Китоб, китобхонлик, кутубхона – маънавиятнинг уч илдизи

  • 09:04
  • 15,04-2019
  • 3477
  • Улашинг

 

   «Китоб», «китобхонлик», «кутубхона» сўзларининг ўзаги аслида арабчадан олинган ва бир мақсадга, яъни инсон маънавиятини бойитишга хизмат қилади.

   Китоб – туганмас хазина, ундан олган билимларни умрнинг охиригача ҳам сарфлай олмаймиз. Инсоннинг ундан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки, у ақлни пешловчи қайроқдир. Китоб тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзозлаб, қадрига етади, севиб мутолаа қилади.

   Буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари «Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи», дея таъкидлаган бўлса, соҳибқирон бобомиз Амир Темур «Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир», дея уқтирган.

   Маънавий жасорат соҳиби деб ардоқланган атоқли адабиётшунос олим ва таржимон Озод Шарафиддинов дунёдаги етти мўъжизага таъриф бериб «...етти мўъжиза инсон ақлининг, тафаккурининг, қалбининг оташин мадҳияси, инсон даҳосининг улуғлигига қўйилган мангу обида бўлиб келмоқда. Бироқ, шундай бўлса-да, оламда яна бир мўъжиза борки, унинг буюклиги, муқаддаслиги етти мўъжизанинг жамики улуғворлиги, гўзаллигидан камлик қилмайди. Бу мўъжиза – китоб. Китобнинг мўъжиза, мўъжиза бўлганда ҳам биринчи мўъжиза эканлигини кўпгина буюк одамлар қайд қилган» деб ёзади.

   Китобнинг биринчи мўъжиза эканига бутун вужуди билан ишонган адабиётшунос олим фикратининг теран томирлари қандай сарчашмалардан сув ичганини галдаги мулоҳазаларимиз тасдиқлайди. Жумладан, ёзувчи ва драматург C. Цвейг «Қаердаки китоб бор экан, у ерда одам ўзи билан ўзи узлатда, ўз кўлами доирасида қолиб кетмайди, у ўтмиш ва бугунги куннинг барча оламшумул ютуқларига, бутун инсониятнинг фикр ва туйғуларига ошно бўлади», деб ёзади. Ёзувчи ва файласуф Ж. Свифт «Китоблар ақл фарзандларидир», деса, педагог ва ёзувчи Я. Коменский «Китоблар донишманд­ликни ёйиш қуролидир», дейди. Кўриниб турибдики, маънавий камолотга етакловчи беминнат устоз ва битмас-туганмас маънавият махзани саналган китоб ҳақидаги фикрларни бир жойга жамласа, уларнинг ўзи бир китоб бўлиши, шубҳасиз.

Китобхонлик эҳтиёжга айланмоғи зарур

   Зиё нурига чўмган оиланинг фарзандлари, шубҳасиз, Ватанимиз келажаги, халқимиз ишончи ва таянчидир. Бу – бизнинг бугунги хулосамиз. Бироқ бундан ярим аср олдин оддийгина ишчи бўлган отам бепоён юртимизнинг энг чекка гўшасида жинчироқ ёруғида фарзандларига асрий асотирлару ардоқли адиблар асарларини ўқиб берганида хаёлидан нималар ўтган экан? Эҳтимол, китобнинг маънавият хазинаси эканини теран англагани учун ҳам, ишдан ҳориб-толиб келишига қарамасдан, китобхонликни канда қилмагандир. Балки, замон тўлқинларида сузувчи ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга авайлаб элтувчи тафаккур кемалари бўлган китоблар кун келиб фарзандларини камолот соҳилига етказишини орзулагандир...

