Ҳуқуқбузарликлар профилактикасида ҳамкорлик

  • 19:02
  • 19,02-2020
  • 773
  • Улашинг

Бугунги кунда ички ишлар органлари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида қилинаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан ички ишлар органлари фаолиятига юксак эътибор берилаётгани туфайли тизимда беқиёс ўзгаришлар рўй бермоқда. Ходимларимиз самарали хизмат қилиши учун ҳавас қилса арзигулик шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан бевосита аҳоли ўртасида фаолият олиб борадиган профилактика инспекторлари ўз ҳудудларида хизмат уйлари билан таъминланди. Эндиликда улар илгаригидек туман маркази ёки шаҳарда яшаб, ўн беш-йигирма чақирим наридаги хизмат ҳудудига қатнаётгани йўқ.

Яна бир қувонарли ҳолат шуки, ҳар бир профилактика инспекторига имтиёзли кредит асосида енгил автомашина ажратилди. Бу ҳам, албатта, фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир.

Жиноятчиликка қарши курашишда унинг олдини олиш муҳим саналади. Шу боис ички ишлар органларида профилактик тадбирларга кенг ўрин бериляпти. Айниқса, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» деб эълон қилиниши жойларда профилактик тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, аҳоли билан ички ишлар органлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳамкорлигини кучайтириш, ўзаро очиқ мулоқот ва учрашувларни кўпайтириш имконини берди.

Шу ўринда «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» доирасида бевосита маҳалла, қишлоқ ва овулларда ўтказилаётган жиноят муҳокамалари ижобий натижа бераётганлигини қайд этиш жоиз. Жиноят ёки ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қизғин муҳокама қилинган ҳудудларда жиноятлар кескин камайгани бунинг тасдиғи бўла олади. Масалан, 2018 йилда рес­публикадаги 2301 та маҳаллада жиноят қайд этилмаган бўлса, ўтган йили бу рақам 3074 тага етди. Бу республикамиздаги маҳаллаларнинг учдан бир қисмида жиноят содир этилмади, демакдир.

Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, республикамизда уч-тўрт йилдан бери ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этилмаган маҳаллалар ҳам борки, бу маҳалла аҳли тинч-тотув, аҳил-иноқ яшашидан, шунингдек, ҳудудда профилактика инспекторлари нуроний отахон ва онахонларимиз, оқсоқоллар, кайвонилар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бораётганидан далолат беради. Ана шундай кексаларимизни профилактика инспекторларининг энг яқин ёрдамчиси, суянчи, таянчи, десак арзийди. Кези келганда, маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг бир қисмини ички ишлар органларида кўп йиллар хизмат қилиб, нафақага чиққан фахрийларимиз ташкил этишини ҳам фахр билан қайд этиш жоиз.

Жойларда ўтказилаётган профилактик тадбирларда туман-шаҳарлар секторлари раҳбарларининг иштирок этаётгани ҳам айни муддао бўлмоқда. Тадбирлар давомида, айниқса, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қўл урганларнинг аксариятини ишсиз фуқаролар ташкил этиши ҳисобга олинган ҳолда, сектор раҳбарлари томонидан уларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилаётгани эътиборлидир.

Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббуси ижроси бўйича кўплаб эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда, жиноятчиликнинг камайишида катта аҳамият касб этмоқда.

Биргина ўтган йили ёрдамга муҳтож фуқароларнинг фарзандлари ҳамда ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турган вояга етмаганларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида уларнинг 3640 нафари спорт тўгаракларига, 3140 нафари факультатив тўгаракларга, 864 нафари «Баркамол авлод» марказлари машғулотларига жалб қилинди.

Бандлиги таъминланмаган 198434 на­фар йигит-қиз Ёшлар марказларида касб-ҳунар ўрганиши учун ўқитилди. Шунингдек, 28223 нафари ҳунармандчиликка, 27454 нафари касаначиликка жалб этилди, 49674 нафари эса меҳнат ярмаркалари орқали ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, 12606 нафар йигит-қиз «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси орқали иш ўрнига эга бўлди.

Энг муҳими, ҳамкорликда олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида ўтган йили республикада ёшлар ўртасидаги жиноятчилик 12388 тадан 8595 тага ёки 30,6 фоизга камайишига эришилди.

Айни пайтда мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ёшлар қизиқишларига кўра мусиқа, рассомлик, адабиёт ва санъатнинг бошқа турларига, спорт машғулотларига жалб этилмоқда. Нафақат вилоят марказлари, шунингдек, чекка туманларда ҳам китоб ярмаркалари, китобхонлик кечалари, шоир ва адиблар билан учрашувлар уюштириляпти.

Хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Айни шу мақсадда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан, ички ишлар органлари тизимида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспектор лавозими жорий этилиб, фаолияти йўлга қўйилди. Инспектор-ходималар жойларда хотин-қизлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳуқуқий маслаҳатлар беради, бандлигини таъминлашда кўмаклашади, профилактик ҳисобда турган аёллар, ҳуқуқбузарлик ва жиноят қилишга мойил бўлган хотин-қизлар билан якка тартибда профилактик суҳбатлар олиб боради. Шу аснода ўтган йили улар томонидан 6890 нафар хотин-қизга ишга жойлашишида кўмаклашилди, 5645 нафарига моддий-ижтимоий ёрдам кўрсатилди, 1550 нафари тиббий диспансерларга юборилди, 2009 нафарига шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини қайта тиклашда, 3121 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашилди, 1241 нафари таълим муассасаларига қайтарилди.

Бу ишлар ўз самарасини бериб, аёллар жиноятчилиги қарийб 25 фоизга камайишига эришилди. Лекин хотиржам бўлишга ҳаққимиз йўқ, чунки бир аёлнинг жиноят кўчасига кириши ҳам жамият учун оғир иллат саналади. Шунинг учун хотин-қизлар ўртасида профилактик ишларни янада кучайтиришимиз зурур.

Умуман олганда, ҳозирги кунда мамлакатимиз ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида кенг қамровли амалий ишлар олиб борилмоқда. Келгусида ҳам жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятимизни асло сусайтирмай, юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашда дадил ҳаракат қилаверамиз.

 

Азизбек ИКРАМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор.