Ички ишлар органлари: тарих ва бугун

  • 18:02
  • 15,02-2019
  • 3076
  • Улашинг

 

 

Қарийб уч минг йиллик тараққиёт йўлини босиб ўтган ўзбек давлатчилиги тарихида давлат ва жамият хавфсизлиги, тинчлик-осойишталикни таъминлаш масаласига катта эътибор берилган.

Масалан, энг қадимги ёзма манба – «Авесто»да одамлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи ижтимоий-ҳуқуқий нормалар, жиноят ва жазо масалаларига оид қизиқарли маълумотлар келтирилган. Тадқиқотчилар «Авесто» матнлари асосида ўша даврдаги жиноятларнинг таснифини тузганлар. Унга кўра, жиноятлар динга, шахсга, ҳайвонларга, мулкка, табиатга қарши каби турларга бўлинган ва ҳар бирига мос жазо тизими белгиланган. Такрорий жиноят учун оғирроқ жазо тайинланган.

Тарихий манбалар гувоҳлик беришича, қадимда Ватанимиз ҳудудида вужудга келган давлатларда ҳарбий жангчилардан ташқари, «соқчи», «қоровул», «чокар», «шихна», «ясовул», «кўкалдош», «посбонбоши», «сарбоз», «миршаб»лар ҳукмдор қароргоҳи, қалъалар ва бошқа иншоотларни қўриқлаш, жамоат тартиби, осойишталикни сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш каби вазифаларни бажарган.

Ўзбек давлатчилиги тарихида чуқур из қолдирган Амир Темур салтанатида ҳам ички хавфсизлик масалаларига катта эътибор берилган. «Темур тузуклари»да ёзилади: «Амр этдимки, ўғри ва қароқчиларни «Ясо» асосида жазоласинлар; фасодчи, бузуқи, нафси ёмон кишиларни мамлакатдан ҳайдасинлар...

Ҳар бир шаҳар ва қишлоққа қутвол тайинласинларки, сипоҳу раиятга соқчилик қилсин ва кимнинг бирон нарсаси ўғирланса, бунинг масъулияти унинг зиммасида бўлсин.

Ва яна буюрдимки, йўл устида кузатувчилар, зобитлар тайинласинлар, улар йўлларни қўриқлаб, йўловчилар, савдогарлар, мусофирларни кузатиб, мол-мулки ва бошқа нарсаларини манзилдан-манзилга етказиб қўйсинлар».

Юқоридагилардан кўриш мумкинки, Амир Темур салтанатида жиноятчиликка қарши курашишда ҳуқуқий асос – қонунлар тўплами мавжуд бўлиб, маҳаллий ҳокимлар ҳудуддаги тартиб-осойишталикка ҳам масъул бўлган.

Бугунги кунда ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари, жиноят қидирув ходимлари ва профилактика инспекторларига давлатимиз раҳбари томонидан айнан шундай талаб қўйилмоқда. Яъни, ўзига бириктирилган ҳудудда жиноят содир этилишига йўл қўймаган, унинг олдини олган раҳбар ва ходимлар ойлик маошининг бир неча баравари миқдорида рағбатлантирилади, аксинча бўлса, ойлик маошининг маълум қисми жарима кўринишида ушлаб қолинади. Бундан мақсад уларнинг масъулиятини янада оширишдир.

Кейинги юз йилликларда Марказий Осиё хонликларида ўзаро ички низолар натижасида сиёсий тарқоқлик кучайиб, иқтисодий тараққиёт орқага кетади. Шундай бўлса-да, бу даврда ҳам ички хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш масаласи давлат эътиборида бўлган.

Бу даврда тинчлик ва осо­йишталик учун миршаблар, яъни ҳарбий амалдор масъул ҳисобланган. Улар шаҳар ва қишлоқларда кечаю-кундуз соқчилик қилиб, жамоат жойлари, бозорлар ва кўчаларда тартиб-осойишталикни таъминлаган, қозилар томонидан жиноят учун тайинланган жазони ижро этиш ҳам уларнинг зиммасига юкланган.

Маълумки, ўзбек халқида қадимдан ўзгалар молига кўз олайтириш, ўғирлик қилиш қаттиқ қораланган. Камдан-кам учраб турадиган тарозидан уриш, ўғирлик, зино ва бошқа шу каби жиноятларда айбдор аниқланса, у аҳоли ўртасида намойишкорона жазоланган. Бу ҳам ўзига хос профилактика вазифасини ўтаб, жиноятчиликнинг камайишига сабаб бўлган.

Аҳоли томонидан ҳар бир маҳалла, кўчаларнинг ўз оқсоқоли сайланган, улар турли оилавий келишмовчиликлар, қўни-қўшнилар ўртасидаги жанжалларни жойида ҳал этган. Фақат иложсиз вазиятлардагина можарога миршаб­лар ва қозилар аралашган.

