ТАНИШИНГ: ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ

  • 10:07
  • 29,07-2019
  • 462
  • Улашинг

Собиқ иттифоқ тарқаб кетгач, Қозоғистонда жиноятчилик сони кескин ошди. Айниқса, иқтисодий жиноятчилик ўсди. Бунга хуфиёна иқтисодиётнинг ривожланиши ҳам сабаб бўлди. Уюшган жиноий гуруҳлар таъсир доираларини кенгайтира борди. Ҳатто ўқотар қурол қўлланган ҳолда жиноятлар содир этила бош­ланди. Жамиятда демократияни кўнгил тусаган ишни қилиш, деб тушунадиганлар кўпайди. Мамлакат ички ишлар органлари ходимлари ана шундай мураккаб шароитда жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги долзарб вазифаларни бажаришига тўғри келди. Улар иқтисодий қийинчиликларга, маоши камлигига қарамай, фидойилик билан хизмат қилишди.

 1992 йилда «Қозоғистон Респуб­ликаси ички ишлар органлари тўғрисида»ги, 1994 йилда эса «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Айтиш мумкинки, тизимда ислоҳотлар жараёни 1995 йилдан бошланди. Хорижлик маслаҳатчиларнинг таклифига кўра, Давлат тергов қўмитаси тузилди. Ички ишлар органларининг суриштирув, тергов билан боғлиқ функция ва ваколатлари ана шу янги тузилмага ўтказилди. Лекин мазкур ислоҳот ўзини оқламади, аксинча, мамлакатдаги криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатди. Шу боисдан 1997 йилда Давлат тергов қўмитаси тугатилиб, унинг функциялари яна ИИВга қайтарилди.

1997 йилда ички ишлар органларининг ёнғинга қарши курашиш функцияси Фавқулодда вазиятлар давлат қўмитасига, иқтисодий ва коррупцион жиноятчиликка қарши курашиш ваколатлари эса Иқтисодий ва коррупцион жиноятчиликка қарши курашиш агентлигига берилди. Суд-тиббий экспертизаси ўтказиш ҳамда жиноий-ҳуқуқий статистикани юритиш, аҳолини ҳужжатлаштириш ва рўйхатга олиш функциялари эса Адлия вазирлигига ўтказилди. 2010 йилга келиб, тиббий ҳушёрхоналар ИИВдан Соғлиқни сақлаш вазирлигига берилди.

2002 йилда эса хорижлик маслаҳатчиларнинг таклифига кўра, жазони ижро этиш тизими ИИВдан Адлия вазирлигига ўтказилди. Оқибатда жазони ижро этиш муассасаларида тезкор вазият ёмонлашди, маҳкумларни сақлаш тартиботи бўшашди. Шу сабабли 2011 йил­да Қозо­ғистон Респуб­ликаси Президентининг фармонига кўра, Жазони ижро этиш тизими қўмитаси яна ИИВ таркибига қайтарилди. Шу йили аҳолини ҳужжатлаштириш ва рўйхатга олиш вазифалари ҳам ИИВ зиммасига юклатилди.

2014 йилда чет эллик мутахассисларнинг тавсиясига асосан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тугатилиб, унга хос вазифалар ва ваколатлар ИИВга юклатилди. Ушбу ўзгаришнинг қанчалик тўғрилигини ёки нотўғрилигини вақт кўрсатади.

Қозоғистон Респуб­ликаси ИИВга мамлакат Президенти томонидан та­йинланадиган вазир раҳбарлик қилади. У беш нафар ўринбосарга, шу жумладан, биринчи ўринбосарга эга.

 

Қозоғистон Республикаси ИИВ таркибига қуйидаги қўмиталар ва департаментлар киради:

  Қозоғистон Республикаси Миллий гвардияси;

  Жазони ижро этиш тизими департаменти;

  Маъмурий полиция департаменти;

  Миграция хизмати департаменти;

  Фавқулодда вазиятлар қўмитаси;

  Тергов департаменти;

  Криминал полиция департаменти;

  Таъминот департаменти;

  Штаб-департамент;

  Наркобизнесга қарши курашиш ва наркотикларнинг айланишини назорат қилиш департаменти;

  Тезкор-криминалистик департамент;

  Экстремизмга қарши курашиш департаменти;

  Махсус тайёргарлик департаменти;

  Ўз хавфсизлиги департаменти;

  Тезкор режалаштириш департаменти;

  Техник хизмат департаменти;

 Ахборот-таҳлил маркази;

  Юридик департамент;

  Ички аудит департаменти;

 Молиявий таъминот департаменти;

  Кадрлар билан ишлаш департаменти;

  Давлат тили ва ахборот департаменти;

  Транспортда ички ишлар департаменти.

Ички ишлар вазирлиги тасарруфида яна бир қатор тузилмалар, шу жумладан, тиббиёт, олий таълим муассасалари, ўқув марказлари, Интерпол Миллий марказий бюроси ҳам мавжуд.

 

Интернет материаллари асосида тайёрланди.