Шартли жиноятчилар қўлга олинди

  • 12:11
  • 22,11-2019
  • 633
  • Улашинг

   Айни вақтда Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги кўрсатмаси асосида Жиззах шаҳри хавфсизлигини таъминлаш бўйича тактик ўқув машғулоти бўлиб ўтмоқда. Тадбирда ички ишлар органлари, миллий гвардия ҳудудий ҳарбий қисми, давлат хавфсизлик хизмати, чегара қўшинлари махсус бўлинмалари, ҳокимлик, прокуратура, фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда коммунал корхоналар вакиллари иштирок этмоқда.

   Машғулотнинг биринчи кунида шартли жиноятчилар гуруҳи Жиззах шаҳрига киришга уринаётгани тўғрисида маълумот берилгач, шаҳарга кириш йўллари қўриқловга олиниб, транспорт воситалари ва фуқаролар текширувдан ўтказилди. Бир вақтда машғулот штаби тузилиб, ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди.

   Кейинги куни оммавий тартибсизликларнинг олдини олишга қаратилган амалиёт ўтказилди. Машғулот иштирокчилари портловчи моддаларни зарарсизлантириш, гаровдагиларни озод қилиш, ёнғинларни бартараф этиш, жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш каби бир қатор вазифаларни бажаришлари лозим бўлди. Шунингдек, вилоят Ички ишлар бошқармаси алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходимлари автомашинада бўлган шартли қуролланган жиноятчиларни қўлга олиш жараёнини намойиш қилдилар.

   Ўқув машғулоти давомида ички ишлар, миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, ҳокимлик ва ўзини бошқариш органлари вакилларидан таркиб топган гуруҳлар уйма-уй юриб, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, хусусан, одам савдоси, фирибгарлик каби жиноятларнинг олдини олиш ҳамда ҳушёрликни ошириш бўйича аҳолига тушунчалар бериши кўзда тутилмоқда.

   Бундай амалиётлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, чунончи, ички ишлар органлари ходимларининг жанговар шайлигини ошириш ҳамда бошқа соҳа вакиллари билан биргаликда фаолият олиб боришга доир кўникмаларини бойитишга хизмат қилади.

Алижон АБДУСАТТОРОВ.

«Роstdа.uz”.