жиноят қидирув полиция­сининг халқаро ташкилоти – Интерпол ҳамда АҚШ Патентлар ва савдо маркалари бюросининг ҳамкорликдаги ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда Афғонистон, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Грузия, Қирғизистон, Покис­тон, Тожикистон республикаларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари иштирок этди.

Халқаро анжуманда, шунингдек, Интерпол Марказий котибияти, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ҳамда бир қатор халқаро ташкилотларнинг экспертлари, дунё миқёсида нуфузга эга бўлган йирик ишлаб чиқарувчиларнинг вакиллари Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратураси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Савдо-саноат палатасидан масъул ходимлар қатнашди.

Тадбирда контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш ҳамда интеллектуал мулк ҳуқуқини муҳофаза қилиш жараёнида амалий ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Семинарда контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва тарқалишига қарши курашиш борасида халқаро миқёсда амалга оширилган ишларга тўхталиниб, Интерпол томонидан жиноятчиликнинг ушбу турига қарши мувофиқлаштириб борилган чора-тадбирлар самарадорлиги алоҳида эътироф этилди. «Опсон» операциялари доирасида 100 миллион евродан ошиқ қийматдаги инсон соғлиғи учун зарарли бўлган истеъмол маҳсулотлари мусодара қилингани, турли мамлакатларда
620 нафардан кўпроқ жиноятчилар ҳибсга олингани таъкид­ланди. «Пангея» номи остида халқаро миқёсда ўтказиб келинадиган операцияларда бир неча тонна контрафакт тиббий воситалар аниқланиб, йўқ қилинганлиги минглаб инсонларнинг саломатлиги ва ҳаётига етадиган зарарнинг олди олинганлигини кўрсатиб турибди.

Семинар давомида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ушбу йўналишда қонун бузилиши ҳолатларига қарши курашиш, ўзаро тажриба алмашиш, ходимларнинг билим ва малакасини ошириш бўйича ҳамкорликни янада кучайтиришга ҳамиша тайёр эканлиги таъкидланди.

Шу нуқтаи назардан ушбу ўқув семинари контрафакт маҳсулотларга қарши курашиш, интеллектуал мулк ҳамда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида амалга ошириладиган ишларнинг келгусидаги ривожига хизмат қилади.

Санжар ҚУРБОНМУРОТОВ,

«Postda» мухбири.