Жамият тараққиётида аёллар

  • 21:02
  • 26,02-2020
  • 1437
  • Улашинг

Биз ҳар сонияда ўзгаришлар, янгиланишлар даврида яшаяпмиз. Бу эврилишлар саҳнида ўзбек аёлининг ҳар қачонгидан-да шаҳду шижоатли қиёфасини кўраётганимизни тан олишимиз керак. Дарҳақиқат, аёл оилада меҳрибон она, куюнчак опаю, суйгунчак сингил, яна севимли ёр, оқила рафиқа, ораста бека. Жамиятда эзгу мақсад, эзгу ўй ва эзгу амал билан юрт тараққиёти, эл фаровонлигига ҳисса қўшаётган шифокор, ўқитувчи, журналист, тадбиркор, фермер, ҳисобчи, ички ишлар органи ходими ё бўлмаса ҳарбий ёки иқтисодчи. Президентимиз таъкидлаганидек, «...бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак».

Хўш, юртимиз тараққиётида аёлнинг янги қиёфаси қандай, у жамиятнинг кузатувчиси эмас, иштирокчисига айлана оляптими? Бу саволнинг жавобини айни дамларда ижтимоий маконда аёлларнинг қачонлардир хаёл бўлиб, бугун ҳаётига кўчаётган ёрқин лаҳзаларга бой фаолиятида кўриш мумкин.

Аёл бугун шунчаки фермер хўжалигида ишчи эмас, балки шу фермер хўжалигининг раҳбари. У аввалгидек боғидан сархил мевани узиб, режани тўлдирганига хурсанд бўлиш билан кифояланмайди. Балки, шу меваларни музлатгичда сақлаб, қишда ҳам эндигина дарахтдан узилгандек эл-юрт дастурхонига тортиқ қилишни, ҳатто меваларни қуритиб, сифатли ва бежирим қадоқда ёки шарбат кўринишида хориж­га ҳам юборишни ўйлайди. У эндиликда оддий боғбон аёлдан етук иқтисодчи сифатида тобланиб бораётган инсон.

Бугунги аёл ярим кун дарсини ўтиб қайтадиган ўқитувчи эмас, у оддийгина қишлоқ шароитида халқаро миқёсдаги илм-фан, техника беллашувига билим уфқи кенг шогирдини йўллаётган фидойи устоз, мураббий. Аёл Қонунчилик палатасида ўттиз тўрт миллион фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларига хизмат қилувчи муҳим қонун лойиҳалари устида бош қотираётган депутат. Бир мурожаат ортидан туманнинг нариги бошидаги муаммони ҳал қилишга ошиқадиган ҳоким ё ҳоким ўринбосари.

У қўшниси, яқин инсони ёки умуман нотаниш ватандошининг тинчлиги, осойишталиги ва қонуний манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида кунни тунга улаб фидойилик билан меҳнат қилаётган ички ишлар органи ходими. Шу тизимда касбий кўникмалари, тажриба ва билимларини ишга солиб Ватанга садоқат билан хизмат қилаётган соҳанинг жонкуяр раҳбари. Ҳар бир маҳаллага осойишта тонглар саодатини тилаб уйғонадиган инсон.

Қувонарлиси шундаки, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим бўлган масъ­улиятли лавозимларда ва хизматларда зиммасига юклатиган вазифани шараф билан адо этаётган хотин-қизлар сони тобора ортиб бормоқда. Керак бўлганда, улар ўзига хос фикр-мулоҳазаси, асос­ли таклифлари билан юрт тараққиёти, келажаги ҳақида қайғуриб, муҳим масалаларда ўз қарашларини очиқ-ошкора айта оляпти. Бунинг самараси ўлароқ, уларга ишонч ва муносабат ўзгармоқда. Бу мамлакатимизда барча соҳаларда туб ислоҳотлар тобора кенг қулоч ёйиб, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган халқни рози қилишдек улуғ мақсадга қаратилган эзгу ишларнинг муҳим бир йўналиши сифатида жамият ҳаётида хотин-қизлар фаоллигини оширишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганининг шарофатидир.

