Бурчга садоқат ва фидойилик билан

  • 10:02
  • 20,02-2019
  • 618
  • Улашинг

 

 

Навоий халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш алоҳида батальони ходимларига мустаҳкам ҳарбий интизом, юксак жанговар шайлик шунчаки шиор эмас, балки ҳаётининг мазмун-моҳиятига айланган.

 Зеро, халқаро аэропортда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ўта масъулиятли вазифа бўлиб, ҳар бир ходимдан ҳушёрлик ва синчковликни, юксак касбий маҳоратни талаб этади.

– Ҳарбий хизматчилар билан мунтазам тарзда якка тартибда суҳбатлар ўтказиб келинмоқда, – дейди батальон командири ўринбосари, подполковник Шуҳрат Ҳақбердиев. – Бу шахсий таркибнинг ахлоқий, маънавий-руҳий тайёргарлик даражасини оширишга, ходимларнинг фаол ҳаётий позициясини шакллантиришга хизмат қилаётир.

Ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлиги ва жанговар шайлигини ошириш мақсадида доимий равишда дала-ўқув машғулотлари, турли спорт мусобақалари ўтказилади. Бу каби тадбирлар тинчлик ва осойишталигимиз посбонлари, ишончли қалқонларимизнинг эпчил, чаққон, жисмонан кучли ҳамда юксак ҳарбий салоҳиятга эга бўлишини таъминлайди.

Ҳарбий қисмдаги шинам ётоқхона, ошхона, спорт зали, кутубхона батальон ҳарбий хизматчилари ихтиёрида. Уларнинг бўш вақтини мароқли ўтказиш мақсадида китобхонлик кечалари, турли танловлар ва бошқа қизиқарли тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, «Энг яхши китобхон», «Энг илғор аскар» ва «Энг илғор сержант» каби танловлар ҳарбий хизматчиларнинг билим ва маҳоратини тўла намоён этишига, ўз устида ишлаб, иқтидорини юзага чиқаришларига омил бўлаётир.

– Китоб мутолааси инсон дунёқарашини кенгайтиради, маънан кучли шахс этиб тарбиялайди, – дейди подполковник Ш. Ҳақбердиев. – Яқинда ҳарбий қисмда китоб ярмаркаси ташкил этилди. Ходимларимиз, айниқса, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскар йигитлар ушбу тадбирда фаол иштирок этди.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарвалик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватан ҳимоясидек шарафли ишга дахлдор эканидан ғурур ва ифтихор уйғотиш мақсадида ўтказилаётган тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Юксак интеллектуал салоҳиятга эга, ўктам ва шижоатли, қалби қайноқ, интилувчан ҳарбий хизматчиларнинг фаолияти шундан далолатдир.

 

Азиз НУРМАТОВ,

капитан.

Ўхшаш мақолалар