Боқий қадриятлар тантанаси

  • 13:05
  • 04,05-2019
  • 1618
  • Улашинг

Мустақиллик ҳақида гапирганимизда вужудимизда ажиб бир ҳароратни ҳис қиламиз, юрагимиз фахр-ифтихор туйғулари билан тўлади. Зотан, шу буюк неъмат туфайли она Ўзбекистон номини олам таниди. Ўзбек деган улуғ миллат аждодларидан мерос шаън-шавкати билан яна дунё саҳнига чиқди, ўзлигимизни англадик, қадриятларимиз, урф-одатларимиз қайта тикланди. Қадр, эъзоз, эътироф, хотира каби қадимий тушунчалар чуқур ва ўзгача маъно-мазмун касб этди.

Халқни бирлаштирадиган байрам

Аслида ҳар бир халқнинг маънавияти, маданияти унинг ўз тарихи, аждодлари ва миллий қадриятларига бўлган муносабатига, инсон хотирасининг қанчалар эъзозланишига қараб баҳоланади. Бинобарин, бундай эзгу амаллар халқни бирлаштиради, инсон руҳига малҳам бўлиб, иродаси бақувват, иймони бутун бўлишига хизмат қилади.

Ҳар йили юртимизда 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Бу кун том маънода инсон хотирасига нисбатан адолатни тиклаган, эзгуликни ўзида мужассам этган муҳим тарихий санадир. Ҳа, инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Хотира ўтган аждодларни эслаш, уларнинг, эзгу ишларини давом эттириш бўлса, қадрлаш эса асрлар давомида она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин-фаровон ҳаётини мардлик, шижоат билан ҳимоя қилган фидойи ватандошларимизни ёдга олиш, уларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш демакдир.

Шу боисдан ҳам ўтганларни хотирлаш, ёши улуғ инсонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, эъзозлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз, зиммамиздаги фарз амал саналади. Зеро, мана шундай боқий қадриятлар тантанаси туфайли хотира чироғи мангу ёниб турибди, инсонлар ўртасида меҳр-оқибат бор.

Ватандошларимизнинг жуда кўп хотиралари Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу уруш жаҳон тарихида бутун инсоният бошига оғир кулфатларни солган улкан муҳораба бўлди. Салкам эллик миллион кишининг ҳаётига завол бўлган қирғин Ватанимиздан минглаб километр узоқликда бўлса-да, қанча юртдошларимизнинг ёстиғини қуритди. Халқ ҳаловатидан айрилди, ота-оналарнинг қадди букилди, келинчаклар димоғидаги исириқ ҳиди аччиқ дудга айланиб, кўзларидан шашқатор ёшлар оқизди. Уруш туфайли минг-минглаб ўзбек аёллари бевалик азобини тортишди. Кунлар келдики, бу кечмишлар ўтмишга айланди. Лекин айрилиқ доғи ҳали-ҳануз кўнгиллардан кетган эмас.

 

«О, йиллар армони, йиллар армони»

Пойтахтимизнинг қоқ марказида Хотира хиёбони бор. Бу хиёбондан шунчаки ўтиб бўлмайди. Ахир, у ерда фарзанди дийдорига илҳақ бўлиб йўлига кўз тиккан минглаб оналар сиймосини ўзида мужассам этган «Мотамсаро она» ёдгорлиги бор.

Йиллар армони... Йилларнинг дилларни тешиб ўтган чандиқ яралари бу. Бу яра қалбларга ҳали ҳам оғриқ, азоб беради. Вақт ўтса-да, айрилиқ азобидан кўнгли вайрон бўлаверади...

