Вафо ва садоқат тимсоли

  • 22:03
  • 25,03-2020
  • 499
  • Улашинг

Бугун Жиззах шаҳрида барпо этилган дилбар шоир, иқтидорли драматург Ҳамид Олимжон ва унинг севимли ёри, шоира Зулфия хиёбони, шоир ва шоиранинг мемориал ёдгорлиги ҳамда уларнинг ижодига бағишланган музей энг файзли масканга айланган.

Адабиётимизнинг улкан намояндалари меросини кенг тарғиб қилиш, асарларига жо бўлган эзгу тушунчалар моҳиятини ёш авлодга етказиш учун Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ўзбек тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисос­лаштирилган мактаб-интернат фаолият кўрсатмоқда.

Хуллас, икки дилбар шахс, икки буюк ижодкор Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним яратган бадиий асарларда тараннум этилган ғоялар мазмун-моҳияти билан ҳам, биргаликда кечирган турмуш тарзи билан ҳам вафо ва садоқат рамзи бўлиб қолди. Улар ўз халқининг юрагида, эрк деганнинг тилагида мангу яшаяпти.

Шоир ва ёзувчилар фақат афсонавий муҳаббатларни куйлаб-тас­вирлабгина қолмайдилар. Уларнинг ўзлари ҳам севган ёрлари билан оташин муҳаббат оғушида ҳаёт кечирадилар. Балки бундай бахтли ҳодисалар кўп эмасдир. Балки бармоқ билан санарлидир. Агар Ҳамид Олимжон билан Зулфиянинг афсонавор муҳаббати бармоқ билан санарли достонлардан бўлса, унинг қиммати янада ошган, бинобарин, у нодир ишқий достонлардан бири бўлади...

1932 йилда Зулфиянинг биринчи шеърлар тўплами – «Ҳаёт варақлари» матбуот юзини кўрди. Бу шеърлар Ҳамид Олимжоннинг ҳам назарига тушди.

«Мен, – деб ёзади Зулфия, – Ҳамид Олимжонни илк дафъа ўша йилда кўрганман. Биз, йигирма чоғли адабиёт ихлосмандлари, семинар машғулотларига йиғилардик. Машғулотларни Ҳамид Олимжон билан Уйғун бошқарарди. Уларнинг ўша пайтдаги фақат ўзига ишонадиган кишидагина бўладиган босиқ, мағрур, кучли қиёфалари мени ҳозиргача ҳайратга солади. Улар ўзларини ниҳоятда эркин тутарди...

...Яшириб ўтирмайман. Ҳамид Олимжон илк кўришувларданоқ кўзимдан кўнглимга ўтди. Мен жуда ёш ҳиссиётим билан унинг кенг қалби, улкан иқтидорини туйдим».

1934 йил эди. Ҳозирги «Мустақиллик» метро бекати олдидаги майдончада Ҳамид Олимжон Зулфияни учратиб қолади. Ҳамид Олимжон тасодифий учрашувдан мамнун бўлиб, Зулфия билан узоқ суҳбатлашади.

– Шеърингизни ўқидим, – дейди у ошкора меҳр билан. – Яхши. Нималигини айтайми? Шеърда қалбингизнинг сурати бор. Бир парчагина бўлса ҳам. У ўзингизнинг қалбингиз. Худди шундай давом эттириш керак. Риторикасиз, ҳақиқатни ёзиш зарур...

«Ўшанда, – деб ёзади шоира, – мен уйимизга юриб эмас, учиб келдим. Келибоқ йўл бўйи туғилган туйғуларимни қоғозга туширдим. Мен бу шеърни шундай енгил, тўлиб-тошиб ёздимки, юрагимга аллақандай афсонавий бир қудрат кириб олиб, фикрларим, қўлларимга куч бахш этаётгандай эди».

