Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назорати

  • 20:02
  • 05,02-2020
  • 1129
  • Улашинг

Коррупция глобал ҳодиса бўлиб, унга қарши жаҳоннинг барча мамлакатлари курашмоқда. Бу иллатга қарши курашда фақат давлат ҳокимияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари кучи, саъй-ҳаракати билангина ютуққа эришиб бўлмайди. Бунда жамоатчилик иштироки ва назорати, ОАВ, телевидение, радио, интернет имкониятларидан кенг фойдаланиш билан самарага эришиш мумкин. Бу борада жаҳон тажрибасига эътибор қаратсак, дунёда коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги илк қонунлардан бири Буюк Британияда 1889 йилда қабул қилинган бўлиб, иллатга қарши курашда ҳамиша жамоатчилик фикри ва унинг назоратига таяниб келинади.

Анъанага мувофиқ, халқнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти, билим савияси жамият билан ҳамоҳанг юксалиб бориши, инсон ҳуқуқлари ҳимояси таъминланиши, лоқайдлик, бефарқлик касалликларидан холи эканлиги, қонун олдида жамият аъзоларининг тенглиги, ҳуқуқ-тарғибот органларида юксак профессионализм кўникмаларига эга бўлиш одатий ҳол ҳисобланади. Масалан, жамиятда салбий иллатлар, жиноятчилик ҳақидаги хабар дарҳол ОАВ орқали аҳолига етказилади, жойларда мавзу муҳокамасига оид дебатлар бошлаб юборилади ва бу иллатга ҳуқуқий баҳо берилгунга қадар жамоатчилик назоратида бўлади. Кўриниб турибдики, очиқлик ва шаффофлик таъминланишида аҳоли ҳамда давлат органлари биргаликда ҳаракат қилади.

Мамлакатимизда кейинги уч йил мобайнида ушбу соҳада ҳам катта ислоҳотлар давом этмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» фармони ижросини таъминлашда тизимли ишлар амалга ошириляпти.

2019–2020 йилларда коррупцияга қарши кураш давлат Дастури ижроси бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, унга биноан:

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш;

 ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдидаги ҳисобдорлиги тартибини такомиллаштириш каби муҳим вазифалар шулар жумласидандир.

Шунингдек, қарорлар қабул қилиш жараёнида фуқаролар иштирокининг шаффоф ва самарали усулларини жорий этиш вазифалари амалга оширилмоқда. Ушбу фармонга биноан, масъул давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда ОАВ ва интернет ресурсларида, шу жумладан, чет эл ОАВда кенг кўламдаги ахборот-тарғибот ишларини ташкил этиш, уларда таниқли олимлар, давлат органлари вакиллари ҳамда жамоатчилик вакилларининг чиқишларини назарда тутиб, коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича брифинглар, интернет-конференциялар, телевизион кўрсатувлар, радиоэшиттиришларда иштироки таъминланмоқда.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашда изчиллик билан амалга оширилаётган дастурий тадбирлар жамиятимизни ушбу иллатдан соқит қилишга қатъий киришилганлигининг тасдиғидир.

Буюк Британияда икки давлат қўмитаси – коррупцияга қарши ва оммавий соҳа стандартлари қўмиталари профилактика чоралари – таниқли шахс­лар иштирокида тузилган шартномалар ва уларни молиялаштириш масалалари билан шуғулланади. Мамлакатнинг коррупцияга қарши стратегияси мавжуд бўлиб, ҳалолликка, тўғрилик принципларини жамиятнинг ҳамма соҳаларига сингдиришга эришган. Ана шу принциплар асосида давлат хизматчиларининг Ахлоқ кодекси ҳам тузилган. Таъкидлаш жоизки, рейтинги юқори бўлган деярли барча мамлакатларда давлат хизматлари ходимларининг Ахлоқ кодекси мавжуд.

Канада ҳам халқаро рейтингда бу жиҳатдан юқори ўринлардан бирини эгаллаб келади. Мамлакатда давлат хизмати коррупция ҳолатларидан холидир. Порахўрлик – давлат хоинлигига тенглаштирилган бўлиб, икки тарафга, берувчига ва олувчига бир хил жазо белгиланиб, барча имтиёзлар бекор қилинади ҳамда 14 йил озодликдан маҳрум этилиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. ОАВ, жамоатчилик тергов жараёнларида фаол иштирок этиб, унинг натижаларини эълон қилиб боради.