– Мен урушни кўрмаганман, аммо уни кўрганларни кўриб, уларнинг дарду азобларига шерик бўлганман, – деган эди бир суҳбатда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Умида Абдуазимова. – Шулардан бири отам – Мурод Абдуазимов бўлади. У киши 16 ёшида Иккинчи жаҳон урушига отланиб, жангоҳларда жон олиб, жон берган жафокаш инсон эди. Дадамнинг қўлида граната парчаларининг излари бор эди. Уларни оҳиста, аммо оғир дард билан санардим: бир, икки, уч, тўрт... жами ўн битта! Йиллар давомида отам танида яшаган улар! Яна еттитаси бор эмиш... Дадам уларни вақти-вақти билан олдирдилар. Ҳар бир операция биз учун уруш даҳшатларини ёдимизга солиб, уруш сўзи нақадар туганмас дард, аёвсиз жафолар келтирувчи қора куч эканлигини аён қиларди. Хотиржам кунларимизда қалбларимизга титроқ соларди. Бу азобларни, ўкинч ва надоматни унутиш мен учун ҳам, Иккинчи жаҳон урушида яқинларидан жудо бўлган бошқа ватандошларимиз учун ҳам жуда қийин эканлигини яхши биламан...

Хотира ва қадрлаш кунида Иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшган мўътабар инсонларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. Уларнинг шарафига жойларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади. Булар ҳақида ҳаяжонланмасдан гапирмаслик мумкин эмас. Касбимиз тақозоси туфайли ана шундай тадбирларда Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари билан кўришмоқ бахтига мушарраф бўлганман. Шулардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, иқтисод фанлари доктори, профессор Мухтор Расуловдир. У киши нафақат зиёли инсон, балки жанг майдонларида фидойилик, мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган, шу орқали миллатимиз шаънини улуғлаган ўзбекнинг жасур фарзанди ҳам.

– Ҳарбий билим юртида ўқиётганимизда уруш бошлангани ҳақидаги хабарни эшитдик, – дейди отахон. – Биз ҳали учишга тайёр эмасдик. Бир-икки марта штурвалга ўтирган бўлсак ўтирганмиз, бўлмаса йўқ. Бир куни бизни артиллерия полки штабига чақиришди. Бизга шу ердан топшириқ берилди ва фронтга йўл олдик. Уруш шиддат билан давом этар, қурбонлар сони ҳам ортиб борарди. Жангларда қанча-қанча сафдошларимиздан айрилдик...

Ҳаётнинг, Ватаннинг қадрига, айниқса, бошингга мушкул иш тушганда етасан, деганларича бор экан. Мен Ўзбекистондан ўқиш учун Воронежга йўл олганимда, урушга кирганимда, жангларда энг яқин сафдош дўстларимдан айрилганимда умрнинг, юртимнинг қадрини билганман... Бугун 97 ёшдаман. Юртимиз мустақилликка эришганини кўриш, мана шундай дориламон кунларда умргузаронлик қилиш насиб қилди менга. Бу кунларни қанчалик кутгандим. Етказганига шукур. Ватанпарварлик туйғуси мустақиллик даврига келиб ҳақиқий мазмунга эга бўлди. Чунки энди Ватан ўзимизники! Мустақиллик, эрк нима эканлигини биз – кекса авлод вакиллари яхши биламиз. Ёшларга маслаҳатим, мана шу буюк неъматнинг қадрига етинг. Юрт келажагига дахлдор бўлиб яшанг...

 

Жасур фарзандлар номи барҳаёт

Муборак санада нафақат уруш фахрийлари, балки Ватан тинчлиги ва осойишталигини сақлаш йўлида жон фидо қилган ички ишлар органлари ходимлари, ҳарбий хизматчилар ҳам юксак эҳтиром билан хотирланади.

Бир китобда шундай сўзларни ўқигандим: «Ватанини суйгувчи инсонлар унинг озодлиги, ободлиги, равнақи йўлида ўзларини ҳар ишга қодир сезади». Шунинг учун, ҳаттоки, бу йўлда азиз жонларини ҳам аямайдилар. Дарҳақиқат, Ватан тинчлиги, фуқаролар осойишталигини барқарор таъминлашда фидойиликлар кўрсатиш буюк шараф.

Мустақиллик йилларида халқимизнинг дориламон кунларига рахна солиб, юрт тинчлигини бузишга уринган кучлар кўп бўлди. Ана шундай пайтда осо­йишталикни сақлаб қолиш учун ўз жонини аямаган сафдор Абдужалил Бойжонов, катта лейтенант Кўпал Отажонов, майор Нодирбек Юсупов, катта лейтенант Абдумуталиб Қодирбердиев... Ҳа, бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Улар кўпчилик – 142 нафар киши. Барчаси ҳам сизу биз сингари яшашга ҳақли эди. Аммо юрт тинчлиги ва Ватан деган калом улар учун жонидан ҳам муҳим бўлди...