Ўша тасодифий учрашувнинг бундай шоирона талқин этилиши ҳам, Зулфиянинг ўша унутилмас оқшом соатларида «Баҳор кечаси» шеърини ёзиши ҳам бежиз эмас. Ҳамид Олимжон билан Зулфия ўртасидаги дўстлик ва муҳаббат саройининг муҳташам биносига худди ўша куни биринчи ғишт қўйилган эди.

1935 йил улар ҳаётига энг бахтли сана сифатида кириб келди. Шу йилнинг
23 июль куни тақдир икки шоирнинг ҳаёт ришталарини бутун умрга бир-бири билан боғлаб ташлади. Шу даврда Ҳамид Олимжон 26 яшар қирчиллама йигит бўлиб, бешта шеърлар ва ҳикоялар китоби муаллифи, таниқли шоир, тиришқоқ ижодкор, ёш шоирлар учун эса устоз сифатида эл оғзига тушган эди. У Зулфия учун турмуш ўртоғи ва дўстгина эмас, балки унинг ижодий тақдирида мислсиз аҳамиятга молик сиймо ҳам бўлди.

«1935 йилда тўйимиз бўлди, – деб ёзади Зулфия. – Мен яйраб яшардим. Инсон чинакам севиб, севилганда атрофидаги барча қийинчиликлар ушоқ бўлиб кўринади. Тўрт фасл ҳам баҳор бўлиб кўринади. Мен ўша пайтда шундай руҳда эдим».

Нодир инсоний фазилатлар соҳиби Ҳамид Олимжон Зулфияга, ҳамма нарсада ўрнак бўлди. Зулфия улкан шоирдан фикрлаш, меҳнат қилиш ва шеър ёзишни ҳам, дўстларга меҳрибон, душманга эса шафқатсиз бўлишни ҳам ўрганди, унинг ижод мактабида таълим олди. Ҳамид Олимжон шу маънода Зулфия қалбига уйғун ҳамроҳ ва сезгир маслаҳатчи бўлди.

Барча бахтиёр кишилар бир-бирларига ўхшайдилар. Бахтиёр инсон дилнавоз ошиқ ёки маъшуқага ўз қалбининг биллур туйғуларини нисор этади. Зулфия ҳам, Ҳамид Олимжон ҳам ўша чароғон йилларда қалб қўрини, меҳр-муҳаббат тафтини бир-бирларидан сира фориғ тутмадилар.

Ҳамид Олимжон 30-йилларнинг иккинчи ярмида она юртнинг оташин куйчисига бежиз айланмаган, олтин водийлару бахмал адирларни бежиз ёниб тасвирламаган, бепоён Ватанимизнинг жаннатмонанд тасвирини бежиз яратмаган. Уни шундай гўзал шеърият дурдоналарини яратишига илҳом берган ҳам унинг қалбидаги Зулфияга бўлган муҳаббатнинг латиф туйғулари эди.

 Наим КАРИМОВ.

 Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ўртасидаги пок севги, оилавий ҳаёт турмуш тарзи вафо ва садоқат намунаси бўлганлиги айни ҳақиқатдир. Аслида Ҳамид Олимжоннинг Бахт, Баҳор ва Ўшлик куйчиси бўлиб элга танилишида ҳам, тарихда қолишида ҳам, Юнус, Мисқол парилардек фариштамисол оналари Комила ая ва бувиси сўзлаб берган эртаклар, достонлар билан бир қаторда ... «ойни уялтирган қош» соҳибаси – Паризоди – Зулфия ҳам сабаб бўлганди. Шоирнинг

 

«Энг гуллаган ёшлик чоғимда,

Сен очилдинг кўнгил боғимда.

Шунда кўрди кўзим баҳорни,

Шунда қалбим таниди ёрни.

сатрларини эсга олайлик...»

 

Навқирон ошиқ йигитнинг ишқ чаманзорига илк қадам қўйиши ана шундай бошланади. Ярқираган шеърият «қуёши» ёнида унга парвонамисол милтираган «юлдуз» пайдо бўлди. Қуёш нуридан баҳраманд бўлиб, завқ-шавқ олиб муҳаббат қўшиғини куйлайди маҳбуба. Бу қўшиқда муштоқ ошиқ қалб жўр бўлади унга. Таъриф этилганидек:

 

Икки оташ икки аланга

Икки қалбга туташгани рост.

