Таълим ва тарбия – камолотнинг икки қаноти

  • 11:02
  • 20,02-2019
  • 719
  • Улашинг

 

 
Таълим ва тарбия – КАМОЛОТНИНГ  ИККИ ҚАНОТИ

«Камолот» сўзини юртдошларимиз кўп қўллашади, суҳбатларида қайта-қайта талаффуз қилади. Аммо бу сўзнинг ўзаги «камол» (тўлиқ етуклик, мукаммаллик) эканига, «от» қўшимчаси кўпликни ифодалашига эътибор қилишмайди. 


Ахборот – хабарлар, ҳайвонот – ҳайвонлар, маълумот – билдиришнинг кўплигини англатганидек, «камолот» тушунчаси етук­лик, мукаммалликнинг ҳар томонлама тўлиқлигини ифодалайди. Бу сўз ўз маъносида инсоннинг иймони, виждони, зийраклиги, андишалилиги, халқи, ватани, аждодлари, авлодлари олдида бурчли экани; ўз касбининг моҳир мутахассиси сифатида ҳурмат қозона олганлиги, хуллас, «инсон» деган шарафли унвонга муносиблиги тушунчаларини мужассамлайди.

Фикримизни мақола сарлавҳасидаги «камолот» сўзининг луғавий маъносидан бошлаган эканмиз, келинг, қолган икки сўзни ҳам шундай талқин қилайлик. «Таълим» араб тилидан олинган бўлиб, ўргатиш, ўқитиш, илм бериш; маълумот маъноларини англатади. Унинг заминини, ўзбек тилининг изоҳли луғатида қайд қилинишича, билим бериш, малака ва кўникмалар ҳосил қилиш жараёни, кишини ҳаётга ва меҳнатга тайёрлашнинг асосий воситаси; илм-фан ёки касб-ҳунар соҳалари бўйича эгалланадиган маълумот ва кўникмалар мажмуаси; тарбия, одоб-ахлоқ; кўрсатма, йўл-йўриқ, ўргатув тушунчалари ташкил этади. «Тарбия» эса ривожлантириш, парвариш қилиш, ўстириш, ўргатиш, илм бериш маъноларига эга.

Демак, тарбия инсоннинг жамият аъзоси сифатида фаолиятини шакл­лантирувчи тадбирлар йиғиндиси экан. Аслини олганда таълим-тарбия, камолот тушунчалари бевосита одоб билан уйғун ҳисобланади. Чунки одобли инсон ўз феъли табиатида юқорида тилга олинган сўзлар ифодалаган ҳамма ижобий фазилатлар соҳиби даражасига эришади.

Конституциямизнинг 41-моддасида: «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир», 42-моддасида: «Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади.

Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади», – дейилган.

Ҳар бир жамият, ҳар бир миллат келажакка умид билан қарар экан, ёш авлоднинг билим олишини таъминлаши қонуний ҳодисадир. Бинобарин, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин миллат фарзандига билим беришни кафолатлар экан, собиқ тузум сиёсатидан озод бўлган ёшларга эркин турмуш тарзини сингдириш йўлида ўз Конституциясида юқоридаги моддаларнинг қайд этилгани бежиз эмас, албатта.

Энди ушбу моддалар мазмуни ҳақида мулоҳаза юритайлик. Уларда, аввало, Ўзбекистон Республикасида яшаётган ҳар бир одам ўз хоҳиши, ихтиёрига кўра билим олиш, олган билимини мустаҳкамлаш, муайян мутахассисликни танлаш, ўз соҳаси йўналишида маълумотини такомиллаштириш имконига эгалиги белгиланган. Хусусан, халқ, осойишталигини таъминлашни ўз зиммасига олган «Postda» газетаси муштарийлари, биринчи навбатда, Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституцияси, ундан кейин фуқаролик ҳуқуқи, жиноят ҳуқуқи каби қонунлар мазмунини, мазкур соҳа мутахассиси эгаллаши лозим бўлган маълумотларни мукаммал ўзлаштириб, кўникма ҳосил қилиши учун имконият яратилган. Мазкур назарий билимларни қай даражада эгаллаш эса кўп жиҳатдан ўзимизнинг интилишимизга, сабримизга боғлиқ. Ҳаёт тажрибаси тасдиқлаган ҳақиқат шуки, мутахассис назарий билимларни қай даражада мукаммал эгаллаган бўлса, унинг меҳнат фаолияти шу қадар самарали натижаларга бой бўлади. Назарий таълим, ўз навбатида, шахснинг тарбиясига таъсир қилиш натижасида мутахассислик камолотини эгаллаш сари етакловчи омил сифатида хизмат қилади.

