Хитойлик профессорнинг эътирофи

  • 12:08
  • 07,08-2019
  • 487
  • Улашинг

Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ўқитувчи ва талабалари учун ИИВ Академиясида ўқув курслари ташкил этилган эди. Навбатдаги семинар-тренинг машғулотлари икки томонлама меморандум доирасида ташкил этилган тадбирларнинг бешинчиси бўлиб, таълим жараёнига замонавий ёндашувларни татбиқ этишга хизмат қилгани билан муҳим аҳамият касб этди.

– Бир ойлик ўқув машғулотлари давомида шунга амин бўлдимки, ҳуқуқ-тартибот органлари учун кадрлар тайёрлашнинг Ўзбекис­тон тажрибаси дунё талабларига тўла жавоб беради, – дейди ХХР Жамоат хавфсизлиги университети делегацияси раиси, профессор Янг Жуйчин хоним. – Таълим жараёнига янгича ёндашувлар, ўқитиш технологиялари, назарий ва амалиёт уйғунлигида олиб борилаётган машғулотлар профессионал мутахассислар тайёрлашда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, ўзбекистонлик ёшларнинг билимга чанқоқлиги, интеллектуал салоҳияти ва кенг дунё­қараши мени лол қолдирди. Ўқув полигонида бўлганимизда, уларнинг аксарияти билан суҳбатлашдим, мақсад ва орзу-интилишлари билан қизиқдим. Курсантлар хориж тилларида, ҳатто хитой тилида ҳам жуда равон сўзлашди. Албатта, бу ҳам мамлакатингизда ёшларнинг билим олиши ва келажакда етук мутахассис бўлиб етишиши йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир. Фурсатдан фойдаланиб, ўзининг 25 йиллигини нишонлаётган Академия жамоасини самимий муборакбод этаман.

Ўқув курслари якунида университет профессор-ўқитувчилари ва талабаларига сертификатлар топширилди.

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.

Суҳроб ШОМАНСУРОВ олган суратлар.