Бир севгики, жон берар танга

Ҳамид ила Зулфияга хос.

 

Ҳа...!!! Табиат бу икки мусаффо қалбда туғён урган муҳаббат ришталарини бирлаштирди. Омон ва Ҳулкардек дилбар фарзандлар ато этди, шеъриятга – гўзалликка шайдо илҳақ қалбга жўшқин илҳом берди.

Лекин афсус-надоматлар бўлсинки, бундай фараҳбахш, саодатли онлар нашидаси узоққа чўзилмади. Оташин сатрларнинг илҳомбахш қуёши, ҳомийси айни навқиронлик пайтида пок, маъсум туйғуларни, мунис аҳд-паймонларни ғафлатда, доғда қолдириб, учиб кетди сарлочин.

 

Эриб кетмагандим севгингдан

Бўлмаслик-чун бахтингдан жудо.

Бирга қолиш учун сен билан

Куяман-у бўлмайман адо,

 

дея армон қилишдан ўзга чора тополмади етим қолган бахт. Аммо шоиранинг жасорати шундаки, у тақдирнинг бу қадар ёвуз туҳфасига нафақат сабру бардош ила кўникди, айни пайтда Зулфияхоним Ҳамид Олимжон орзу-армонларини амалга оширди. Ҳар йил баҳорда – ўрик гуллаган чоғларда, қалдирғочлар «вижир-вижир»ларида у билан «учрашиб» турди.

Чиндан ҳам Ҳамид Олимжондек буюк сиймога тақдир тақозоси билан Зулфияхонимдек оқила, донишманд, матонатли шоира аёлнинг умр йўлдоши бўлиши айни муддао эди. Бинобарин, бу фидойи, вафодор аёлни шоир руҳи қўллади, унга халқи меҳри мададкор бўлди.

 

Нуриддин БОБОҚАНДОВ.

 

Парвардигорнинг ўзи Зулфиянинг тақдирини элнинг ҳассос шоири, муҳташам сўз соҳиби, такрорланмас истеъдод эгаси Ҳамид Олимжон билан боғлаган эди. Бироқ Ҳамид Олимжон бу оламни эрта тарк этди. Шоира ўттизга ҳам кирмасдан икки фарзанди билан қолиб кетди. Ҳам оила, ҳам ижод, ҳам кундалик ишлар... ҳамма-ҳаммаси унинг аёл бошига тушди. Чин ихлос, ҳақиқий интилиш, ҳаётсеварлик, покиза ахлоқ уни ҳаётнинг барча қийинчиликларини сабот билан енгиб ўтишида қўл келди. Ва буларнинг барчаси шеърларида ўз аксини топди. Умр йўлдоши вафотидан кейин ёзилган мана бу мисралар ҳар қандай дилларни ўртаб юборади:

 

Сени бирдан жонсиз кўрдим,

Жоним чиқди менинг-да.

Эс-ҳушимдан ажраб турдим,

Туйғум кетди сенинг-ла.

Кошки эди, мен бошингда

Турган бўлсам ўша дам.

Кирмасмидим мен қонингга,

Бермасмидим жонни ҳам.

 

Бу чин ошиқнинг сўзлари. Лирик қаҳрамон оташин ишқи билан бахтини асраш истагида ёнади. Мунис аҳдда саодатдан маҳрум бўлиш йўқлигини айтиш билан қалбида катта орзулар яшаётганини ифода этади. Унинг Ҳамид Олимжон хотирасига бағишлаб ёзилган ҳар бир шеъри замирида, аввало, унинг ўлмаганлиги, доим хаёлида яшашини айтиш билан бир қаторда, ҳали дийдор борлигига ишонч руҳи бор:

 

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,

Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.

Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,

Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам.

 

Ғайрат Мажид.