Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий қиёфаси: у қандай бўлиши керак?

  • 13:02
  • 13,02-2020
  • 603
  • Улашинг

Маънавият инсонни инсон қиладиган омил сифатида унинг онги ва руҳияти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, у ҳар бир одам, жамият, миллат ва халқ ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Бир сўз билан айтганда, маънавият – ҳар қандай жамият аъзосининг зоҳирий ва ботиний дунёсини белгилаб берадиган мезон, уни руҳан покланиб, қалбан улғайишга чорлайдиган, ирода ва иймон-эътиқодини мустаҳкам қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс кучдир.

 Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал

Халқимиз азалдан маънавиятнинг уч илдизи – эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амалга таяниб не-не долғали замонлардан, синовлардан эсон-омон ўтган, халқ сифатида, миллат сифатида ўзлигини сақлаб қолган. Бугунги авлод босқин ва истилолар, энг оғир, мураккаб шароитда ҳам маънавий ҳаёт мезонлари, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиб, комиллик сари интилиб яшаган аждодларнинг давомчиларидир. Шундай экан, биз фикр ва ғояда ҳам, сўз ва ишда ҳам эзгу фазилатлар ва интилишларни устувор билишимиз лозим.

Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий қиёфаси, уни қандай шакллантириш ва ривожлантириш ҳақида сўз бораркан, биринчи навбатда, Ватан туйғуси, унга дахлдорлик ҳисси хаёлимиздан ўтади. Айниқса, табиатга, одамларга яқинлик, доимо яхшиликни ўйлаб яшаш, ҳалол меҳнат қилиш ҳам ички ишлар органлари ходимларининг маънавиятини белгиловчи омиллардир.

Дарҳақиқат, давлат ва жамият тараққиётига, халқнинг тинч-осойишта ҳаёт кечиришига хизмат қилиш, зиммасига юклатилган вазифаларни сид­қидилдан бажариш, ўз олдига эзгу, буюк мақсадлар қўйиб яшаш, ҳалол-пок бўлиш, юрт ва халқ манфаатларини ўз манфаатларидан устун билиш, одамларнинг бахт-саодати йўлида жонфидолик ҳар бир ички ишлар органи ходимининг маънавий қиёфасига чизги бўла олади.

Аёнки, маънавиятсиз ҳеч қачон одамийлик ва меҳр-оқибат, бахт-саодат бўлмаган, бўлмайди ҳам. Бинобарин, жаҳон айвонида қанча инсон, қанча тақдир бўлса, ҳар бирининг ўз маънавий олами бор. Ҳар бир инсон, у қайси соҳа вакили бўлишидан қатъи назар, ўзлигини, инсоний қадр-қимматини англаб етиши ва маънавиятини тараққий эттириши даркор.

 Пок виждон, бедор қалб билан

Бу олам саҳнидаги ҳар бир одам ҳалол ва пок яшашни ўзи учун ҳаётий эътиқод, олий мақсад деб билиши лозим. Бу талаб биринчилардан бўлиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига тааллуқли. Шундагина бу ёруғ оламда маънавият ҳамиша барқарор, эзгу ишлар бардавом, ёвузлик мағлуб бўлади. Ахир, халқимизнинг онгу шуурига сингиб кетган «Пок­лик – иймондандир» деган ҳикмат бежиз яралмаган.

Аслида ҳам виждон поклиги ва қалб бедорлиги инсон маънавиятининг таянч устунларидан биридир. Кишилик жамиятида адолат ва ҳақиқат, меҳр-шафқат, инсофу диёнат каби тушунчаларни қарор топтириш ҳам айнан лоқайдликка муросасиз, виждони уйғоқ одамларнинг кўплигига боғлиқ. Чунки виждони уйғоқ одам ён-атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларнинг муаммоларига, адолатнинг топталишига бефарқ қарай олмайди.

Айниқса, халқ манфаатларига хизмат қилишни муқаддас бурчга айлантирган ички ишлар органлари ходимлари эл-юрт манфаатига зарар етказадиган ҳар қандай ёвуз хатти-ҳаракатга кўксини қалқон қилади, киндик қони томган, ота-боболарининг хоки туроб бўлган она заминга ва унинг халқига нисбатан хиёнат ва сотқинликни асло кечирмайди. Безовта қалб, бедор виждонли ходим бундай ҳолатларни бартараф этишга интилади, керак бўлса, бу йўлда ҳатто жонини ҳам аямайди. Бунга ички ишлар органларида узоқ йиллар фидокорона фаолият юритган катта авлод вакиллари ва ҳозирги кунда сидқидилдан хизмат қилаётган ходимлар ҳаётидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

 Саодат соҳилига элтувчи йўл

Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий қиёфасини шакллантиришга бевосита таъсир қиладиган яна бир муҳим ҳаётий омил таълим-тарбия тизимидир. Дунё тамаддунининг тамал тошини қўйган буюк аждодларимиз бежиз илму маърифат, таълим-тарбияни инсон камолоти, миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови, деб билишмаган. Чунки у инсон онгу шуурининг даражаси ва тараққийсини белгилаб берадиган, маънавиятини шакллантирадиган ва бойитадиган энг муҳим омилдир.

Шу боис кейинги уч йил мобайнида Ички ишлар вазирлиги тизимидаги таълим тизими ҳам тубдан такомиллаштирилди. Зеро, таълим-тарбия тизимини ва шу асосда онгни ўзгартирмасдан туриб, маънавиятни юксалтириш, унинг тараққийсига эришиш имконсиздир. Бу соҳадаги дастлабки қадам сифатида пойтахтда, Қорақалпоғистон Республикасида ва ҳар бир вилоятда Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари очилди ҳамда уларга келажакда халқ манфаатлари йўлида хизмат қилишни олий саодат деб биладиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлишга интиладиган ёш йигит-қизлар қабул қилинди. Дастлабки натижаларнинг ўзиёқ бу тўғри танлов бўлганини кўрсатди.

Ички ишлар органлари учун малакали кадрлар тайёрлаш, ходимларни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, комил инсонлар этиб тарбиялашни асосий мақсади ва вазифаси деб билган ИИВ Академияси жамоасида ҳам жиддий ўсиш кузатилди. Хусусан, таълим жараёнини ташкил этиш ва бошқаришда миқдор ўзгаришларидан сифат ўзгаришларига ўтилди. Яъни, ўқув муддатлари қисқартирилди, замон талабидан келиб чиққан ҳолда, янги йўналишлар жорий этилди. Академиянинг моддий-техник базаси янгиланди ва бойитилди. Энг муҳими, бўлажак ички ишлар органлари ходимларининг маънавиятини бойитадиган янги авлод адабиётлари яратилди.

Шунингдек, таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида сиртқи таълим, раҳбар кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимлари такомиллаштирилиб, давр руҳига мос келадиган замонавий технологиялар ва ўқув адабиётлари билан таъминланди.

 Хулоса ўрнида

Нафсиламрини айтганда, бугунги шиддатли даврда чинакам маънавиятли ва маърифатли одамгина инсон қадрини билиши, ўз миллий қадриятларини, миллий ўзлигини англаши, эркин ва озод жамиятда яшаш, мустақил давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун фидойилик билан кураша олиши мумкин. Бинобарин, ички ишлар органлари ходимининг маънавий қиёфасини шакллантириш ва ривожлантириш ҳозирги куннинг энг муҳим масалаларидан биридир.

Ўз мухбиримиз.