Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари

  • 09:04
  • 22,04-2019
  • 1243
  • Улашинг

 

Жаҳон тажрибасидан маълумки, демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг бош шарти ҳуқуқ ва эркинликларни рағбатлантириш ҳамда жамиятда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини кафолатлашнинг ҳақиқий тизимини яратишдан иборат.

БМТ Низоми ва халқаро конвенцияларда ҳамда дунёнинг турли мамлакатлари конституцияларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари фундаментал ва ажралмас ҳуқуқлар сифатида тобора онгимизга сингиб бормоқда. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси бу борадаги дастлабки ҳужжатлардан биридир.

Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг асосий шартларидан бири шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини рағбатлантириш, жамиятда инсон ҳуқуқларининг амалий кафолатлари тизимини яратишдир.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда қонун ҳужжатларининг бутун бир тизими ишлаб чиқилган ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бўйича 70 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ратификация қилган.

2018 йил ноябрь ойида Тошкентда «Инсон ҳуқуқлари соҳасида тараққиёт мезонларини ўлчаш бўйича қиёсий кўрсаткичлар: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, унинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими ходимлари, ижро ва суд ҳокимияти органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар, дип­ломатик корпус, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Конференцияда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Ўзбекис­тон Республикаси қонунчилигини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш, гендер тенглиги даражаси ва инсон ҳуқуқларига риоя қилишни ўлчаш индикаторлари, инсон ҳуқуқларини судда ҳимоя қилиш даражасини баҳолаш учун қиёсий кўрсаткичлар каби йўналишларда миллий ва халқаро тажриба муҳокама этилди.

Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш доирасида мамлакатимизда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қиладиган бўлсак,
2018 йилда 20 дан ортиқ қонун, Президентнинг бир қатор фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжатларда кўзда тутилган бош мақсад мамлакатни янада модернизациялаш, қонун ва инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, фуқаролар фаровонлигини оширишдан иборатдир.

Халқаро конференцияда БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмитаси раиси, Қозоғистон, Қирғизистон, Литва, Россия Федерацияси, Тожикистон Омбудсманлари, шунингдек, Озарбойжон ва Польша Омбудсман институтлари вакиллари ҳам иштирок этган эди. Унда Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова «Мен ўтган йили ҳам Ўзбекистонга келган эдим ва бир йил ичида жамиятингизда улкан ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўлдим... Бугун Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ҳар бир фуқарога давлат органлари билан мулоқот қилиш ва бузилган ҳуқуқларини тиклаш, нотўғри қарорлар текширилишини талаб қилиш имконини бермоқда. Мамлакатингизда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида ҳам ижобий ишлар қилинмоқда», дея эътироф этгани эса юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга берилган муносиб баҳодир.

Бугун мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил-
иноқ яшамоқда. Улар умумий уйимиз – Ўзбекис­тонимиз равнақи йўлида бирлашиб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилмоқда, ривожланган бозор иқтисодиёти, кучли фуқаролик жамиятига асос­ланган ҳуқуқий демократик давлат қуришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Конституция­миз ва қонунларимизда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани мустаҳкамлаб қўйилган. Уларга ўз миллий маданияти, анъана, урф-одатларини сақлаш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган.

Мамлакатимизда 16 та конфессия­га мансуб диний ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда. Давлат таълим муассасаларида ўқитиш 7 тилда олиб бориляпти. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан 12 тилда кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрланмоқда. Мамлакатимизда этник ўзига хосликни ривожлантириш ва миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда 138 та миллий маданий-марказ етакчи роль ўйнаяпти. Улар ўз маданияти, тили, ҳунармандчилигини ривожлантириб, бир-бирини ўзаро бойитишга, кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, 34 та дўстлик жамияти муваффақиятли фаолият юритмоқда.

2017 йилда Ўзбекистонга БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид ташриф буюрди.

Ушбу ташриф якунлари бўйича мамлакатимиз парламенти томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан Ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида 90 дан ортиқ тадбирни ўз ичига олган. Мамлакатимизда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Респуб­ликаси Миллий маркази каби инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқларини қонунчиликка биноан ҳимоя қилиш жараёнида фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйи­ча вакили фаолияти янада такомиллаштирилди. Унинг жазони ижро этиш муассасаларида назоратни амалга оширишга оид ваколатлари кенгайтирилди. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатгача қисқартирилди, адвокатларнинг суд фаолиятидаги роли кучайтирилди. Мазкур чоралар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик ҳисоботларини кўриб чиқишда билдирилган тавсияларга тўла жавоб беради.

Ўзбекистонда БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастурининг Истанбул шаҳридаги минтақавий маркази маслаҳатчиси Изабель Чан «Мамлакатингиз билан ҳамкорлигимиз мазкур мақсадларни амалга ошириш йўлидаги иқтисодий, ижтимоий, атроф-муҳитни ҳимоя қилишни ривожлантиришга доир масалаларни ҳал қилишга қаратилган. Ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан ишлаш жараёнида биз инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзгаришлар ясайдиган индикаторлар киритишни мўлжалламоқдамиз», дея алоҳида таъкидлаб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек, «Қонун адолатли бўлса, у инсон ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилса, шундагина одамлар қонунни ҳурмат қилади ва унга итоат этади. ... Фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир».

Мазкур соҳада амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми сифатида «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинганлигини айтиб ўтиш жоиз. Унга биноан, бундан буён Ўзбекистонда қийноққа солиш, руҳий-жисмоний босим ўтказиш ва бошқа зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмайди. Бундай жиноий қилмишларни содир этган ҳар қандай шахс, у ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар равишда жавобгарликка тортилади.

Жиноят ишлари доирасида ноқонуний усуллар билан олинган ҳар қандай маълумотдан, жумладан, аудио ва видеоматериаллардан, ашёвий далиллардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Қийноққа солиш, ҳимояга бўлган ҳуқуқни бузиш, инсонни алдаш ва тергов жараёнида бошқа ноқонуний усулларни қўллаш ман этилади. Шу билан бир қаторда, далилларни сохталаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик жорий қилиниши белгилаб қўйилади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда демократик ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда амалга оширилаётган ишлар, энг аввало, юртимиз дунёнинг тараққий этган мамлакатлари қаторига чиқишида муҳим аҳамият касб этади.

Мансур МУСАЕВ,

Республика маънавият ва маърифат  маркази масъул ходими,

сиёсий фанлар бўйича

фалсафа доктори.