«Сизга ўхшагим келади, устоз!»

  • 11:02
  • 20,02-2019
  • 547
  • Улашинг

 

 Табиатан тиниб-тинчимас бу фидойи инсон нафақага чиқиб, бекор ўтиргани йўқ. Қўни-қўшнилар уй бошқарувчиси этиб сайлаб қўйишган истеъфодаги полковник Муитжон ака Фозилов жамоатчилик ишини ҳам қойил қилиб бажаряпти.

 

Муитжон Фозилов Бухоро шаҳрида туғилган. Мактабни битиргандан кейин Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳридаги ИИВ Олий сиёсий-ҳарбий билим юртига ўқишга киради. Уни тугаллагач, Россиянинг бир қатор шаҳарларидаги ҳарбий қисмларда сиёсий ишлар бўйича раҳбарлик лавозимларида хизмат қилди. Мустақилликнинг дастлабки ойларидаёқ у Ўзбекистонга қайтди ва ИИВ Ички қўшинлари бош бошқармасининг Қоровул қўшинлари бошқармасига қарашли ҳарбий қисмларда командирнинг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритди.

– Ўзбекистонга қайтаётганимда айрим зобитлар энди Ўзбекистон армиясининг ҳоли нима кечаркин, дея пичинг қилганди, – дея эслайди истеъфодаги полковник М. Фозилов. – Уларга она Ватани учун жонини ҳам аямайдиган ўзбек йигитлари кўп, юртимизни ўзимиз қўриқлай оламиз, дегандим. Мамлакатимиздаги бир қатор ҳарбий қисмларда хизмат қилганимда фикрим нақадар тўғри эканига кўп гувоҳ бўлдим. Тўғри, мустақилликнинг дастлабки йилларида армиямизни мустаҳкамлашда қийинчиликлар бўлди. Аммо йиллар ўтгани сайин йигитларимиз хизматда мардлик, жасурлик намуналарини кўрсатиб, ҳақиқий Ватан ҳимоячиси эканини исботлашди.

М. Фозилов биринчи галда, шахсий таркибнинг ҳарбий салоҳиятини ошириш, ҳар бир аскарнинг ҳарбий машқларни аъло даражада бажариши, ғанимларга қарши аёвсиз кураша оладиган, пухта тайёргарликка эга бўлган аскар даражасига етиши учун интилди. Уларга маънавий-маърифий билим беришда барча имкониятларини ишга солди: ҳар бир аскар билан алоҳида шуғулланиб, унинг нияти, келажакдаги режаларига қизиқиб, керакли маслаҳатлар берди. Ҳар қандай шароитда ҳам уларни ҳимоя қилишга ҳаракат қилди. Шу боис, аскарлар, умуман, жамоадагилар уни ҳурмат қиларди. Вазирлик раҳбарияти катта ишонч билдириб, ИИВ Қоровул қўшинлари бош бошқармаси шахсий таркиб билан ишлаш бошқармасига раҳбар этиб тайинланган полковник 
М. Фозилов кўп йиллик тажрибаларини яна ишга солди, давр талабидан келиб чиқиб, янги-янги ташаббуслар кўрсатди. Унинг кўп йиллик хизматлари муносиб баҳоланиб, Президентимиз томонидан «Жасорат» медали билан тақдирланди, ИИВ раҳбариятининг «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишони берилди.

– Иш юзасидан вазирликка тез-тез бориб турардим, – дея эслайди 
М. Фозилов. – Бир гал кўчада ҳаракат хавфсизлигини бошқариб турган йўл-пат­руль хизмати ходими қўлини кўксига қўйиб салом берди. Бу бир-неча марта такрорлангандан кейин, тўхтаб, қуюқ саломларнинг сабабини сўрадим. У кулиб:

– Танимабсиз шекилли, ўртоқ полковник, эсингиздами, мени хизматдан бўшатиб юборишаётганида сиз ҳимоя қилиб, олиб қолгандингиз, – деди. Бундай воқеалар кўп юз беришлигини айтиб, қачон ва қаерда бўлганини суриштирдим. У кулиб, мамнуният билан айтиб берди.

Бу воқеага анча бўлганди. Мен унда бош бошқарманинг бригада командири эдим. Шартнома билан хизмат қилаётган аскарлардан бири интизомсизлик қилиб қўяди. Бошқарма комиссияси воқеани ўрганиб чиқиб, уни хизматдан бўшатиб юбориш ҳақида қарорга келади. Охирги сўз менда қолганди. Шунда аскарни чақиртириб, суҳбатлашдим. Унинг кўзларида хизматга бўлган иштиёқи баландлиги, агар бўшатиб юборилса, унга қаттиқ таъсир қилишини англадим. У билмай интизомни бузиб қўйганини тан олиб, илтижо билан қарарди. Шундан кейин уни хизматда олиб қолишга қарор қилдим. У хизмат давомида ИИВ Академиясининг Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курсларида йўл-патруль хизмати соҳасида ўқийди. Кейин унга Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБга йўлланма берилади. Бошқармадан суриштириб кўрдим, йигит хизматни намунали даражада олиб бораётган экан.

Шу ўринда Муитжон Фозиловнинг нафақат хизмат фаолияти, балки мазмунли ҳаёт йўли ҳам кўпчиликка намуна бўлаётганини айтиб ўтиш жоиз. Бош бошқармада Муитжон Фозиловни нафақага кузатиш маросимида шогирдларидан бири уни маҳкам қучиб: «Сизга ўхшагим келади, устоз» деганди. Чунки у кишининг ҳаёт китоби варақланса, кўпларга ибрат бўларлидир.

Бугун Муитжон Фозилов турмуш ўртоғи Хосият ая билан неваралари ардоғида умргузаронлик қилмоқда

 

Садриддин ШАМСИДДИНОВ.

Муаллиф олган сурат.  

Ўхшаш мақолалар