Ёшларнинг маслаҳатгўйи

  • 11:02
  • 20,02-2019
  • 582
  • Улашинг

 

 
ЁШЛАРНИНГ МАСЛАҲАТГЎЙИ

  Фарғона туманининг Аввал маҳалласида файзли бир хонадон бор. Унда ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги полковник Дадақўзи Рўзиев истиқомат қилади.

 

«Қариси бор уйнинг париси бор», дейди доно халқимиз. Дадақўзи отанинг уйи ҳам ана шу ҳикматга монанд. Бу ҳовлидан меҳмонлар қадами узилмайди. Улар орасида ички ишлар органларининг ёш ходимлари талайгина.

Ёшларнинг чинакам маслаҳатгўйи. Ҳалоллик, Ватанга сидқидилдан хизмат қилиш, касбга садоқат ҳақида насиҳат қилишдан чарчамайди.

72 ёшни қаршилаётган фахрий эл-юрт хизматидан тўхтагани йўқ. Маҳаллада обрўйи баландлиги, катта билим ва тажрибага эга эканлиги учун уни бир неча маротаба оқсоқолликка сайлашди. Ҳозир ҳам у ана шу вазифада сидқидилдан хизмат қилиб, маҳалла аҳлининг қувончу ташвишига шерик бўлмоқда.

– Ҳаётимнинг кўп йиллари ҳуқуқ-тартибот органларида ўтди, – дейди нуроний. – Она Ватанга хизмат қилганимдан, ўтган умрим, танлаган касбим ва қилган ишларимдан қалбим ифтихорга тўлади.

Д. Рўзиев Тошкент давлат университетининг юридик факультетида ўқиб юрган кезлари устозлари ички ишлар органларида ишлашни маслаҳат беришади. Уларнинг тавсияси билан фаолиятини Фарғона шаҳар ички ишлар бўлимида сафдорликдан бошлайди. Кейинроқ бир неча йил профилактика хизматида ва жиноят қидирув соҳасида фаолият кўрсатди.

Д. Рўзиевга 1981 йили қалтис ва масъулиятли вазифа юкланди: уни хизмат топшириғи билан уруш бўлиб турган давлатлардан бирига юборишди. У уч йил жаҳаннамга айланган юртда зиммасига юклатилган вазифани пухта адо этди. Мамлакатимизга қайтгач, дастлаб Фарғона тумани ИИБ бошлиғи, ке­йинчалик Қўқон шаҳар ИИБ бош­лиғи, вилоят ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бош­қармаси бошлиғи лавозимларида меҳнат қилди. 1995 йилда эса полковник унвони билан нафақага чиқди.

Бугун Дадақўзи Рў­зиевнинг уч нафар фарзанди жамиятимизнинг турли соҳаларида меҳнат қилиб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. 12 нафар невара эса боболари атрофида парвона.

– Вилоят ички ишлар бошқармаси ва туман ички ишлар бўлимига ёшлар билан ўтказиладиган тадбирларга тез-тез чақириб туришади, – дейди отахон. – Учрашувларда ёш ходимларга соҳанинг нозик сирлари ҳақида маслаҳатлар бераман. Яқинда бир неча нафар фахрийлар ИИВнинг Фарғона академик лицейига бордик. У ерда давра суҳбати бўлди: кўзидан ўт чақнаб турган ёшларга қараб, ҳавасим келди...

Дадақўзи ота тиниб-тинчимас, эл дарди билан яшайдиган инсон. У раислик қилаётган маҳалладаги
497 та хонадонда 2000 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ўзаро тотувликни мус­таҳкамлаш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш мақсадида фуқаролар йиғини қошида 9 та комиссия фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу комиссиялар аъзолари маҳалладаги ҳар бир муаммони бамаслаҳат ҳал қилиб, тўй-маъракаларда бош-қош бўлишмоқда.

Бутун умрини Ватан тақдири, эл-юрт хизмати билан боғлаган Дадақўзи ота билан суҳбатлашган киши катта маънавий хазинага эга бўлади. Ҳаётий тажрибалар асосидаги ўгит ва маслаҳатлари тўғриликка, ҳалолликка, эзгу ишларга ундайди. Орамизда ана шундай фахрийларнинг борлигига шукрона айтгингиз келаверади...

Адбувосит СИДИҚОВ.

 

Фарғона вилояти. 

Ўхшаш мақолалар