Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирининг буйруғи

  • 12:05
  • 15,05-2019
  • 52
  • Улашинг

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги ПФ–5618-сон «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, буюраман:

  1. Ички ишлар органларида ҳар йилнинг март ойи «Ҳуқуқий маданият ойлиги», май ойи «Одоб-ахлоқ ойлиги» ва декабрь ойи «Коррупция­га қарши курашиш ойлиги» деб эълон қилинсин.
  2. Ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарлик­ларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш юзасидан қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2016 йил 30 майдаги 82-сон «Ички ишлар органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2019 йил 27 мартдаги 72-сон «Ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш ҳамда ҳуқуқий тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги буйруғи;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2019 йил 1 апрелдаги 78-сон «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғида белгилаб берилган вазифалар амалга оширилсин.

  1. Вазирлик Кадрлар бош бош­қармаси ва Ташкилий департамент Юридик таъминлаш бошқармасининг қуйидаги:

ички ишлар органлари ходимлари фаолиятида кўп учрайдиган ҳуқуқий масалалар юзасидан савол-жавоб тарзидаги қўлланмаларни тайёрлаш 
ва ходимларга тарқатиш;

ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга оширишда фаол иштирок этиб келаётган ҳамда аҳолининг, шу жумладан ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган ходимларни рағбатлантириб бориш;

профилактика инспекторларининг ёрдамчилари, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси аъзолари ва «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳлари аъзоларининг янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражасини оширишга қаратилган тадбирларни мунтазам равишда ўтказиш;

ички ишлар органларида жамоатчилик асосида доимий фаолият кўрсатувчи ҳуқуқий тарғибот гуруҳларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

  1. «Ҳуқуқий маданият ойлиги», «Одоб-ахлоқ ойлиги», «Коррупцияга қарши курашиш ойлиги» доирасида:

ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти Ички ишлар вазирлигининг Интернет тармоғидаги ва чоп этилган шаклдаги расмий манбаларида ёритилсин;

ички ишлар органлари ходимларининг муомала маданиятини юксалтириш, уларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига сўзсиз риоя қилишларини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тадбирлар амалга оширилсин;

ходимларнинг коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларини аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар ташкил этилсин.

  1. Ҳафтанинг ҳар сешанба куни «Ҳуқуқий ахборот куни» этиб белгилансин ва ушбу кунда қуйидагиларни:

маҳаллаларда энг долзарб, аҳолини қизиқтирадиган ва мурожаатларда кўтарилаётган муаммоли масалаларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва натижасига кўра манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш;

ички ишлар органларининг малакали мутахассислари томонидан ўз хизмат жойида аҳоли орасидаги турли муаммоли масалалар, хусусан, миг­рация, хорижга чиқиш, ички ишлар органларига хизматга ва ўқишга кириш ва бошқа аҳолини қизиқтирган масалалар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар бериш;

ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, шу жумладан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклатилган вазифаларнинг мазмун-моҳиятини ва уларни ижро этиш механизмларини масъул ижрочиларга тушунтириш тадбирларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилсин.

  1. Вазирлик Кадрлар бош бошқармаси (Х. Махсумов, Р. Камалов):

Вазирлик тизимидаги Ихтисос­лаштирилган мактаб-интернат ва академик лицейларда тегишли соҳавий хизматларнинг малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда «Бола ҳуқуқлари ва мажбуриятлари» мавзусида кўргазмали машғулотлар ўтказиш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин;

касбий тайёргарлик машғулотларида ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни ва аҳамиятини алоҳида режа асосида ходимлар эътиборига етказилишини таъминласин;

ҳуқуқий, маънавий-маърифий тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга оширишда фаол иштирок этиб келаётган ходимларни рағбатлантириш, шу жумладан навбатдан ташқари махсус унвонларга тавсия этиш тўғрисида таклифлар киритиб борсин.

  1. Ташкилий департамент Юридик таъминлаш бошқармаси (А. Раджапов) ҳафтанинг ҳар сешанба куни қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклатилган вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳамда уларни ижросини таъминлаш механизмларини масъул ижрочиларга тушунтириш ишларини амалга оширсин.
  2. Вазирлик Жамоатчилик ва омма­вий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси (К. Бурханов) «Ҳуқуқий маданият ойлиги», «Одоб-ахлоқ ойлиги» ва «Коррупцияга қарши курашиш ойлиги», шунинг­дек, «Ҳуқуқий ахборот куни» доирасида ўтказиладиган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида, 
    шу жумладан Ички ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтида ёритиб борилишига алоҳида эътибор қаратсин ҳамда ушбу буйруқни «Postda» газетасида чоп этилишини таъминласин.
  3. Мазкур буйруқ ижросини назорат қилиш Вазир ўринбосари, полковник Р. Хатамов зиммасига юклатилсин.

 

Вазир генерал-лейтенант 

П.  БОБОЖОНОВ.

 

Тошкент шаҳри,

2019 йил 30 апрель