Ёшлар етакчилари малака оширди

  • 12:02
  • 20,02-2019
  • 570
  • Улашинг

 

Ички ишлар органларида Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари фаолиятининг йўлга қўйилгани тизимдаги ёш ходимларни Ватанга муҳаббат ва бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар орасидан истеъдодли ва иқтидорли ёшларни юзага чиқариш, ижтимоий муаммоларини ечишга кўмаклашишга хизмат қилмоқда.

 

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг ташаббуси билан яқинда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги бошланғич ташкилотларнинг етакчилари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида бир ойлик қайта тайёрлаш ўқув курслари ташкил этилди.

Ушбу ўқув курсларида ИИВ Марказий аппарати соҳавий хизматлари, вазирлик олий таълим муассасалари, Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш ва Қоровул қўшинлари ҳамда Тошкент шаҳар ИИББдаги ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти етакчилари таҳсил олишди. Улар билан стратегик бошқарув фаолияти, давлатнинг иқтисодий сиёсати ва инновацион ривожлантириш усуллари, фуқаролик жамияти, унинг шакл­ланиши, бошқарув психологияси ҳамда лидерлик каби йўналишларда малакали мутахассислар машғулотлар ўтказишди. Ўқув курслари якунида тингловчилар курс иши лойиҳаларини ҳимоя қилди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ. Қуронбоев ўқув курсларини тамомлаган етакчилар билан учрашиб, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши ҳамкорликда кураш олиб боришларида бу ерда олган билимлари ўз самарасини беришини таъкидлади.

– Ўтилган машғулотлар бизга нафақат билимларимизни ошириш, балки янги ғоя ва ташаббусларни шакллантиришга ҳам имкон берди, – дейди ИИВ Кадрлар бош бошқармаси Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи етакчилар кенгаши катта инспектори, лейтенант В. Муродов.

 

Сарвар СОБИРОВ.