Коррупцияга қарши курашиш йўлида бирлашиш керак

  • 17:06
  • 19,06-2019
  • 255
  • Улашинг

Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, коррупция – давлат ва жамият ривожига жиддий тўсиқдир. Бу иллат халқнинг давлатга ишончини пасайтиради, жамиятнинг ахлоқий асосларини емиради, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг чуқурлашишига сабаб бўлади.

«2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг «Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг самарали механизмларини яратиш» номли банди ҳамда 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президентимиз фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ИИВ Академия­сида «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда коррупциянинг олдини олиш ва ходимларда коррупцияга қарши хулқ-атворни шакллантириш: муаммо ва ечимлар» мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуманни ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов очаркан, коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида ўз фикр­мулоҳазаларини билдириб, дунё ҳамжамияти томонидан унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди. Ҳар бир инсон адолатли ва ҳалол бўлиши лозимлигини, бу фазилатлар унинг қилич ва қалқонига айланса, ҳаётда ҳеч қачон, ҳеч кимдан қўрқмаслигини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимизда ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилганлигига, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асос­лари ислоҳ қилинганлигига алоҳида урғу берди.

Анжуман давомида сўзга чиққанлар Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг асосий йўналишлари, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланишини ва коррупциядан тийилишнинг асосий воситаси эканлигини таъкидлашди. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолаётганлигини қайд этишди.

Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасидаги аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш каби вазифалар жойларда тизимли олиб борилмаётганлиги ҳақида ҳам сўз юритилди. Фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқалигина аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий таълими ва тарбияси борасидаги ишларни мунтазам ва узвий олиб бориш мумкинлиги айтилди. Бунда оила, мактабгача таълим, мактаб, маҳалла ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирокини етарлича таъминлаш ва коррупцияга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш кераклиги ҳақида сўз борди.

Конференцияда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига коррупция давлатни ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилишга йўналтирилган давлат бошқаруви жараёнларини беқарорлаштиришини чуқур англатиш, уларда коррупцияга нисбатан нафрат, муросасиз муносабатни қарор топтириш юзасидан амалий аҳамиятга молик таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

– Инсон табиатида учрайдиган худбинлик коррупцияни озиқлантиради, – дейди ИИВ Академияси криминология кафедраси доценти, полковник Шариф Қобилов. – Тадбирда таъкид­ланганидек, унга қарши курашиш йўлида барчамиз бир ёқадан бош чиқаришимиз лозимлигини бугунги кун тақозо қилмоқда. Бу эса барчамизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришимиз, ҳуқуқларимиз таъминланиши, унинг бошқалар томонидан бузилмаслигининг муҳим кафолати бўлиб, жамиятда адолатнинг қарор топишини таъминлайди. Мамлакатимизда шундай маънавий-ахлоқий муҳит яратиш керакки, бунда коррупцияга уятли бир ҳол каби қаралиши лозим.

Илмий-амалий конференция давомида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари томонидан ишлаб чиқилган «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда коррупциянинг олдини олиш ва ходимларда коррупцияга қарши хулқ-атворни шакллантириш» номли ўқув-услубий қўлланманинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

 

                Адолат ФАЙЗИЕВА,

                «Postda» мухбири.

                                                                                              Суҳроб ШОМАНСУРОВ олган суратлар.