Мустабид тузуми даврида ички ишлар органлари тизимида кўплаб ўзгаришлар қилинган бўлса-да, аммо моҳият ўзгармаган, респуб­лика ички ишлар вазирлиги мустақил ҳаракат қилолмас, иттифоқ ИИВнинг ҳудудий органи сифатида фаолият олиб борар эди. Натижада, оддий халқ милицияга ишончсизлик билан қарар, ички ишлар органлари тоталитар тузумининг жазо органига айланиб қолган эди.

Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб бошқа соҳалар қатори, ички ишлар органлари тизимини ислоҳ этиш, уни миллий давлатчилигимиз тараққиётига ҳамоҳанг такомиллаштириб боришга алоҳида эътибор қаратилди.

Энг яқин тарихимиздаги ички ишлар органлари тизимида амалга оширилган ислоҳотларни шартли равишда 3 босқичга бўлиш мумкин:

1-босқич. 1991–1998 йилларда давлат мустақиллигининг қўлга киритилиши ва ўтиш даврида ички ишлар органларининг моддий-техник аҳволини яхшилаш, малакали миллий кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этишга қаратилган дастлабки ўзгаришлар қилинди.

2-босқич. 1999–2016 йилларда мустақиллик йилларида тўпланган тажриба ва мамлакатда юзага келган шарт-шароитлардан келиб чиқиб, ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

XXI аср бўсағасида дунёда юз берган ўзгаришлар, глобаллашув жараёнларининг кучайиши мамлакатимизда ҳам хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш, турли таҳдидларга қарши курашишда янгича ёндашувни ишлаб чиқишни кун тартибига қўйди. 1999 йил 16 февраль воқеалари ички ишлар органлари тизимида камчиликлар борлигини кўрсатди.

Шу боис, Тошкент шаҳрида жамоат тартибини ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги концепция жорий қилиниб, унга биноан, шаҳардаги аввалдан мавжуд милиция участка нозирлари ўрнига профилактика инспектори штат бирликлари таъсис этилди. «Маҳалла посбонлари» ва «Яраштириш комиссия­лари» жамоат тузилмалари ташкил этилди. Бу тузилмалар жойларда жиноячиликка қарши кураш ва унинг олдини олиш, ички ишлар органларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигини кучайтиришга имкон берди.

3-босқич 2016 йилдан бошланди. Ўзбекистон Рес­публикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуни ва Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида тизимни тубдан такомиллаштириш, ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходим «Халқ манфаатларига хизмат қилиш»ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошира бошланди. Ушбу ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси сифатида тизим самарадорлигини ошириш бўйича 90 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат, 
18 та идоралараро қўшма қарор ҳамда вазирликнинг 120 дан ортиқ идоравий ҳужжатлари қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги фармонида ке­йинги йилларда ички ишлар органлари фаолиятида тўп­ланиб қолган жиддий камчилик ва муаммолар таҳлил қилиниши баробарида, уларни бартараф этиш, ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналиш­лари ҳамда мамлакатимиз тарихида илк бор, ички ишлар органлари раҳбарларининг парламент, депутатлар ва кенг жамоатчилик олдида ўз вазифаларининг бажарилиши юзасидан ҳисобот бериш тартиби белгиланди. Фармон билан «Ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш комплекс чора-тадбирлар дастури» тасдиқланди. Шунингдек, Президентнинг 
2017 йил 12 апрелдаги қарори билан Ички ишлар вазирлиги тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.

Энг асосийси, тизимдаги бу ўзгаришлар давлат раҳбариятининг доимий диққат эътиборида бўлмоқда. Юртбошимизнинг мамлакат ҳудудлари бўйлаб сафарларида, албатта, у ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари, биринчи навбатда, профилактика инспекторларининг хизмат фаолияти, уларга яратиб берилаётган шароитлар билан бевосита танишаётганлиги, қисқа вақт ичида бу борадаги ишларнинг аҳволи бир неча марта Президент ҳузуридаги йиғилишларда муҳокама этилганлиги бунинг исботидир.

Жорий йилнинг 10 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борадаги ишлар танқидий муҳокама қилиниб, Ички ишлар вазирлигига вазиятни тубдан яхшилаш, чуқур таҳлил асосида мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши самарали курашиш бўйича маҳаллий шарт-шароитлардан келиб чиқиб, «ҳудудлар тажрибаси»ни жорий этиш, криминоген вазият оғир бўлган ҳудудларда илмий-тадқиқот ишлари ўтказиб, жиноятчилик аҳволи ўзгаришини криминологик прогнозлаш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқиш каби вазифалар қўйилди.

Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган ислоҳотлар, қилинаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад – юртимизда тинчлик ва осо­йишталикни сақлаш, халқимизнинг хотиржам меҳнат қилиши, муносиб турмуш кечириши учун шароит яратиш, бир сўз билан айтганда, халқни рози қилишдан иборат. Зеро, тинч ва осойишта мамлакатда фуқароларнинг хавфсиз яшаши, юрт тараққиёти йўлида меҳнат қилиши, барча соҳаларда юксалишга ва фаровонликка эришиш мумкин бўлади.

 

Элбек НОРМЎМИНОВ,

капитан.

Ўхшаш мақолалар