Ватан учун, унинг тинчлиги ва осо­йишталиги учун жонини фидо қилган ўғлонлар... Улар юртнинг фидойи фарзандлари эди... Улар Ватан тинчлигини қўриқлашни муқаддас бурч деб билди ва сўнгги нафасларигача ўз бурчларига содиқ қолди... Улар учун ишқ – Ватан, меҳру муҳаббат – Ватан, бору йўғи – Ватан эди. Бундай жасур ўғлонлар номи, ёди халқимиз қалбидан ҳеч қачон кўтарилмайди. Чунки мардлар ўлмайди, уларнинг жисми йўқолса-да, номи, жасорати қалбларда мангу қолади.

Халқимизда «Ердаги жамики гўзал нарсалар – офтобдан ва барча яхши нарсалар – инсондандир», деган пурмаъно ҳикмат бор. Бу ҳикмат замирида инсонлар орасида яхшилик ва эзгуликни тарғиб қилишдек улуғвор мақсад мужассам. Демак, ўзидан яхши амал, яхши ном қолдириб кетган жасур ва мард ўғлонларни ёд этиш ҳам ана шундай эзгуликка эш.

Эл омонлиги йўлида

...Ораста ҳовли. Баҳор фасли бўлгани учун ҳовли саҳни ажиб гўзаллик касб этган. Ям-яшил дарахтлар, томорқада барқ уриб яшнаб турган баҳорий чечаклар... бундай гўзалликдан ҳайратланмай бўладими? Мана шу хонадонда марҳум сержант Эломон Отажоновнинг оиласи истиқомат қилади.

Эломондан яқинларига гўзал хотиралар қолди. Холмурод ака ва Янглиш опа мана шу хотираларда ўғли билан бирга яшайди. Мана шу хотиралар туфайли жондан азиз фарзанди ҳамиша тирик, барҳаётдек. Орадан кўп йиллар ўтган бўлса ҳам, улар ўғлини бир дам унутмаган. Бу уйнинг ҳар бир бурчида ўғлининг нигоҳини, нафасини ҳис қилади. Шу боис ўғли туғилиб ўсган бу ҳовли, унинг қўли теккан ҳар бир дарахт улар учун азиз ва мўътабар.

– Эломон туғилганда унга қандай исм қўйсак экан, деб кекса тоғамдан маслаҳат сўраганмиз. Шунда тоғам узоқ ўйланиб туриб «чақалоқнинг исми Эломон бўлсин» деганлар, – дейди Холмурод ака. – Бу исмни эшитиб қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар «шунақа исм ҳам бор эканми?», деб ҳайрон бўлишган. Уларга «Эломон – эл омонлиги учун хизмат қилсин дегани. Ҳали у катта бўлса, ўз номига муносиб йигит бўлади», деганман кулиб... Ҳа, Эломонжон ўз исмига муносиб эл омонлиги, тинчлиги йўлида жонини қурбон қилди...

Ҳар йили Хотира ва қадрлаш кунида уйимизга ўғлимнинг сафдошлари, ўқувчи ёшлар келишади. Шундай фараҳбахш давраларда ўғлим билан боғлиқ хотиралар жонланади. Бу мен учун қанчалар завқлилигини билсангиз эди. Гўё ўн ёшга ёшаргандек, руҳим енгил тортади... Кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун юртдошларимиздан миннатдорман. Ўғлим туфайли мана шундай эътиборга, эъзозга сазовор бўлганимдан беҳад хурсандман...

 

Хулоса ўрнида

Инсонга орзу, хотира, соғинч ва муҳаб­бат куч беради. Аслида буларнинг ҳаммасида Ватан сийрати мужассам. Ватанга меҳримиз, унга бўлган муҳаббатимиз ва садоқатимиз, бу юксак тушунчалар илдизи эъзозли қадриятларимиз билан туташ ва жипс. Шундай экан, мустақиллик инъом этган неъматларни қадрлайлик, қадриятларимизни, урф-одатларимизни авайлаб-асрайлик. Токи келажак авлод биздан миннатдор бўлсин.

 

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА,

журналист.