Миллий ғурур – маънавий комиллик мезони

  • 09:05
  • 11,05-2019
  • 1763
  • Улашинг

Дунёда миллатлар, элатлар бисёр. Ҳар бир халқнинг бошқасига ўхшамаган урф-одатлари, дунёқараши, маънавияти бор. Шу пайтга қадар қанчадан-қанча қавм, уруғ ва қабилалар миллатга айланиш босқичига етиб келолмай йўқликка юз тутган.

Тарихий жараён шуни кўрсатадики, фақат маънавий дунёси бой, дунёқараши кенг, ўзини, ўзлигини англаганларгина тарих суронларини енга олган. Бугун ҳам ер юзида минг­лаб эл ва элатлар бўлгани ҳолда, ўз юрти ва давлатчилигига эга халқлар сони юзтага ҳам етмайди.

БМТнинг маълумотига кўра, ҳар йили қирққа яқин тил, демакки, миллат йўқолиб кетади. Борлиқнинг азалий қонуни шуки, кураша олмайдиганлар ҳамиша мағлуб бўлади. Шукрки, ўзбек халқи суронлару бўҳронларни енгиб, ўз номи, тили ва давлатчилигига эга бўлган миллатлар қаторидан жой олган. Бу билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Ўтмишда буюк аждодларимиз ўз шаъни, қадр-қиммати, миллатнинг ор-номуси, эрки ва устуворлиги учун қаттиқ курашганини жуда кўп мисоллар билан далиллаш мумкин. Қадимги юнон тарихчилари асарлари орқали бизгача етиб келган Широқ ва Тўмарис воқеаларини эслайлик. Ўз Ватанини душман қўлига топширишни ор билган боболару момоларнинг мардлиги, жасоратига ҳатто Ҳеродот ва Полиенлар ҳам тан берган.

V–VIII асрларга мансуб Ўрхун-­Энасой битиклари барча туркий халқлар маънавиятининг энг қадимий ёдгорликлари саналади. Мазкур тош битикларда туркий қавмларнинг буюк донишманди Билга Хоқоннинг ўз қавмига қарата айтган мана бу хитобни бир эсга олайлик: «Сен ўзингни анг­ласанг, ўзлигингга қайтсанггина юксаласан, буюк бўласан!».

Бу ҳақиқат асрлар оша халқимизнинг баҳодир фарзандлари учун дастуруламал бўлиб келди. Ор-номус, шону шараф, Ватан ва миллат шаънини ҳар недан устун билган Имом Бухорий, Беруний, Ибн Сино каби олиму фозилларимиз халқни маърифатли қилиш, илм машъали билан Ғарбу Шарқни ёритишга уринган бўлса, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур сингари саркардаларимиз миллатнинг ғурурини сарбаланд қилиш учун бутун ҳаётини сафарбар этди.

Соҳибқирон бобомиз Кўксарой пештоқига битган мисраларни эсланг: «Агар қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг!». Дарҳақиқат, аждодларимиз тиклаган бу гўзал иншоотлар Самарқанду Бухорода, Ўшу Туркис­тонда, Машҳаддан тортиб Аграгача салобат тўкиб турибди.

Ўзбекнинг миллий ғурури ҳақида сўз бораркан, албатта, буюк Алишер Навоийни тилга олмасдан илож йўқ. Мутафаккир бобомизнинг ўлмас мероси асрлар оша жаҳон аҳлини бирдамликка, бағрикенгликка, дўстлик ва ҳамжиҳатликка ундаб келаётир.

Ҳазрат Навоийнинг ўзбек халқи бошидаги дўппию, эгнидаги чопонига атаб битган мана бу байтларнинг ўзи ҳар биримизнинг томиримиздаги қонларни жунбушга келтирмайдими?

Шоҳ тожу хилъатиким,

мен тамошо қилғали,

Ўзбегим бошида қалпоқ,

эгнида ширдоғи бас.

Орадан асрлар ўтиб, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов Навоийга ҳамоҳанг жарангдор мис­раларни битган эди:

Қайга бормай бош­да дўппим, 

Ғоз юрарман гердайиб, 

Олам узра номи кетган

Ўзбекистон, ўзбегим. 

 Ўтган асрда инсоният бошига мисл­сиз кулфатларни ёғдирган Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам халқимиз ўз мардлиги, жасоратини, қадри баландлигини кўрсатди. Фашизм устидан қозонилган ғалабада ўзбек халқининг қўшган ҳиссасини ҳеч ким инкор этолмайди. Биргина ўзбек генерали Собир Раҳимов кўрсатган қаҳрамонликлар инсоният тарихида олтин ҳарфлар билан ёзилди. Ёки яқиндагина жаҳон ҳамжамиятига маълум бўлган, Амерсфортдаги концлагерда Гитлернинг манфур режасини барбод қилган 101 нафар ўзбекнинг ғурурини эсланг! Фашистлар очлик инсонни ҳайвонга айлантира олишини исботлаш мақсадида бир ой оч ётган ўзбек йигитларини масхаралаб, уларнинг олдига эндигина печдан чиққан оппоқ нонни ташлашган.

Уларнинг режасига кўра, бир бурда нон учун оч ётган асирлар бир-бирини ғажиши лозим эди. Аммо асирларнинг ёши улуғи ерда ётган нонни кўзларига суртиб, уни 101 бўлакка тақсимлаган, ҳар бир юртдошига бир тишламдан улашиб, энг кичик луқмани ўзи еган... Бундай оқибатни кўрган фашистлар аламдан тутақиб барчасини ваҳшийларча отиб ташлашган...

