РАҲБАР МАЪНАВИЯТИ

  • 19:03
  • 27,03-2019
  • 1230
  • Улашинг

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, ҳар бир раҳбардан юксак масъулият, ғайрат-шижоат, ҳалоллик ва садоқат билан ишлашни талаб этмоқда.

 Чунки мазкур янгиланишлар суръати ва кўлами, белгиланган вазифаларнинг самарали амалга оширилиши кўп жиҳатдан барча бўғиндаги раҳбарларнинг салоҳияти ҳамда маънавиятига боғлиқдир.

«Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да раҳбар – йўл бош­ловчи, олдинда борувчи, бошлиқ деб изоҳланган. Бундай ишончга сазовор бўлиш учун эса, инсон ўз олдига улкан мақсадлар қўйиши, одамларни шу мақсадларга ишонтириши ва уни амалга ошириш учун барча кучларни йўналтира олиши зарур.

Ҳозирги замон раҳбари, авваламбор, муваффақият сари интилувчи, жавобгарликни ўз зиммасига олишга қодир, ташкилотчи ва иродаси мустаҳкам шахс бўлмоғи керак. Шунингдек, раҳбардан ўз зиммасидаги вазифаларни самарали бажариши, қўл остидагиларни ҳам шунга сафарбар этиши, жамоани қийнаётган жиддий муаммоларни чуқур ўрганиб, мақбул ечимини топиши, муаммоли вазиятларни донолик билан бартараф этиши, ўз ишига танқидий қараш қобилиятига эга бўлиши талаб этилади.

Энг муҳими, ватанпарварлик ва одиллик раҳбарнинг асосий сифатидир. Раҳбарнинг ватанпарварлиги ўзининг бор билим ва маҳоратини Ватан тараққиёти йўлида сарфлашида, бошқаларни ҳам шунга ундашида ўз ифодасини топади. У она Ватанни, муқаддас заминни, улуғ аждодларнинг меросини қадрлаши, узоқ ва яқин тарихимизни билиши, буюк мутафаккирларнинг асарларини ўқиб-ўрганиши ва мунтазам равишда касбий маҳоратини ошириб бориши лозим.

Раҳбарлик фақатгина ваколат, мансаб ёки лавозим бўлиб қолмай, балки улкан масъулиятдир. Етакчилик, ҳалоллик, самимийлик, ҳурмат-эътибор, қатъият, ишонч, камтарлик, меҳнатсеварлик ва қўл остидагиларга ғамхўрлик кабилар ҳам раҳбарнинг зарур хусусиятларидандир.

Бунинг учун раҳбарлик вазифасига тайинланган ҳар қандай шахс нафақат ўз ишини яхши билиши, балки етарли билимларга эга бўлиб, жамоасига, жамиятга ва давлатга садоқат билан хизмат қилиши, доимо халқ билан ҳамнафас яшаши керак. Ватанга ва бурчга садоқат эса, сўз ва иш бирлигида кўринади. «Давлат – раҳбарлару фуқароларнинг садоқати ва фидойилиги-ла қудратлидир», деган эди улуғ бобомиз Амир Темур.

Таҳлиллар ва кузатишлар шуни тасдиқлайдики, раҳбар атрофида соғлом фикрловчи, изланувчан ва ташаббускор ходимлар кўп бўлса, бундай жамоада муҳит ҳам соғлом, ходимларнинг ишчанлик кайфияти ҳам юқори бўлади. Раҳбар маънавияти фаолият самарадорлиги ва жамоанинг маънавий-ахлоқий жиҳатларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб, етакчининг иқтидори жамоа муваффақиятини таъминлайди.

Олимларнинг тадқиқотларига кўра, жамоа ютуқларининг саксон фоизи раҳбар ташкилотчилигига, қолган йигирма фоизигина ходимларнинг салоҳиятига боғлиқ эканлиги исботланган.

Раҳбарларга қўйиладиган қуйидаги маънавий мезонлар эса, етук шахсни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади:

Биринчидан, ҳар бир раҳбар, аввало, кўнгли очиқ, қалби тоза, ақл-заковат соҳиби, юксак салоҳиятли бўлиши керак. Бошқаларга етакчилик қилишга, биринчи галда, ҳалол ва диёнатли, халқпарвар инсонлар танланмаса, кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди.

Иккинчидан, раҳбар ўзини тарбиялаб вояга етказган, ишонч билдириб юқори лавозимга муносиб кўрган халқига ҳалол хизмат қилиши, зиммасидаги улкан масъ­улиятни доимо чуқур ҳис этиши лозим. У халқ олдида, юрт олдида жавобгар эканлигини унутмаслиги керак. Муҳтарам Президентимизнинг «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойили барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидага айланиши зарур.

Учинчидан, раҳбар қўл остидаги тажрибали, ўз ишининг билимдони бўлган мутахассисларга таяниши, жамоанинг фикрига асосланиб хулоса чиқариши керак. Бугунги раҳбардан барча соҳаларни яхши билиш, иқтисод, ахборот технологиялари, ҳуқуқ, сиёсат ва маънавият илмларидан хабардор бўлиш, янги инновацион технологияларни ўзлаштириш талаб этилмоқда. Шу боис ҳам у доимо изланиб, ўз билим ва малакасини юксалтириб, янгича тафаккур тарзига эга бўлиши лозим.

Тўртинчидан, раҳбарнинг иш услуби ва у қабул қилган қарорлар фаолият самарадорлигига хизмат қилиши керак. Раҳбар бошқарув­нинг маъмурий буйруқбозлик усулларидан воз кечиши, расмиятчиликка берилмаслиги муҳим. Кимларгадир яхши кўриниш, мақтаниш учун қилинган иш кўзбўямачилик бўлиб, фақат салбий оқибатларга олиб келади.

