Коррупция – миллий хавфсизлигимизга таҳдид

  • 18:02
  • 15,02-2019
  • 1708
  • Улашинг

 

 

Лотинча «коррупция» сўзи ўзбек тилида «емирилиш», «сотилиш», «оғмачи» деган маъноларни англатади. Уни кескин чеклаган давлатлар тараққиётга эришган. Хўш, биз бундай ютуққа эриша оламизми?

 

Ҳақиқатан ҳам, қаерда коррупция бўлса, шу ерда емирилиш юз беради. Мансабдор шахснинг сотилиши, оғмачилиги ана шундай оқибатларга олиб келади.

 Қонун нуқтаи назаридан қараганда, коррупция – мансабдор шахснинг ўз мавқеи ва ваколатларидан, унга ишониб топширилган ҳуқуқлардан ўз манфаати йўлида фойдаланиши, шу мақсадда ахлоқ ва одоб ҳамда жамиятда ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузган ҳолда, жиноий ҳаракатларни амалга оширишидир.

Мансабни суиистеъмол қилиш коррупция кўринишларидан бири бўлиб, бундай жиноят якка шахс ҳамда бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши мумкин.

Шу ўринда тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ушбу жиноят қулдорлик даврида бошланган. Унинг салбий оқибатларидан келиб чиқиб, илғор фикрли кишилар ушбу иллатга қарши муросасиз курашган. Коррупцияга қарши курашиш илк бор Яқин Шарқда, эрамиздан аввалги XIV асрда Лагаш шаҳар давлати шоҳи Уринимгина томонидан амалга оширилган. Бироқ унинг коррупцияга қарши олиб борган саъй-ҳаракатлари натижа бермаган.

XVII асрга келиб коррупцияга қарши курашиш Ғарбда жуда авж олди. Айниқса, хусусий мулк тан олиниб, давлат бошқарувида илк демократик усуллар жорий этила бошланганида «мансабдор шахс­ларнинг ўзлари қонунларга риоя этсагина халқ давлат ҳокимиятини тан олади», деган ғоя юзага келди.

Ҳозирги вақтда идеал, ҳар томонлама мукаммал мансабдор шахсни шакллантириш методологияси мавжуд эмас. Аммо коррупцияни кескин камайтириш чораларини кўриш натижасида ривожланиб кетган давлатлар тажрибаси мавжуд. Бу эса унга қарши курашиш орқали иқтисодиётни кўтаришга, халқнинг ижтимоий ҳаётини тубдан яхшилашга эришиш мумкинлигини кўрсатди. Бунга Сингапур, Гонконг, Португалия, Швеция каби давлатлар мисол бўла олади.

Сингапур 1965 йилда мустақилликка эришганида мамлакатда коррупция авж олган эди. Тадбиркорликни ривожлантиришдаги бюрократик тўсиқларнинг олиб ташланиши, одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этишни назорат қилиш, амалдорларнинг саъй-ҳаракатларини доимий назоратда ушлаш каби тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида коррупция кескин камайтирилди.

Бунда Коррупцияни тергов қилиш автоном бюросининг ташкил этилиши муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ушбу бюрога фуқаролар коррупционер давлат хизматчилари устидан шикоят қилиб, етказилган зарарни ундириб беришни сўраш механизми жорий этилган. Шу билан бирга, коррупцияга қарши қонун нормалари, суд тизимининг мустақиллиги кучайтирилиб, давлат хизматидаги амалдорларнинг иш ҳақи оширилган.

Финляндияда коррупцияга қарши курашиш Иккинчи жаҳон урушидан сўнг кучайди. Тўғри, коррупцияга қарши курашиш учун махсус қонун қабул қилинмади. Аммо коррупция жиноятнинг бир тури ҳисобланган ҳолда, қонунчиликнинг барча нормаларига унга қарши курашиш усуллари киритилди. Натижада 1945–1954 йиллар ичида бутун мамлакат бўйича 549 нафар шахс пора олишда айбланган бўлса, 1980–1989 йилларда бу кўрсаткич 81 нафарни, 1990 йилларда эса бор-йўғи 38 нафарни ташкил этган.

Швеция XIX асрда коррупция авж олган давлат ҳисобланган. Мамлакат сиёсий тузуми ва иқтисодиётини янгилашда давлатнинг тадбиркорлик ҳаракатига аралашишининг олдини олиш мақсадида бир қанча кескин тадбирлар ишлаб чиқилган. Жумладан, давлат томонидан тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш учун солиқ имтиёзлари кенгроқ берилиб, уларга субсидиялар ажратилган. Давлат органларининг тадбиркорлик субъектлари ишларига аралашиши тақиқланган.

Ўз фуқаролари ва тадбиркорлик субъектлари учун барча давлат органлари ҳужжатлари билан танишиш имконияти, мустақил ва таъсирчан суд тизими яратилган. Швеция парламенти ва ҳукумати маъмурий орган амалдорлари учун юқори одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқиб, унга риоя этилиши назоратга олинган. Ҳозирда Швеция дунёда энг кам коррупция жинояти содир этиладиган давлат ҳисобланади.

 Ўзбекистонда коррупцияни енгиш, амалдорларнинг ҳалол ишлашини таъминлаш, бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш, тадбиркорлар олдида турган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш мақсадида 2017 йил 3 январда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш шарт.

Энг эътиборли жиҳати, қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари билан бир қаторда, бу жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки таъминланиши назарда тутилди.

 Президентимизнинг  2017 йил 2 февралдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Рес­публикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қонунни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилмоқда.

 Қарор билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тўғрисидаги низом тасдиқланиб, комиссия ваколатига кирадиган масалалар бўйича қабул қилинган қарорлар барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурийлиги белгилаб қўйилди.

Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ҳозирги кунда аҳоли ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топмоқда. Коррупция билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез фош этилаётгани ва айбдорлар жазога тортилаётгани шунинг натижасидир. Бу ҳаракат янада кенг қулоч ёйса, яъни ҳар бир шахс тамагирлик ҳолатига дуч келганда, бу ҳақда тегишли органларга хабар берса, пора беришдан тийилса, янада самаралироқ натижага эришиш мумкин. Зеро, коррупциядан қутулиш – емирилишдан қутулиш эканини барча бирдек англаши лозим.

 Давронбек ОТАЖОНОВ,

Ички ишлар вазирлиги Ташкилий

департаменти масъул ходими, майор.

Ўхшаш мақолалар