Албатта, гуруч курмаксиз бўлмайди. Орамизда ўзининг шахсий манфаати, нафс ҳаловати йўлида Ватани ва элига хиёнат қилганлар ҳам учраб туради. Тан олиш керак, бир пайтлар Спитаменнинг бошини Искандар Мақдунийга тортиқ қилганлар ҳам ўзимизникилар эди. Юртнинг сирини Чингизхонга сотган Маҳмуд Ялавочлар, Самарқанд дарвозасини мўғулларга очиб берган беклар бизга бегона эмасди. Юрт озодлиги учун курашган Дукчи эшонларни, Қурбонжон додхоҳлар, Мадаминбекларни сотганлар, Чўлпон, Қодирий, Фитрат сингари минглаб асл ўзбек зиёлиларининг бошига етганлар ҳам ўзимиздан эди. Халқимизнинг «Ўзинг­ники ўзагингни кесади», «Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан давога?» сингари нақллари ҳам бежиз айтилмаган.

Афсуски, бундай иродаси бўш, маънавияти паст кишилар бугун ҳам учраяпти. Турли оқимлар, ҳаракатларга қўшилиб, ўз юртига қарши қурол ўқталаётганлар, бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлаётган айрим манқуртлар ҳам шу элнинг фарзанди эканидан кўз юмиб бўлмайди.

Яқинда эса бир гуруҳ ўзбек зиёлиларининг рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифи билан чиққанлари миллионлаб юртдошларимизнинг ғазабини қўзғади. «Русский язик нам не чужой» сарлавҳали ушбу мурожаат остига илм-фан, маданият ва санъат арбобларининг бир гуруҳи имзо чеккани ғоят ташвишлидир.

Улар «бугунги кунда мамлакат аҳолисининг аксариятини рус тилли халқлар ташкил этиши, дунёнинг кўпгина мамлакатларида бир қанча расмий тиллар мавжудлиги, рус тили жаҳондаги энг кенг тарқалган тиллардан бири эканлиги, ўзбеклар орасида рус тилида ижод қиладиган бир қанча ёзувчилар етишиб чиққанини, Россияда ишлагани кетаётган ўзбек муҳожирлари рус тилини билмаслиги туфайли қийналаётгани, рус тили бир қатор халқаро ташкилотларнинг ишчи тили экан»ини асос қилиб кўрсатишган.

Мазкур ташаббус ижтимоий тармоқларда қаттиқ норозилик қўзғатди. Айтиш мумкин, бу кимсалар билиб-билмай халқнинг ғурури қанчалик устун эканини кўрсатиб беришди. Ўзини шу юртнинг, халқнинг, миллатнинг истиқболи учун фидо қилишга тайёр юзлаб зиёлиларимиз бу ташаб­бусга қатъий эътироз билдиришди.

Дарҳақиқат, тил – миллат кўзгуси, миллий ғурурнинг бирламчи воситаси. Унинг яхлитлиги ва дахлсизлигини асраш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.

Ўзбекистон янги даврга қадам қўйди: бир пайтлар ёпилган эшиклар бугун очилди, ўз тарихимизга, миллий маънавиятимиз, қадриятларимизга янгича кўз билан қараш имкони вужудга келди. Турли сабабларга кўра, Ватанни тарк этиб, хорижда фаолият кўрсатаётган олимлар, ижодкорлар, мутахассислар, тадбиркорлар учун юртга қайтиб, унинг ривожига ҳисса қўшиш имкони вужудга келди.

Кейинги икки йил ичида Президентимиз томонидан маънавиятни чуқур англаш, аждодларимиз меросини тадқиқ этиш, илм-фан ва маданиятни юксалтиришга оид ўнлаб фармон ва қарорлар қабул қилинди. Албатта, фақат маънавий комиллик билан мақсадга эришиш мушкул. Моддий фаровонлик учун ҳам ҳаракат қилиш лозим. Зотан, тўкин турмушни ким ҳам орзу қилмайди, дейсиз? Бундай имкониятни қўлга киритаётганлар оз эмас. Айнан ана шундай ҳаёт тарзини орзулаб яшайдиганлар ундан ҳам кўп. Аммо қанийди инсоннинг инсонийлиги фақат ана шу моддий тушунчалар билан ўлчаниб қўя қолса?

Барча қулайликларни, энг замонавий асбоб-ускуналар, рўзғор буюмларини ўзида жам этган, аммо биргина китоб жавони ва унда ҳеч қурса беш-олтита ўқишли китоб бўлмаган хонадонни бой хонадон, дейиш мумкинми? Қўли ҳамма жойга етадиган, аммо қалбида инсонийлик, бағрикенглик, меҳр-муҳаб­бат сингари туйғулар бўлмаган кимсани бой дейиш мумкинми?

Бугун миллий ғурурини унутган, арзимас пул, обрў-эътибор учун Ватанни сотишга тайёр турган кимсаларни бундай тубанликка ундовчи сабаб ҳам маънавий камолотдан бебаҳралик эмасмикин?

Хуллас, одам боласи чин маънода инсон бўлиши учун, энг аввало, МАЪНАВИЙ жиҳатдан тўкисликка, мукаммалликка эга бўлмоғи керак. Шундагина унинг миллий ғурурини, матонатини, мағрур қаддини ҳеч ким, ҳеч нарса бука олмайди.

Рустам ЖАББОРОВ,

журналист.