Жиззах вилояти ИИБ ва Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари ўртасида мулоқот

  • 15:05
  • 31,05-2019
  • 1153
  • Улашинг

Жиззах вилояти ИИБ масъул ходимлари ва Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари ўртасида мулоқот ўтказилди. Жиззах шаҳрида уюштирилган тадбирда Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ҳамкорлигида фаолияти йўлга қўйилган корхоналарнинг раҳбар ва мутахассислари ҳам иштирок этди.

Учрашув аввалида вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғ. Қодиров ҳудудда хорижликлар, хусусан, хитойликларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларни яшаш жойларида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида сўз юритди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Жиззахда Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда 26 та корхона ташкил этилган. Уларда 244 нафар хитойлик тадбиркор ва мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, айни вақтда 62 нафар Хитой фуқароси сайёҳлик мақсадида вилоятга ташриф буюрган.

Табиийки, бошқа хорижликлар сингари хитойликлар ҳам жамоат хавфсизлигининг аъло даражада таъминланиши тарафдори. Шу маънода, вилоят ИИБ масъуллари чет элликлар яшайдиган ва ишлайдиган ҳудудларда осойишталикни таъминлашга қаратилган тадбирларга атрофлича тўхталиб ўтдилар. Мулоқот жараёнида хорижликларга мамлакатимиз қонунларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, фуқаролик паспорти режимига оид ҳуқуқий меъёр ва талаблар бўйича тушунчалар берилди.

Ўз навбатида, Хитой Халқ Республикаси элчихонаси вакиллари ҳамда ишбилармонлари мамлакатимиз ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини юқори баҳолаб, ўз миннатдорликларини билдиришди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Postda» мухбири.

Жиззах вилояти.