   Нафсиламрини айтганда, отамизнинг болалик чоғимизда бизга китоб ўқиб берганини бежиз эсламадик. Зеро, фарзандларимиз тарбияси ва камолотида китобхонликнинг ўрни беқиёс. Ёшларимизнинг баркамол авлод бўлиб вояга етишини истасак, уларда китобга меҳр уйғота олмоғимиз даркор. Масалан, 3­–4 ёшли болага ота-она дастлаб эртакларни оғзаки баён этса, 6–7 ёшида уларга китобдан каттароқ ҳажмдаги эртак ва ҳикояларни ўқиб бериб, ўқишга қизиқтириши керак. Бола 9–10 ёшга етганда унга ўзи севган китобини харид қилиши учун имконият бериш ва шу ёшдан бошлаб, боладан ўқиган ҳикояси ёки бошқа бадиий асари хусусида таассуротларини сўрамоқ лозим. 12–13 ёшдаги болалар эса ўз дунёқарашидан келиб чиқиб маъқул асарларни ўзлари танлаб ўқий олади. Фақат бунинг учун ота-она назорати йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ахир, фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиши учун ота-оналар зиммасида катта масъулият туради.

   Шубҳасиз, китоб ўқиш маънавий оламни бойитади, сўзлашув маданиятини оширади. Нафсиламрини айтганда, буюк аждодларимиздан қолган миллий бойлигимизни авайлаб-асраш, уларни ўрганиш ва афкор оммага тарғиб қилиш учун ҳам китоб ўқиш лозим.

   Эътироф этиш жоизки, юқорида тилга олинган Президент фармойиши китоб, китобхонлик маданиятининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрнини юқори босқичга кўтарганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Бу муҳим ҳужжат мамлакатимизда маънавий-маърифий жараёнларни изчиллик билан амалга ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларимизнинг баркамол бўлиб тарбияланиши учун зарур   шарт-шароитларни янада кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамдир.

   Ҳар қандай бузғунчи куч ва хуружни юксак маънавият билан енгиш мумкин. Шу маънода китобхонлик бугун барчамиз учун ҳаётий заруратга айланмоғи керак. Ушбу масалага шахсан давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада муҳим вазифаларнинг белгилаб берилаётганлиги аҳоли ўртасида юксак маънавий онг ва маърифатпарварликни тарғиб қилиш йўлида барчамиз учун янги ибрат босқичини бошлаб берди, де­йиш мумкин.

 Кутубхоначи – маънавият тарғиботчиси

   Ҳаётим давомида дуч келган ўнлаб кутубхоначиларни чин маънода маънавият тарғиботчилари, десам, асло янглишмаган бўламан. Чунки улар энг чекка қишлоқ ё туман ёки шаҳар зиё масканининг кутубхоначиси бўлсин, ҳеч қачон шунчаки ўз вазифасини бажариш билан чекланмаган, аввало, менинг ёшим, қизиқишимга қараб китоб танлашга кўмаклашган, ҳар бир китоб ва унинг муаллифи ҳақида тушунча беришган. Нафсиламрини айтганда, мен ана шундай фидойи кутубхоначиларни бот-бот соғиниб тураман. Чунки бу касб эгалари бутун умр зиё улашувчи кутубхонадек табаррук жойда фидокорона фаолият юритиб, каттаю кичик инсонлар қалбига илму ҳикмат улашишган. 

   Ҳар биримиз болалик дамларида билим масканларида таҳсил олган йилларимизни, айниқса, қалбимизда китобга бўлган илк меҳру ҳавасни уйғотган мактаб кутубхоналарини энтикиб эслаймиз. Зеро, бу зиё маскани келажакдаги оппоқ орзуларимизга замин ҳозирлаган, ақл-заковатимиз ва тафаккур оламимиз кенгайишида муҳим ўрин тутган муқаддас нурхонадир.

