Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлиги янада оширилади

  • 10:02
  • 20,02-2019
  • 577
  • Улашинг

 

 

Ички ишлар органлари томонидан бугунги кунда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқ­бузарликлар профилактикасига қаратилган чора-тадбирлар мунтазам равишда амалга оширмоқда.

 Эндиликда содир этилган ҳар бир жиноятнинг туб илдизи соҳа ходимлари томонидан ўрганиляпти. Яъни, жиноятнинг сабаблари ва шароитлари ҳамда ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни келтириб чиқарган омиллар аниқланиб, бундай жаноятлар қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ҳуқуқ­бузарликлар профилактикасини амалга оширишда ички ишлар органлари ходимлари учун барча моддий-ижтимоий шароитлар яратиб берилди. Шу билан бирга, самарали натижага эришган ходимларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди ва соҳа ваилларининг масъулияти янада оширилди. Натижада жорий йилнинг 11 ойида жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34,9 фоизга камайишига эришилди.

Бироқ бугунги кунда жамоат хавфсизлигини таъминлашда, авваламбор, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда жамоат бирлашмаларининг ўзаро мақсадли ҳамкорлиги етарли даражада ташкил этилмаяпти. Бунинг натижасида айрим турдаги жиноятлар, хусусан, оила-турмуш доирасида содир этилган жиноятлар, шунингдек, ёшлар ўртасидаги жиноятчилик сони юқорилигича қолмоқда.

Жорий йилнинг 24 декабрь куни Президентимиз томонидан «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорнинг қабул қилиниши эса юқорида таъкидлаб ўтилган жиноятларнинг содир этилишига қарши самарали курашиш, умуман олганда, жиноятчиликнинг илдизига етиб бориш, фуқаролар онгида ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур қарорга асосан, эндиликда мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида ўрнатилган механизмларнинг самарали амалга оширилишини таъминлашда жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда жамоатчилик тузилмаларининг куч ва воситалари мувофиқлаштирилган ҳолда сафарбар қилинади, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш соҳасида уларнинг масъулияти оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар­(шаҳарлар) ҳокимлари ва фуқаролар йиғинлари раислари ўзларига тегишли ҳудудларда ҳар кунги криминоген вазият билан шахсан танишиб боради, бунда ижтимоий-маиший тусдаги жиноятларга алоҳида эътибор қаратади ҳамда содир этилган жиноятларнинг сабаблари, шароитларини ўрганиб, жиноятни келтириб чиқарган омилларни аниқлайди ва тегишли чоралар кўради.

Халқ депутатлари кенгашлари томонидан эса мазкур идора ва муассасаларнинг фаолияти, ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда содир этилган жиноятларнинг ўрганилиши, тегишли чоралар амалга оширилиши натижалари танқидий таҳлил қилиб борилади.

«Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмалари раҳбарлари лавозимлари тугатилиб, профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари лавозими жорий этилади. Бундан буён бириктирилган ҳудудда жиноятлар даражаси пасайган, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари ўз вақтида кўрилган ҳолларда, бир вақтнинг ўзида фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари, профилактика инспекторлари ва уларнинг ёрдамчилари пул мукофотлари билан тақдирланади.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган профилактика инспекторларининг ёрдамчиларига ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғининг тавсиясига асосан, ички ишлар органларининг олий таълим муассасаларига, жумладан, касбий тайёргарлик факультетига квота асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилади. Ички ишлар органларида жамоат хавфсизлигини таъминлашни рағбатлантириш жамғармалари ташкил этилади.

Шунингдек, қарор билан 2019 йилда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича «Йўл харитаси» ҳам тасдиқланди ҳамда профилактика (катта) инс­пекторлари лавозимлари, қоида тариқасида, юриспруденция соҳасида билим ва касбий малакага эга шахслар орасидан жамланиши белгиланди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мазкур қарорнинг қабул қилиниши жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасида бевосита иштирок этувчи идора ва ташкилотларнинг масъулиятини янада оширади ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга хизмат қилади. Ўзаро ҳамкорликда, масъулият билан амалга оширилган чора-тадбирлар эса содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг барвақт олдини олиш имконини беради.

 

Муроджон МАТНИЁЗОВ,

ИИВ Ташкилий департаменти

бош референти. 

Ўхшаш мақолалар