Табиийки, муайян соҳа вакиллари инсоний камолоти фақат ўзи танлаган мутахассисликдаги назарий ва амалий кўникмалар билангина ўлчанмайди. Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ижтимоий, оилавий муҳитда фарзанд, набира, жиян, йўловчи, харидор, китобхон, мутахассис каби ўнлаб вазифани бажарувчи шахс ҳамдир. Бинобарин, асрлар давомида халқнинг бирор одамга «комил инсон» сифатини бериши, аввало, унинг юртдошлари ўртасидаги одоби билан ўлчанади. Одоб эса шахснинг ижобий хислатлари йиғиндисидан иборатдир. Устозларимизнинг бизга берган ўгитларига кўра, таълим-тарбия, инсон камолоти таркибининг асосини ташкил қилувчи одоб ҳаётда тўрт йўналишда намоён бўлади: атрофимизда биз муносабатда бўладиган нарсаларга, ўсимлик – набототга, ҳайвонотга ва одамларга. Фараз қилайлик, бирон иш қуролимизни фойдаланиб бўлганимиздан сўнг эътиборсизлик билан ўз ўрнига қўймадик. Демак, зарур юмушимизни бажаришга ёрдам берган нарсага нисбатан одобсизлик қилдик. Кейинги сафар зарур бўлганда, биз у нарсани қидирамиз. Баъзан уни топа олмай хуноб бўламиз. Аслида қилган одобсизлигимиз, тарбиясизлигимиз учун  жонсиз нарса бизни жазолаётганини хаёлимизга келтирмаймиз.

Айтайлик, яхши ниятлар билан кўчамизга, ҳовлимизга мева дарахтининг ниҳолини ўтқаздик. Аммо нима бўлди-ю, ниҳол синдирилди. Оқибатда унинг мева бериши бир неча йилга кечикади. Содир бўлган одобсизлик учун ўзига хос равишда жазоланганимизни сезмаймиз. Бирорта уй ҳайвонини боқсак, уни вақтида парвариш қилсак, ҳайвон тез етилади. Демак, одобли хатти-ҳаракат мукофотланади. Одоб мақомининг энг мураккаб кўриниши одамлар ўртасидаги муносабатларда алоҳида аниқ намоён бўлади. Ота-она, қайнота, қайнона, турмуш ўртоғи, фарзанд, қариндош-
уруғ, дўст-биродар, ҳамкасб, раҳбар, ходим деганларидек, юртдошлар билан муомалада бўлиш биздан алоҳида эҳтиётлик ва эътибор талаб қилади. Уларнинг ҳар бири гоҳ оилавий, гоҳ маиший, гоҳ расмий мулозамат доирасида сўз танлаш, табассумда бўлиш ҳолатларини тақозо қилади. Бу ўринда катталар насиҳати, ўқув муассасаларидаги, олий ўқув юртларидаги, қолаверса, ҳаёт дорилфунунидаги таълим ва кундалик синовлар, китобхонликлар камолот зиналаридан қадам-бақадам кўтарилишимизда муҳим манба вазифасини ўтайди.

ХХ, ХХI аср илм-фан тараққиёти таълим-тарбия соҳасида ҳам анча илгарилади. Жумладан, умумий таълим, касбий таълим, политехник таълим деган йўналишлар, таълимнинг лойиҳали, муаммоли, креатив, эвристик, масофавий, медиа; тарбия­нинг ахлоқ-одоб, меҳнат, нафосат, жисмоний, иймон-эътиқод, экологик, иқтисодий каби турлари борлиги кашф этилди. Таълим мазмуни унинг мақсадидан келиб чиқиши, таълимнинг мазмуни деганда, ўқувчининг ўқиб тушуниши жараёнида эгаллаб олиши лозим бўлган билим доираси, тарбия шахсни мақсадга мувофиқ шакл­лантириш жараёни экани, ёшларда дунёқарашни, хулқ-атворни шакллантириш, эстетик дидини ривож­лантириш ва жисмоний камолотга етиштириш омили экани ҳақида илмий тадқиқотлар яратилди, мақолалар эълон қилинди, диссертациялар ёқланди.

