Инновацион технологиялар оворагарчиликларнинг олдини олади

  • 10:02
  • 20,02-2019
  • 142
  • Улашинг

 Баъзида эҳтиётсизлик, баъзида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик йўл-транспорт ҳодисалари юзага келишига сабаб бўлади. Шундай вазиятларда фуқароларни қийнаётган муаммолардан бири аварияга учраган транспорт воситасига етказилган зарарни баҳолаш ҳисобланади.

 Баҳоловчи ташкилотни топиш, эшикма-эшик юриш, қоғозбозлик... Буни шундай савдо бошига тушган ҳайдовчилар яхши билишади.

Яқиндан бошлаб Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида яратилган қулайлик туфайли фуқаролар йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида уловига етказилган зарарни шу ернинг ўзида тезда билиш имконига эга бўлишди. Соҳавий хизмат ходимларининг хабар беришича, мазкур электрон баҳолаш тизими фуқароларимиз вақтини тежаш, қоғозбозликларга чек қўйиш ва оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

– Тизимнинг ишлаш механизми жуда қулай. «Е-baholash» интернет сайтига кириб, логин ва пароль терилгач, жараён бошланади. Яъни керакли маълумотлар киритилиб, охирида шикаст етган транспорт воситасининг ўша ҳолатдаги сурати жойланади. Суриштирувчи транспорт воситасининг ҳолати ҳақидаги фикрини ёзиб қолдиради. Шундан сўнг етказилган зарар тўғрисидаги якуний ҳисобот билан танишиш мумкин бўлади. Тизимнинг афзаллиги шундан иборатки, автотранспорт воситаларига етказилган зарар миқдорини баҳолаш учун бор-йўғи 20 дақиқа вақт кетади, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ бўлим катта инспектори, катта сержант Беҳзод Абдуллаев.

Бу каби инновацион технологиялардан унумли фойдаланишнинг яна бир муҳим жиҳати, у марказдан узоқда истиқомат қилувчи фуқароларга анча енгиллик яратиб, муаммонинг тез ҳал бўлишига ва кўплаб сарсонгарчиликларга чек қўяди.

Ўз мухбиримиз.

Содиқ ҲАКИМОВ

олган суратлар.

Ўхшаш мақолалар