Бешинчидан, ҳар қандай раҳбарда ташаббускорлик, қатъият ва талабчанлик бўлмоғи шарт. Талабчанликни зўравонликка, қатъиятни манманликка айлантириш ўта калтабинликдир. Бундай иллатлар раҳбарни яхши мутахассис кадрлар ва самимий инсонлардан узоқлаштиради.

Олтинчидан, раҳбар қўл остидагиларни таниш-билиш ва маҳаллийчилик ҳамда шахсий садоқатига қараб танламаслиги лозим. 
У жамоадаги яхши мутахассисларни қадрлаши, уларнинг хизмат фаолияти давомида орттирган бой амалий таж­рибаларидан унумли фойдаланишга интилиши керак.

Еттинчидан, раҳбар турли мақтовлардан боши айланиб, «доҳий»лик касалига чалиниб қолмаслиги муҳимдир. Акс ҳолда, бундай раҳбарлар атрофида фақат ўз манфаатини ўйловчи «маслаҳатгўйлар», амалпараст, лаганбардор, оддий одамларга зулм ўтказувчилар тўпланиб қолади. Иғво, туҳмат ва ҳасадгўйлик эса, жамоада маънавий муҳитнинг бузилишига сабаб бўлиб, парокандаликни юзага келтиради.

Саккизинчидан, раҳбар адолатсизликка асло йўл қўймаслиги лозим. Ҳар бир ишда одиллик билан қарорлар қабул қилиши, қўл остидагиларга нисбатан ҳурмат билан қараб холисона муносабатда бўлиши  керак. Адолат – раҳбарликнинг энг буюк мезонларидан бири. Шу ўринда буюк Соҳибқирон бобомизнинг «Куч – адолатда» деган ҳикматли сўзларини таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

Тўққизинчидан, раҳбар ўз шахсий ҳаётида ҳам бошқаларга намуна ва ибрат бўлиши, соғлом турмуш тарзига риоя қилиб, турли зарарли одатлардан холи бўлиши зарур. У нафс балосидан сақланиши, қўл остидагиларни ҳам тамагирлик ва лоқайдлик каби турли иллатлардан асрашга интилиши керак. Ўзини бошқара олмаган инсон ҳеч қачон бошқаларни идора қила олмайди.

Ўнинчидан, раҳбарнинг барча ишлари очиқ ва ошкора бўлиши лозим. Унинг вақти-вақти билан жамоа олдида ҳисобот бериб туриши раҳбарлик фаолиятига фақат обрў келтириб, атрофдагиларда унга нисбатан ишонч­ни оширади.

Бундан ташқари, раҳбар ўз ғояси ва ҳаракат дастурига эга бўлиб, бош­қаларни ҳам шу йўлдан бошлаши, ягона мақсад атрофида бирлаштириши муҳим аҳамиятга эга.

Ходимлар билан ўзаро муносабатларда етакчи инсон дунёқараши, маданияти ва муомаласи билан бошқаларда ўзига нисбатан ҳавас уйғотиши, раҳбарлик ва маънавият омилларининг ўзаро боғлиқлигини эътиборда тутиши лозим.

Ички ишлар органларининг ҳар бир бўғинидаги раҳбарлари қўл остидаги шахсий таркиб ўртасида соғлом маънавий муҳит яратиши, одоб-ахлоқ қоидаларини юксалтириши, ходимларни тўғри йўлда тарбиялаш орқали салбий хулқ-атворнинг олдини олиши асосий вазифалар сифатида белгиланган.

Раҳбар ўзига бўйсунувчи ходимлар томонидан меъёрий ҳужжатлар талабларига амал қилинишига талабчан бўлиши, уларга юксак касбий маҳорат, қонунийлик ҳамда қасамёдга содиқ қолиш борасида намуна кўрсатиши, ташаббус ва интилишларини рағбатлантириши, шунингдек, хизмат интизомини бузувчи ҳамда бошқа салбий ҳолатлар содир этишга мойил ходимларга нисбатан муросасиз бўлиши зарур.

Шахсий таркибнинг индивидуал хусусиятларини ўрганиш, жамоани жипслаштириш, ходимлар томонидан ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш раҳбарга қўйиладиган энг муҳим талаб­лардан саналади. Ходимларнинг оилавий шароитларини мунтазам ўрганиб бориш, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳам унинг доимий диққат марказида бўлиши шарт.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жамиятимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромо­нович Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг нечоғли муваффақиятли амалга оширилиши, бугун ҳар бир бўғиндаги раҳбарнинг масъулияти ва кундалик фаолиятига бевосита боғлиқ. Шундай экан, раҳбарнинг фаолияти Ватан тараққиёти, мамлакат келажаги, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигига йўналтирилган бўлиб, чинакам раҳбар одамларнинг кўнглига йўл топиб, атрофдагиларни эзгуликка, яхшиликка, янгилик яратишга даъват қилади.

Энг муҳими, ўзи ҳам бу йўлда бутун борлиғини, бор билим ва салоҳияти, куч-ғайратини ишга солиб, жамият истиқболи учун фидойилик ва садоқат билан, виждонан хизмат қилмоғи лозим. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, «Ҳақиқий раҳбар, ҳақиқий етакчи одамларнинг бардошини синаш учун эмас, балки уларга муносиб шарт-шароит яратиб бериш, оғирини енгил қилиш учун раҳбар этиб тайинланади. Барча бўғиндаги раҳбарлар ўзининг одоб-ахлоқи ва маданияти билан ҳаммага ўрнак ва намуна бўлиши зарур».

Р. ХАТАМОВ,

Ўзбекистон Республикаси 
Ички ишлар вазири ўринбосари,полковник.