Натижада таълим ва тарбиянинг бир қатор сирли қирралари очилди, комил инсонни етиштиришдаги жиҳатларига эътибор ортди. Бу янгиликларнинг ҳаммаси асрлар давомида халқ онгида яшаб келаётган улуғ бир ҳақиқатни – таълим ва тарбия камолотнинг икки қаноти эканини тасдиқлади, миллат фалсафасининг ҳаётбахшлигини муҳрлади.

Таълим ва тарбиянинг асосларидан бири маърифат ҳисобланади. Инсон хатти-ҳаракатидаги олий мартаба – камолотга эришиш маърифатсиз амалга ошмайди. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида маърифат ҳақида шундай дейилган: «Таълим-тарбия, иқтисодий, сиёсий, диний, фалсафий ғоялар асосида кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга қаратилган фаолият». Бинобарин, маърифат фақат инсонга берилган фазилатдир. Одамда кўп жиҳатдан маърифат билан боғлиқ яратиш, ўқиш, хотира, андиша, сўзлаш, иймон, виждон, бурч ва яна кўп хислатлар бор бўлгани сабаб уларнинг ҳар биридан етук фойдаланиш, эришган имкониятларни яхшиликка йўллаш бурчимиздир.

Маърифатли бўлишнинг асосий шарти китобхонликка тақалади. Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов китобни инсон кашф қилган биринчи мўъжиза, деб атаган эди. ХХ асрнинг буюк ўзбек шоири Чўлпон «Адабиёт яшаса – миллат яшар», – деб бежиз айтмаган. Айни чоғда таълим-тарбия ҳақида гап борар экан, адабиётнинг илмий ва бадиий турларга бўлинишини эслаш маълум. Агар илмий адабиёт бизга етук мутахассис сифатидаги фаолиятимизда ёрдам берса, бадиий адабиёт маънавий дунёқарашимизни шакллантиради, ривожлантиради. ХХI асрда замон талабига жавоб берадиган инсон бўлиш учун ҳар икки турдаги адабиёт ҳам зарурдир. Албатта, Чўлпон, Озод Шарафиддинов «адабиёт» деганда, кўпроқ бадиий адабиётни назарда тутган бўлишлари мумкин. Чунки бу икки ажойиб инсон ҳаётлари давомида кўпроқ шахснинг руҳий комиллиги ҳақида жон куйдиришган.

Шубҳасиз, тарбиянинг инсон камолотидаги ўрни жисмоний тарбия билан ҳам узвий боғлиқдир. Халқ осойишталиги, тинчлигини ҳимоя қилувчи ички ишлар органлари ходими ақлий, жисмоний жиҳатдан етук даражага эришиши муҳим ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимининг асосий шиори: «Бош мақсадимиз – халқ манфаатларига хизмат қилиш»дир. Халқ манфаатлари йўлидаги хизмат эса ходимлардан ўз соҳасининг илмий асосларини мукаммал эгаллашдан ташқари, унга юрт тинчлигини хавфда қолдирувчи унсурлар билан, кези келганда, жисмоний тўқнашувларда бўлиш мажбуриятини юклайди. Шундай экан, ички ишлар органи ходими жиноятчи шахсни фош қилишда, унга инсон эканлигини эслатишда ақлан ундан устун бўлиши; унинг режаси, мақсади, ниятини зийраклик билан ҳис қилиши, имкони борича, олдиндан сезиши, шу билан бирга, жисмонан бақувватлиги, чаққонлигини кўрсатиши нур устига нур ҳисобланади.

 

Омонулла МАДАЕВ,

 

доцент. 

Ўхшаш мақолалар