Норвегия – иқтисоди ривожланган, барқарор мамлакат бўлиб, давлатда коррупцияга қарши самарали тизим шакллантирилган. Амалдаги коррупцияга қарши кураш қонунчилиги давлат секторида юқори стандартларни таъминлаб келади: бюджет соҳасига тааллуқли барча давлат харидлари ва бюджет маб­лағларининг сарфланиши очиқлик ҳамда шаффоф­ликда амалга оширилишининг механизми яратилган. Аҳолининг барча даромадлари ҳақидаги маълумотлар, банк рақамларига эркин кириш, қонунга итоат этмаслик, ноқонуний яширин хатти-ҳаракатларга нисбатан кескин чора кўрилади. Коррупциянинг оғир ҳолатларида 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилади.

Швеция халқаро рейтингда коррупция даражаси паст бўлган барқарор мамлакатдир. Коррупция иллатига қарши курашда, айниқса, фуқароларнинг даромадлари ва харажатлари ҳақидаги очиқ маълумотлар мунтазам берилиши муҳим аҳамиятга эга.

1923 йилда ташкил этилган «Порага қарши институт» соҳада маърифий-тушунтириш ишларини олиб боради. Швеция прокуратурасида бор-йўғи 7 нафар махсус прокурорлар, шунингдек 25 нафар махсус полициячилар коррупцияга қарши шуғулланади. Улар юксак профессионал ва ахлоқий хислатларга эга ходимлар бўлиб, бутун мамлакат бўйича етарли ҳисоб­ланади. Таъкидлаш жоизки, мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқ органлари ҳамда ОАВга ишончи катта.

Финляндия ҳам жаҳондаги энг барқарор мамлакатлардан бўлиб, айниқса, матбуот эркинлиги рейтингида етакчилик қилиб келмоқда. Жумладан, коррупцияга қарши курашда очиқлик принципи амал қиладиган, жамоатчилик билан фаол ҳамкорликда давлат органлари хизматчилари ва ходимлардан, депутатлардан, Президент ҳамда судьялардан дахлсизлик мақоми олиб ташланишга эришилган қонун олдида ҳамма баробар бўлган мамлакат. Бу ерда ишлар шу даражада мукаммал ташкил этилганки, коррупцияга қарши кураш олиб борадиган махсус орган ҳам йўқ, коррупциянинг ўзи ҳам йўқ.

Сингапурда эса коррупцияга қарши курашнинг ўзига хос усуллари мавжуд. Коррупция ҳолатларини суриштурувчи махсус бюро сиёсий ва функционал мустақилликка эга бўлиб, давлат ҳамда хусусий секторларда коррупция ҳолатлари, давлат хизматлари ходимларининг мансабни суиистеъмол қилиш ҳоллари бў­йича чора кўриш учун тегишли органларга зудлик билан хабар беради. Жамоат­чилик назорати натижасида аниқланган ҳолатлар бўйича очиқлик ва шаффофлик тамойилларига таянган ҳолда фаолият олиб боради. Ушбу иллатнинг келиб чиқиш шарт-шароитларини минималлаштириш ёки бутунлай бартараф этиш чораларини кўради.

Японияда ҳам қонун чиқарувчи орган сайлов компанияларини, номзодларни молиялаштиришга қаттиқ чекловлар қўяди. Зарур ҳолларда санкциялар қўллайди, кўплаб мамлакатларда бўлгани сингари, Японияда ҳам кадрлар сиёсати коррупцияга қарши курашнинг бош йўналишларидан ҳисобланади. Давлат хизматчилари кафолатланган иш ҳақи билан таъминлаб қўйилган. Шу боис, сиёсатчи ва хизматчиларнинг ахлоқий қиёфаларига жиддий эътибор берилади. Жамоатчилик назорати вакиллари ОАВ билан яқиндан ҳамкорлик қилади, салбий ҳолатларни зудликда жамоатчилик муҳокамасига қўяди.

Фикримизча, ушбу иллатга қарши курашда жамоатчилик назоратининг хорижий тажрибаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, авваламбор, бу иллатга қарши курашда фақат давлат органларининг саъй-ҳаракатлари етарлича эмаслиги;

давлат ва жамият жамоатчилик назорати вакиллари фаоллигини кучайтиришдан манфаатдорлиги;

фуқаролар, ёшлар онгида коррупция иллатига қарши муносабатни шакллантириш;

давлат ва ҳокимият органлари фао­лиятида очиқлик ҳамда шаффофлик тамо­йиллари устуворлигига эришиш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш;

ҳуқуқий нигилизмни бартараф этишда хорижий мамлакатлар тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда, давлат органлари ходимлари ва хизматчилари, шунингдек, ОАВ вакилларининг Ахлоқ кодексини жорий этиш вақти келганини даврнинг ўзи кўрсатмоқда.

 

Шуҳрат ҒОЙИБНАЗАРОВ,

сиёсий фанлар доктори, профессор,

истеъфодаги полковник.