   Бугунги кунда юртимизда китобхонликка, китоб мутолаасига жуда катта эътибор берилаётгани бу касб эгаларини янада фаол ишлашга ундамоқда. Чунки ҳали тафаккур кемасига чиқмаган, фикрат денгизида сузмаган оддийгина мактаб ўқувчиси таълим даргоҳининг бир бурчагидаги сеҳрли-сирли хонага юрак ютиб кираркан, кутилмаганда уни меҳрибон бир инсон қарши олса, унинг ёши ва қизиқишидан келиб чиқиб, бир неча китобларни таклиф қилса, ўша китоблар ҳақида шу қадар қизиқарли ҳикоялар, ўз таассуротларини айтиб берса, ҳар қандай ўқувчининг бутун дунёни унутиб мутолаага берилиб кетиши, сўнгра ҳар куни ўша нурли масканга ошиқиши шубҳасиз.

   Агарда кутубхоначи китобхон билан ҳаётий мушоҳадаларини ўртоқлашса, унинг фикри, муносабати билан қизиқса, керак бўлса, у билан дардлашса, нур устига нур эмасми?! Ахир, у қанчалар кўп китоб ўқиган, дунёқараши қанчалар кенг. Бундай одамнинг суҳбатига тўйиб бўларканми? Бироқ кутубхоначи кутубхонага фақат вақт ўтказиш ва ойлик олиш учун келса, устига-устак, китоб мутолаасидан мосуво бўлса, бу зиё маскани ходимини маънавият тарғиботчиси дейиш мумкинми?! Агар бу даргоҳда кадрлар қўнимсизлиги одатий ҳолга айланган, бор ходимлар ҳам талаб даражасида бўлмаса-чи?..

   Эсимда: бундан қирқ йилча олдин деярли барча мактаб битирувчилари оталари ҳарбий хизматдан олиб келган катта жомадонни кўтариб шаҳарга отланарди. Улардан уч-тўрттасигина ўзи танлаган соҳа бўйича ҳужжат топширса, қолганлари қаерда синовлар сал енгилроқ, ўқишга кириш имкони кўпроқ бўлса, ўша ерга ошиқарди. Менинг ҳамқишлоқларимнинг бир гуруҳи ҳам ўша пайтдаги Маданият институтининг кутубхоначилик факультетига ҳужжат топширишди. Уларнинг аксарияти шу даргоҳнинг тўрт йил чангини чиқаришди, лекин бирортаси кутубхоначи бўлиб ишлашни ўзига эп кўрмади. Бир ҳисобдан, уларнинг кутубхоначи бўлмаганига ҳам қувондим. Зеро, умрида ёлчитиб китоб ўқимаган, китобнинг биринчи мўъжиза экани тушига ҳам кирмаган одам бошқаларни китобга ошно қилишига ишониш қийин.

 Хулоса ўрнида

   Мамлакатимиз раҳбарининг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини яхшилаш тўғрисида куюниб гапираётганликларида ўзига хос чуқур фалсафа бор. Энг аввало, китоб инсонни ердан кўкка кўтарувчи, унинг маънавий қувватини оширувчи буюк, мўъжизакор кучдир. Қолаверса, китоб инсониятнинг тарихий хотираси, ўз маънавий-маърифий, илмий заминини мустаҳкамловчи, келажакни ёрқин кўрсатиб беришга қодир машъала ҳисобланади. 

   Юртбошимиз ҳарбий дала полигонида офицер ва сержантлар билан суҳбатлашаркан, ҳарбий хизматчилар кўп китоб ўқиши кераклигини таъкидлаб, баркамол ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қилган ҳар бир ёшнинг маънавий дунёқараши бой бўлиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратди. Зеро, китоб иродани тоблайди, бошқарув маҳоратини оширади. Бугунги тезкор ва замонавий шароитда интеллектуал салоҳияти юксак кадрларни тайёрлашда ёшларнинг китобга муносабатини янада яхшилаш, ҳарбий қисмларда ва ҳуқуқ-тартибот органлари учун етук кадр­лар тайёрланадиган таълим мас­канларида мавжуд кутубхоналар фондини энг янги бадиий, илмий, соҳага доир, жумладан, давлат тилидаги китоб­лар билан мунтазам равишда бойитиб бориш долзарб аҳамият касб этади.

 

Темир ҚУРБОНОВ,

филология фанлари номзоди.