Китоб – маънавият булоғи

  • 21:03
  • 04,03-2020
  • 1117
  • Улашинг

Халқимиз азалдан китобни севади, буюк аждодларимиз, олиму фузалолар ўз даврида мутолаа қилиш асносида буюкликка эришган. Айниқса, адабий-бадиий дид ниҳоятда юксак бўлган, туркий, форсий, араб тилларидаги асарлар бирдай ўқилаверган, ҳадисхонлик, навоийхонлик, машрабхонлик кенг урф бўлган. Ҳаттоки, сўзлардан усталик билан фойдаланган ҳолда, бир-бирлари билан мулоқотда зарбулмасал бўлишган.

Сўнгги йилларда юртимизда китоб тарғиботи ва китобхонликни ривожлантириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Президентимиз томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳадаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бешта муҳим ташаббус илгари сурилди. 2020 йилнинг «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилингани «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари», деган улуғвор ғояга тўла мос келади.

Давлатимиз раҳбарининг «Болаларимизни боғча ёшидан, бошланғич синфлардан кичик-кичик китобларга ўргатиш, шу орқали уларни китобсевар этиб улғайтириш зарур. Шундагина жамиятимизда китобхонлик муҳити шакл­ланади, бошқалар ҳам китоб ўқишга қайтади», дея алоҳида таъкидлаганининг ўзида чуқур фалсафа бор. Бадиий асар ўқиганда, қалбингиз чексиз шодликларга чулғанади, ундан руҳланасиз. Чунки асардаги қаҳрамоннинг қалб дарди ўз дардингизга айланади. Зеро, китобга ошно бўлган, мутолаа қилишни хўш кўрадиган инсон учун китобдан яқин дўст йўқ.

 

Ҳаётбахш малҳам

Абу Бакр ал-Хоразмий ўлим тўшагида ётарди. Ундан: «Кўнглингиз нимани тусамоқда?» – деб сўрадилар. У: «Китоб юзига бир қарасам!» – деди.

Ҳаётни севган киши китобни севади. Зеро, китоб – ҳаёт қомуси, ҳаётбахш малҳам, дардкаш, ҳамсуҳбат, муаллим, илҳомчи.

Мавлоно Жалолиддин Румий айтадилар: «Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил». Кўнгил кўзининг очқичи китобдир. Маълумки, аҳоли, хусусан, ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий-эстетик эҳтиёжини қондириш, ёшларни мустақил фикрлайдиган, мус­таҳкам ҳаётий позицияга эга, чинакам ватанпарвар ва маънан баркамол инсонлар қилиб тарбиялашда китобнинг ўрни беқиёсдир. Китоб берадиган маънавий озуқани бошқа бирор-бир замонавий техник восита орқали олиб бўлмайди. Негаки, китоб шундай бир руҳий кучки, таъбир жоиз бўлса, уни ўзига хос маърифий-маънавий ибодат, дейиш мумкин.

 

Анъанавий китоб ва электрон мутолаа

Юксак технологиялар асрида яшасак-да, бироқ китобнинг қадр-қиммати ошса ошдики, асло камайгани йўқ. Айни пайтда китоб ўқиш, мутолаа маданияти, малакасини эгаллаш инсон шахсининг бирламчи фазилати, интеллект сифатидаги қиёфасининг етакчи белгиси экани турли минбарларда такрор-такрор таъкидланаётир. Тарих гувоҳ, боболаримиз, момоларимиз бу неъматни муқаддас билиб, қўлга олиб варақлашдан олдин қош-кўзига суриб, тавоф қилишган.

Кўпчилик томонидан анъанавий ва электрон китоблар бири иккинчисини сиқиб чиқаради, деган мазмундаги баҳслар давом этаётир. Хўш, уларни бир-биридан айро ҳис этиш мумкинми?!

Мантиқан олиб қараганда, уларни қарама-қарши қутбларга ажратиш мумкин эмас. Электрон мутолаа анъанавий китобхонликнинг замонавий шакли. Ниҳоятда қулай, арзон, замонавий интернет адабиёти келажакда кенг ёйилишига ишончимиз комил. Шунда газета, журнал, китоб ададларининг озлигидан нолимаса ҳам бўлаверади, бир сайтдаги асарни бир пайтнинг ўзида минглаб, миллионлаб китобхонлар ўқийверади, ундан чексиз баҳра олаверади.

Замон талабидан келиб чиқсак, электрон китоб имкониятларидан фойдаланмаслик ҳам жоҳилликка ўхшаб кетади. Бироқ ҳақиқий босма китобни кафтингда тутиб, кўксингга босиб, ошиқмай-ҳовлиқмай, кўзингга суртгудек эъзозлаб-авайлаб, роҳатланиб, завқларга тўлиб-тошиб ўқиганга нима етсин?!

 

Мутолаа – маънавият озуқаси

Китоб – маънавият булоғи. Мутолаа эса инсон эҳтиёжининг гултожи. Мутолаага қизиқиш сусайиши, ўз навбатида, аҳоли саводхонлиги даражасига салбий таъсир кўрсатиб, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишига катта таҳдид етказади.

