Чингиз айтматов асарларида инсон омили

  • 11:02
  • 20,02-2019
  • 176
  • Улашинг



 

 

Қирғизистон халқ ёзувчиси, Қирғизистон Фанлар академиясининг академиги, таниқли давлат, жамоат арбоби, дипломат Чингиз Айтматов 1928 йилнинг 12 декабрида Қирғизистоннинг Талас водийсидаги Шакар қишлоғида таваллуд топди.

 

Чингиз саккиз ёшидан бошлаб отасининг рағбати билан салкам икки йил Москва мактабларида ўқиш, рус тили ва адабиётини ўрганиш, давр ижтимоий-адабий ҳодисаларини кузатиш бахтига муяссар бўлди. Бироқ унинг болалик йиллари ғоят машаққатли кечди. Эндигина тўққизга кирганида нафақат отасидан, балки оиланинг барча эркакларидан айрилиш, мурғак қалби билан қатағон машинаси шафқатсизликларини ҳис этиш, тўнғич ўғил сифатида онасига қўл-қанот бўлиш қисмати уни тенгқурларидан эртароқ улғайтирди.

Адибнинг болалиги қатағон йилларига, ўсмирлиги эса уруш йилларига тўғри келди. Шунинг учун ҳам, ўспиринлик йилларидаёқ солиқчи, қишлоқ шўроси раисига котиблик, ҳисобчилик каби ишларни бажаришга киришди. От-аравада темир йўл станциясига ғалла ташиди. Уруш тугагач, Авлиёотадаги «Зооветеринария» техникумида ўқиди. Қирғизистон қишлоқ хўжалик институтини тугатиб, 1956 йилгача зоотехник бўлиб ишлади. Ч. Айтматов қалбини сеҳрлаган, тафаккурини эгаллаган соҳа ветеринария эмас, сўз санъати бўлиб чиқди. Йигирма саккиз ёшга кирганида ўзининг адабиёт ва санъатсиз яшай олмаслигини теран ҳис қилди. Адабиёт билан жиддий шуғулланиш мақсадида Москвага бориб, 1956–1958 йилларда М. Горький номидаги адабиёт институтининг Олий адабиёт курсида таҳсил олди.

Ч. Айтматов «Литературные Киргизистан» адабий журнали бош муҳаррири, «Правда» газетасининг Қирғизистон республикасидаги мухбири, Қирғизистон кинематографчилар уюшмаси бошқарувининг раиси бўлиб ишлади. Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилди. Шу йилларда респуб­лика киноси ривожига ҳам катта ҳисса қўшди. Дарҳақиқат, замонавий қирғиз бадиий адабиёти каби, миллий кино санъати ҳам Чингиз Айтматов асарлари экранлаштирилиши орқали жаҳон миқёсига чиқди.

Ёзувчи бадиий ижодни узлуксиз равишда давлат ва жамоат ишлари билан қўшиб олиб борди. Давлат ва жамоат арбоби сифатида халқлар ўртасида тинчликни, адабиётлараро дўстликни мустаҳкамлашда улкан ишларни амалга оширди. У 1980–1990 йилларда «Инос­транная литература» (Москва) журналига муҳаррир, 1990 йилдан собиқ иттифоқнинг, сўнг Россия Федерациясининг, 1991 йилдан эътиборан Қирғизистон Республикасининг Люксембург ва Бельгиядаги элчиси вазифаларида фаолият кўрсатди. Ч. Айтматов ташкил этган Халқаро миқёсдаги санъаткор ва ёзувчиларни бирлаштирган «Иссиқкўл форуми» номли халқаро тинчлик ҳаракати, муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этишга самарали таъсир ўтказди. У моҳир ташкилотчи, жамоат ва давлат арбоби сифатида эътироф этилиб, 1995 йилда Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси Президенти этиб сайланди.

Унинг илк ҳикоялари 1950 йилларда босилиб чиққан эди. «Байдамтол соҳилларида» (1955), «Юзма-юз» (1957) асарлари ўзининг ўткир сюжети, кучли ички руҳий зиддиятларга бойлиги билан ажралиб турарди. Ч. Айтматов қисса жанрига қўл уриб, бирин-кетин «Жамила» (1958), «Сарвқомат дилбарим» (1961), «Бўтакўз», «Биринчи муаллим» (1962), «Момо ер», «Сомон йўли» (1963), «Алвидо, Гулсари» (1966) каби қиссаларини чоп эттирди. Бу асарларда муҳаббат мавзуи катта эҳтирос билан тараннум этилди. Ёзувчининг «Тоғ ва чўл қиссалари» туркумига кирган асарлари илмий-адабий жамоатчилик ва кенг китобхонлар томонидан юксак баҳоланди.

Адибнинг «Оқ кема» (1970) қиссасида инсоний гўзаллик, эзгулик ва ҳаёт зиддиятлари, экология муаммолари теран тадқиқ этилди. Бу қисса поклик ва адолат, хунрезлик ва унинг ахлоқий-маиший илдизлари, миллий анъаналар ҳамда инсоний қадриятлар талқинига бағишланган гўзал асарлардан биридир. «Денгиз ёқалаб чопаётган олапар» (1977) қиссасида ҳам муҳим маънавий масалалар, шўро давридаги ҳаётнинг машъум манзаралари ўз ифодасини топди. Адиб Мухтор Шохонов билан ҳамкорликда битган «Чўққида қолган овчининг оҳи зори» асари ҳам маънавият масалаларига бағишланди.