Кейинги йилларда бу борада юртимизда муҳим қадамлар ташланганлигини эътироф этиш жоиз. Хусусан, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази, Ҳукумат ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази каби янги тузилмалар ташкил топди. Ушбу янги ташкил этилган барча институционал механизмлар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда БМТ Конвенциясига мувофиқ, аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам беришнинг ягона яхлит механизмига айланиши масаланинг муҳим томони. Халқаро меъёр ва стандартларга мос келувчи бу нормаларнинг бир қисми БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари тавсияларига асосланганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Агар тарихга юзлансак, Тўмариснинг қаҳрамонлиги, жасорати, мардлиги, оқилалиги миллатимиз ғурурига айланиб, ватанпарварлик, жасорат ва садоқат тимсолидир. Бугун давлат ва жамоат ишларида фаолият олиб бораётган аёллар кўҳна тарих саҳифаларида Тўмарисдек ёрқин из қолдирган аждодларимиздан андоза олса, не ажаб. Қолаверса, айни дамларда тиббиёт соҳасида
82 фоиз, таълим ва санъат соҳасида 72 фоиз, қишлоқ хўжалигида 45 фоиздан ортиқ, саноат соҳасида эса 35 фоиздан зиёд хотин-қизлар меҳнат қилаётгани Ўзбекистон аёллари тиббиёт ва таълим йўналиши гендер тенглигига эришгани ва бошқа ижтимоий соҳаларда фаолият кўлами тобора кенгайиб бораётганини асос­лайди.

Маълумки, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева Дубай амирлиги шайхи Манал бинт Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум зоти олиялари таклифига биноан 17–18 февраль кунлари Дубайда бўлиб ўтган Жаҳон аёллар форумида иштирок этди.

Форумнинг дастлабки кунида сўзга чиққан Саида Мирзиёева ўз нутқида сўнги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, улар учун эркаклар билан тенг шароитлар яратиб беришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Айниқса, хотин-қизлар учун муносиб иш, турмуш шароитларини яратиш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, аёлларнинг социал-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, хотин-қизларнинг мамлакат ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада мус­таҳкамлаш мақсадида эркак­лар ва аёлларнинг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари тенглигини қонун даражасида кафолатлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий самарасини бераётганини билдирди.

Мавзу юзасидан анжуман мезбонларини қизиқтирган саволларга жавоб берар экан, жумладан, шундай деди:

– Бизнинг навбатдаги муҳим мақсадимиз – ижро этувчи ҳокимият органларида аёллар сонини кўпайтириш. Бу аёл вазирлар, аёл ҳокимлар, компаниялар директорлар кенгашининг аёл аъзолари сонини ошириш дегани.

Ва мен шуни айтишим керакки, бу йўналишда ҳам муваффақиятга эришдик. Масалан, Ички ишлар вазирлиги тизимида 16 нафар аёл раҳбар лавозимларга тайинланди.

Шу ўринда ички ишлар бўлимларида хотин-қизлар билан яқиндан ишлаш учун аёл инспектор, психолог фаолияти йўлга қўйилганлигини таъкид­лаш жоиз. Аксарият ўзбек аёллари ўз муаммоси, юрагини қийнаётган дардни эркак киши билан бўлишмаслигини инобатга олсак, ҳаётий тажриба ва ҳуқуқий билимларга эга аёлнинг иккинчи бир аёлга кўмакчи сифатида фаолият юритаётгани оз фурсатларда ўзининг ҳаётий зарурат эканлигини намоён этди. Айни чоғда бу орқали кўплаб кўнгилсизликларнинг олди олиниб, муаммоли вазиятларга ечим топилаётгани айни муддаодир. Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, «қаерда аёл бўлса, ўша ерда коррупция камроқ, ўша ерда халқ билан мулоқот кўпроқ». Бу сўзлар замирида жамият ҳаётида хотин-қизларга берилган юксак баҳо ва уларни ижтимоий-сиёсий фаолликка ундовчи кайфият бор.

Бугун давлат бошқарувида аёлларнинг фаоллиги жамият томонидан яхши қабул қилинаётганига ҳар биримиз гувоҳмиз. Мамлакат тарихида илк бор Сенат раислигига аёл киши – Танзила Норбоева сайланди. Сирдарёнинг Боёвут туманига Дилфуза Ўралова ҳоким этиб тайинланди. Юқорида таъкидлаб ўтилган
16 нафар раҳбар аёллар орасида тергов ва ҳуқуқ­бузарликлар профилактикаси бўлинмалари бошлиқлари бор. Илгари ушбу лавозимларни эркаклар эгаллаб тургани ва янги раҳбарларни тайинлашда биринчи навбатда касбий фазилатлар, тажриба ва билимлари ҳисобга олингани ички ишлар тизимида ҳам янги замон аёлининг чизгилари тобора қуюқлашиб, соҳа ривожига ҳисса қўшаётганини кўриш мумкин.

Зотан, Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротованинг «Бизга қандай иш-вазифа берилишидан қатъи назар, мамлакатимизни, иқтисодиётимизни мус­таҳкам қилишда, юртимизнинг тараққий топишида, халқимизнинг фаровон яшашида бор билимимиз, бор кучимизни аямай, жуда катта масъулият билан меҳнат қиламиз» деган сўзлари бугун янгиланаётган Ўзбекистон тараққиётига ўзининг ташаббуслари ва фидо­йилик тўла қалблари билан ёниб кириб келаётган ҳар бир ўзбек аёлининг эзгу мақсади, муддаоси эканлигига ишонамиз.

 

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

журналист.