Адолат устуворлиги – замон талаби

  • 20:06
  • 15,06-2019
  • 1310
  • Улашинг

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш лозимлиги, судьялар корпусини шакллантириш тизимини суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига тўлиқ мослаштириш, бу жараёнда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш зарурлиги, бунинг учун туман, шаҳар ва вилоят суди судьяларини танлаш ва тайинлаш вазифасини Судьялар олий кенгаши тўлиқ ўз зиммасига олиши мақсадга мувофиқлиги, бу борада жамоатчилик фикри ва судьяларнинг улар олдида ҳисобот бериш масаласи ўз ифодасини топиши зарурлиги таъкидланган эди.

 Шу муносабат билан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дас­турининг 37-бандида судьяликка номзодларни конкурс асосида олдиндан танлаб олиш механизмини жорий этиш ва кенг жамоатчилик фикри ўрганилган ҳолда, судьялар ҳамжамияти томонидан судьяларни тайинлаш тартибини жорий этиш орқали судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва тайинлаш тартибини такомиллаштириш назарда тутилди. Ушбу банднинг ижроси юзасидан ҳозирда тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, айни пайтда манфаатдор вазирлик ва идоралар, кенг жамоатчилик билан муҳокама қилинмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 63-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, раис ўринбосарлари, судьялари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари ва раис ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси судларининг раислари ва раис ўринбосарлари Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан сайланади.

Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари, Қорақалпоғис­тон Республикаси туманлараро, туман (шаҳар) судларининг раислари ва судьялари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган тақдимномасига биноан Қорақалпоғис­тон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тайинланади.

Ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьялари, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг раислари ва судьялари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади.

Ўзгартиришлар киритилганидан сўнг ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьялари, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг раислари ва судьялари тўғридан тўғри Ўзбекис­тон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ўзи томонидан лавозимга тайинланадиган ҳамда лавозимдан озод этиладиган тартиб ўрнатилади.

Республика бўйича 1380 судьялик штати бўлиб, жорий йилнинг 8 январь ҳолатида 1147 нафар судьялар фаолият юритмоқда. 2018 йил давомида илк бор судьялик лавозимига 5 йиллик муддатга 112 нафар, 10 йиллик муддатга 129 нафар, 17 нафар судьялар муддатсиз даврга тайинланган (сайланган).

Шу билан бирга, Давлат дастурининг 37-бандида судьяларни етарли ҳаётий тажриба ва юқори малакага эга шахслардан шакллантириш мақсадида судьяликка илк бор тайинланадиган номзодлар учун ёш цензини қайта кўриб чиқиш белгиланди. Ушбу масала бўйича ҳам қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда муҳокама қилинмоқда.

Бу бўйича амалиётга эътибор қаратадиган бўлсак, 2019 йил 8 январь ҳолатида жами 645 нафар шахс илк бор судьялик лавозимига тайинланган бўлса, уларнинг 250 нафари 35 ёшга тўлмаган судьялар ҳисобланади.

Қайд этиш керакки, судьялар қонунга, одиллик тамойилларига қатъий амал қилиб, ўз вазифасини ҳалол ва виждонан адо этса, судлар адолат қўрғонига айланишига эришиш мумкин. Кейинги икки йилда судлар мус­тақиллигини таъминлаш бўйича ҳам муҳим чоралар кўрилди. Жумладан, жорий йилнинг ўзида 1 минг 881 та жиноят иши далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли тугатилди, судлар томонидан 590 нафар шахс оқланди. Ваҳоланки, бу рақам 2016 йилда – эътибор беринг – бор-йўғи 28 тани, 2017 йилда эса 263 тани ташкил этган эди.

Шунингдек, 5 минг 462 нафар шахсга нисбатан терговда асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди, 2 минг 449 нафар шахс эса суд залидан озод қилинди. Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди.

Инсонпарварлик тамойили асосида мутлақо янги амалиёт жорий этилмоқда. Бунинг натижасида жиноят йўлига адашиб кириб, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган 993 нафар фуқаро, жумладан, 456 нафар йигит-қиз ҳамда 113 нафар аёллар Ёшлар иттифоқи, маҳаллалар ва хотин-қизлар қўмиталарининг кафиллиги билан жазодан озод қилинди.

Жойларда судьяликка номзодларнинг шахсий ва касбий сифатларини ўрганиш учун жамоатчилик комиссия­лари ташкил этилди.

Бундан ташқари, «Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2018 йил 23 июлдаги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан халқ депутатлари Кенгашларига бир йилда камида бир марта вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раислари томонидан тегишли суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисидаги ахборот бериш тартиби жорий қилинди.

2018 йил давомида қайд этилган суд раисларининг тегишли халқ депутатлари Кенгашларида 658 та ахбороти тингланди.

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашда Олий Мажлис ҳузурида ташкил этилган Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссияси муҳим ўрин тутмоқда. Ушбу комиссия Ўзбекис­тон Республикасида суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашмоқда.

Комиссия ўз фаолияти давомида:

суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари ижроси устидан тизимли мониторингни амалга оширмоқда;

суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш борасидаги муаммоларни, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини танқидий таҳлил қилмоқда;

суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш борасидаги ишларнинг амалдаги ҳолатини ўрганмоқда;

одил судловни амалга оширишга ҳамда суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни аниқламоқда;

суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқмоқда;

ривожланган хорижий мамлакатларнинг суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллигини таъминлаш борасидаги тажрибасини ўрганмоқда.

Адолат, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида судда ишларни электрон тақсимлаш тизими амалиётга киритилди. Эндиликда инсон аралашувисиз ишни қайси судья кўришини электрон дастур белгилайди.

Айни пайтда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида судьяликка номзодларни танлаш, шахсий ва касбий сифатларини ўрганишнинг чинакам демократик ва ошкора тизимини жорий этиш лозим. Хусусан, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда, номзодларни судьялик лавозимига тавсия этиш тартибини қонун билан мустаҳкамлаб қўйишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Муносиб топилган номзодларни камида бир йил ўқитиб, тайёр судья сифатида лавозимга тайинлаш тизимини жорий этиш зарур. Бунинг учун Судьялар олий кенгаши қошида Судьялар олий мактаби ташкил этилди.

 

   Отабек ИСМОИЛОВ,

   Ўзбекистон Республикаси

   Олий суди бошқарма бошлиғи.