Мутолаа асабларни тинчлантиради, инсонни нафақат маърифатли-маънавиятли қилишга хизмат қилади, балки унинг саломатлигиги ҳам ҳисса қўшади. Ҳаётда ҳамма ҳам муаммолардан холи эмас, аксар ҳолларда қайсидир ташвиш билан юрамиз. Мана шундай ҳолатларда кўп китоб ўқиган одам йўлини топиб кетишга ўзида куч топади. Бу жараёнда китоб ўқимаган инсон муаммо олдида ожиз қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам мутолаанинг асабларни тинчлантириш, чарчоқни бартараф этиш, хотира ва эшитиш қобилиятини кучайтиришга катта фойдаси бор.

Бинобарин, мамлакатимизда ҳам ёшлар ўртасида китоб мутолаасини тарғиб этиш, уларни адабиётга ошно қилиб тарбиялаш борасида бир қатор амалий тадбирлар қилинмоқда. Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оммалаштириш, республикамиз кутубхоналарида мутолаани рағбатлантириш, турли танловлар ўтказиш, китоб савдосини ривожлантириш, ноширлик ишларини тартибга солиш бўйича чора-тадбирларга алоҳида урғу берилмоқда.

Одатда китобни ҳеч ким мукофот олиш учун ўқимайди. Зеро, мутолаа қилишнинг ўзи мукофот. Кейинги йилларда мамлакатимизда китобхонлик учун мукофот ҳам берилаётгани бу хайрли ишга катта рағбат бўлмоқда. Китобни энг кўп ўқийдиганлар учун «Neхia», «Spark» машинасига эга бўлиш имконияти туғилди. Масалан, яқинда Жиззах вилоятида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган «Ёш китобхон» кўрик-танлови бошланди. Шунингдек, «Жиззах китоб дунёси» масъулияти чекланган жамияти вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда амалга ошираётган «Энг китобхон мактаб» лойиҳасига ҳам старт берилгани фикримизга далилдир.

 

Ички ишлар органларида китобхонлик

Маданият, маданиятлилик ғоятда кенг тушунчалар, бироқ ким нима демасин, қандай талқин қилмасин, бу тушунчаларнинг моҳиятида тарбия, тарбияланиш ҳодисаси ётади. Инсон — тарбияланувчи мавжудот. Тарбиянинг шакллари эса кўп. Аммо унинг ўзак ва таянч нуқтаси мутолаа ва яна мутолаадан бино бўлади. Зеро, китобхонлик маданияти умумий маданиятнинг мағзи, мазмунидир. Бу ҳақиқатни ёниб-куйиб айтмаган, мутолаага даъват қилишни ҳаётий маслагига айлантирмаган донишманд, зиёли инсон топилмаса керак.

Ички ишлар органлари ходимларини юксак касб маданияти соҳиби этиб, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда китобнинг аҳамияти катта. Бинобарин, бугунги кунда ички ишлар органларида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ходимларнинг ўз устида ишлаши учун зарур шароитлар яратилган.

Ходимлар ўртасида китобхонлик ва мутолаа маданиятини тарғиб қилиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг қўшма қарори асосида ёш ходимлар, ҳарбий хизматчилар ҳамда вазирлик олий таълим муассасалари курсантлари ўртасида икки босқичда «Энг яхши китобхон» танлови ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, ички ишлар органларида ҳафтанинг жума кунида «Ўз устида ишлаш ва китобхонлик соати» жорий этилди. Бунда ходимлар бир соат давомида кутубхона ва ахборот-ресурс марказларида китоб мутолааси билан машғул бўлиши белгиланди.

Ички ишлар вазирлигида замонавий жиҳозлар ҳамда электрон кутубхона учун 14 дона компьютер тўплами билан таъминланган кутубхона янгидан ташкил этилган. Кутубхона 4 мингдан ортиқ янги ҳуқуқий, тарихий-сиёсий, бадиий, илмий-оммабоп ва бошқа жанрлардаги адабиётлар, 7 мингга яқин электрон ресурслар билан бойитилиб, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси базасига ҳамда интернет тармоғига уланди.

Вазирлик тизимидаги идоравий кутубхоналар ва ахборот-ресурс марказлари китоб фондини бойитишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ички ишлар органларидаги ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари фондини янги адабиётлар, шу жумладан, электрон китоблар билан бойитиш, ходимларнинг кутубхоналар имкониятларидан фойдаланишлари учун етарли шарт-шароитлар яратиш чораларини давом эттириш вазифаси белгиланди.

Бугунги кунда вазирлик таълим муассасалари ва барча ҳарбий қисмларида, шунингдек, ҳудудий ички ишлар органларида 50 дан ортиқ ахборот кутубхоналари фаолият олиб бормоқда. Ушбу кутубхоналар фонди 30000 дан ортиқ янги китоблар билан бойитилиб, жорий йил бошида уларнинг жами китоб фонди 675012 тани ташкил этади.

Бир сўз билан айтганда, ички ишлар органлари ходимларининг китобхонлик маданиятини шакллантириш орқали уларнинг маънавий, ҳуқуқий, сиёсий ва маърифий билимларини ошириш давр тақозосидир. Бу йўлда собитқадамлик, ўз устимизда мунтазам ишлаш, шахсий жавобгарликни ошириш талаб этилади.

 

Азизжон ФАЙЗИЕВ,

капитан.