1958 йилда ёзилиб, 1959 йили рус ва француз тилларига ўгирилган «Жамила» қиссаси адиб номини илк бор халқаро миқёсларда танитган асар бўлди. Дарҳақиқат, бу қисса қисматига шўро адабиётида камдан-кам асарга насиб этадиган бахт битилган эканки, икки йил ичида собиқ иттифоқ ва хориждаги ўттизга яқин тилларга таржима қилинди. «Жамила»ни француз тилига ўгирган Луи Арагон уни «Муҳаббат ҳақида ёзилган жаҳондаги энг ажойиб қисса» деб баҳолади ва ҳатто мақоланинг номини ҳам шундай деб атади.

Адиб «Сомон йўли» қиссасида инсон ва жамият, ўтмиш ва бугун, асотир ва янгилик, фантазия ва реаллик, афсона ва ҳақиқат узвийлигини ажиб тарзда туташтириш маҳоратини яна бир бор намоён этди. Асарнинг бош қаҳрамони Тўлғаной – иккинчи жаҳон уруши даври матонатли аёлларидан бири. Унинг аччиқ қисмати китобхонни зинҳор бефарқ қолдирмайди. Дарҳақиқат, «Сомон йўли» қиссаси мутолааси китобхон қалбига манфаатпарастлик илинжида ҳар қандай худкушликни бошлаб, мунис оналарни фарзандидан, жувонларни севимли ёридан, фарзандларни отасидан жудо қилувчиларга қарши мислсиз нафрат, тинчликни қадрлашга чорлов руҳини олиб киради.

«Асрга татигулик кун» (1980), «Қиёмат» (1986), «Кассандра тамғаси» (1990) романларида замоннинг умуминсоний муаммолари, она Сайёранинг тақдири, кучли фалсафий, ахлоқий ва ижтимоий масалалар кўтарилган. Романда Ч. Айт­матов ижодининг муҳим қирраларидан бири ўз ўтмишини унутган, ҳиссиз, ҳамма нарсага лоқайд, итоату буйруқни бажаришдан бошқа нарсага ярамайдиган, миллий туйғу, нозик ҳиссиётлари сўндирилган манқурт – Жўломон образининг тасвири бўлди. Бу роман Чингиз Айтматовнинг жаҳон миқёсидаги шуҳратига янги шуҳрат қўшди.

Ч. Айтматовнинг «Қиёмат» романида эзгулик ва олижаноблик, яхшилик ва тўғрилик, адолат ва ҳақгўйликнинг қиёмат-қойим даражасига тушаётган ҳолатлари табиат, жамият, инсон ва имон муаммоларини акс эттириш орқали кўрсатилди. «Кассандра тамғаси» («Охирзамон нишоналари», 2007) романида адиб шафқатсизлик, ёвузлик, ваҳшийлик уруғлари келажакда қандай даҳшатли мевалар беришини космик юксакликдан туриб башорат қилди. Ёзувчининг фикрича, ер курраси ахлоқий муаммолар полигони. Инсоният ҳалокат ёқасида. Дунё бедаво ижтимоий дард исканжасида. Инсоният улардан фориғ бўлмас экан, интиқом ҳам муқаррардир. Демак, Ч. Айтматов ушбу романда жаҳон цивилизациясининг истиқболлари, аниқроқ айтганда, инсон ахлоқи билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратди.

«Тоғлар қулаётган замон» («Абадий қаллиқ», 2009) номли сўнгги романида ёзувчи инсон тақдири жумбоғини янгича бадиий-фалсафий талқин қилди.

Умуман, Ч. Айтматов асарлари ХХ асрдаёқ жаҳоннинг 154 тилига таржима қилиниб, 20 миллиондан ортиқ нусхада чоп этилган эди. Адиб ўзбек адабиёти, умуман, ўзбек маданияти тарихини юксак баҳолаб, «Византия маданияти жаҳон маданияти равнақига нечоғли кучли таъсир кўрсатган бўлса, ўзбек маданияти Марказий Осиё халқлари маданияти ривожига шу даражада таъсир кўрсатгандир», деб ҳисоблаган эди. Китобсевар халқимиз ҳам адиб шахсиятини ардоқлайди, азиз хотирасини улуғлайди, асарларини севиб ўқийди. Ёзувчининг деярли барча асарлари ўзбек тилига ўгирилгани ҳам бунинг ёрқин далилидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги 2018 йил 2 апрелда имзолаган тарихий қароридан сўнг Ч. Айтматовнинг бадиий мероси юртимизда алоҳида эъзоз топмоқда. Жумладан, оммавий ахборот воситаларида ўнлаб мақолалар чоп этилди. Адибнинг асарлари кўплаб нусхаларда нашр этила бошлади. Ўзбекистон Миллий университетида «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» экспозицияси ташкил этилди ва у доимий фаолият кўрсата бошлади. Шунингдек, «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, адибнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш, адибнинг халқимиз севган асарлари асосида янги спектакль саҳналаштириш ва бадиий фильм суратга олиш, Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига адиб номини бериш, Тошкент вилояти Паркент туманидаги 33-мактабда адиб бюстини ўрнатиш, «Чингиз Айтматов ва ўзбек адабиёти» мавзусида илмий конференция ўтказиш, мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари, коллеж ва лицейлар, умумтаълим мактаблари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида турли учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш ва ниҳоят, жорий йил декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида атоқли адиб хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш сингари ишлар қизғин паллага киргани ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир.

Умуман, муборак тўқсон ёшлик улуғ тўйи тўйланаётган Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди. Шунинг учун адиб республикамизнинг «Дўстлик» (1995), «Буюк хизматлари учун» (1998) орденлари билан мукофотланганди.

Исломжон ЁҚУБОВ,

Алишер Навоий номидаги

Тошкент давлат ўзбек тили ва

адабиёти университети доценти,

филология фанлари доктори.

Ўхшаш мақолалар