«Адл ила олам юзин обод қил...»

  • 09:01
  • 30,01-2020
  • 1215
  • Улашинг

Тақдири азал миллат манглайига ҳазрат Навоийдек улуғ зотни битгани ўзбек халқининг ўтмиши, ҳозирги ва келажакдаги ҳар бир вакили учун чексиз ғурур ва ифтихор тимсоли бўлиб қолаверади.

Навоийнинг абадиятга дахлдор мероси, бетакрор асарлари нафақат ўзбек халқи, балки бутун башариятнинг бебаҳо маънавий хазинасига айлангани рост. Бугунги кунда ул зотнинг умрбоқий асарлари дунёнинг ўнлаб тилларига таржима қилинган. Бу асарлардаги эзгулик, инсонпарварлик, садоқат, имон-эътиқод тараннуми инсониятни ҳамжиҳатликка даъват этиб келаётир.

Унинг асарларини мутолаа қилиш асносида ҳазратнинг бетимсол закоси олдида ҳайрат уммонига ғарқ бўласиз. Назаримизда, ул зот юксак даражада тараққий этган замонамизнинг ўзига хос жиҳатларини, ҳатто муаммоларини беш ярим аср илгари теран нигоҳ билан кўра олгандек. Мисол тариқасида глобал аҳамият касб этаётган экологик муаммоларни олайлик. Бугунги кунда инсоннинг табиатга нисбатан шафқатсизларча муносабати натижасида экологик вазият тобора кескинлашиб бораётгани айни ҳақиқат.

Эсланг, «Сабъаи сайёр» достонида шоҳ Баҳром овга чиқиб, навкарлари билан жонзотларга мисли кўрилмаган даражада қирон келтиради. Қон дарёдек оқади.

 

Шер ила жайран ул мақом ичра,

Туштилар чун бу навъ дом ичра.

Юз туман шеру жайран ўлди чу ғарқ,

Шеру жайран аро ўларда не фарқ?

 

Қон ҳароратидан ернинг устки қаттиқ қатлами ивиб, унинг остидаги ботқоқлик Баҳром ва навкарларини ўз домига тортади.

Навоий ҳазратлари олис ўтмишдан туриб, бугунги замондошларни муқаррар бир хавф-хатардан огоҳ этган экан. «Агар шу тахлит кетаверсак, Шоҳ Баҳром ва унинг сафдошлари қисмати бутун инсониятнинг бошига тушмасмикин?» деган фикр шууримизни жунбишга келтиради.

Алишер Навоий наинки ўз асарлари, балки эзгу амаллари билан ҳам эл-улусга ибрат кўрсатгани тарихий манбаларда акс этган. Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» асарида тилга олинган, кўпчиликка яхши таниш бир воқеани эслайлик. Амир Низомиддин Алишер таҳорат олаётганларида либосларига илашиб қолган бир чумолини, ўз уясидан йироқда сарсон бўлмасин деб, йўлларидан қайтганлари ва митти жониворни ўз маконига элтиб қўйганлари ул зотнинг наинки инсоният, балки бутун борлиққа муҳаббати, раҳм-шафқатидан далолат эмасми?

Шу боис ул ҳазрат ёзганларки:

Фил бўлса, агар хасминг, десангки,

зарар топмай,

Бир пашшага оламда етказма

зарар ҳаргиз.

 

Яъни, душманинг фил бўлса ҳам, зиён кўрмасликни истасанг, бу оламда пашшага ҳам зарар етказмагин.

Уруш, хунрезлик, адоват сингари офатлар замон ва макон чегараларини тан олмайди. Замонлар ўтиши билан бу офатларнинг шакл-шамойили ўзгарар, аммо мазмун-моҳияти ўзгармай қолаверади. Чунки бани башарни ҳалокатга, кулфату мусибатларга етакловчи омил ягона – НАФС. Зеро, улуғ мутафаккир лутф қилганларидек:

 

Беша шерин гар забун этсанг

шижоатдин эмас,

Нафс итин қилсанг забун, оламда

йўқ сендин шужоъ.

 

Дарҳақиқат, ўрмондаги ваҳший шерни енгиб, ер тиш­латишдан кўра, ичимиздаги нафс итини бўйсундириш ҳақиқий мардлик, шижоат белгисидир. Инсон ўз нафсини тобе қилолмас экан, ер юзида низо, биродаркушлик, турли можаролар авж олаверади. Айни пайтда терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик сингари иллатлар Одам ато авлодларининг муросасизлиги, худбинлиги, очкўзлиги ва ҳарислигининг, бир сўз билан айтганда, НАФСнинг аччиқ меваларидир, холос.

Атрофга теранроқ назар солайлик. Ҳар куни ўнлаб бегуноҳ инсонлар мақсадсиз уруш ва низолар, зиддиятлар, ҳарбий ҳаракатларнинг қурбони бўлаётир. Навоий бобомизнинг асрлар оша яшаб келаётган шоҳ сатрлари уйғоқ руҳнинг янгроқ фарёдидек жаранглайди:

 

Олам аҳли, билингизким,

иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-биримизгаким,

эрур ёрлиғ иш.

 

Кошки, донишманд шоиримиз илгари сурган ана шу ҳақиқатни бугунги кунда башарият аҳлининг барчаси англаб етганида эди... Афсуски, ҳар тарафлама тараққий этган, инсоният илм-фаннинг энг баланд чўққиларини эгаллаётган кунда ҳам улуғ ўзбек мутафаккири беш ярим аср аввал англаган ҳақиқатни тушунгани йўқ. Акс ҳолда, бугун дунёнинг турли нуқталарида урушлар, хунрезликлар тўхтаган, халқлар ўртасидаги адоватли можаролар барҳам топган бўларди.

Навоий ўз даврида ана шундай қирғинларнинг олдини олишга, мамлакатда тинчлик-осойишталик ҳукм суришига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшди. Бунёдкорлик ишларига бош-қош бўлиб, жуда кўплаб маданий-маиший иншоотлар, мактаб ва мадрасалар, ҳаммом, шифохоналар, кўприклар қуришга бош-қош бўлган.

Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги даврида «Амири кабир» – буюк амир лавозимида фаолият кўрсатган Алишер Навоий ундан эл-улус манфаати, шаҳар ва мамлакат ободончилиги, маданият равнақи, адолат тантанаси учун фойдаланган.

Мамлакат пойтахти – Ҳирот бу даврда ниҳоятда кўркамлашди, халқ турмуши яхшиланди, шеърият, нафис санъатлар ривож олди. Талабалар учун «Ихлосия» мадрасаси, дарвешлар учун «Халосия» хонақоҳи, беморлар учун «Шифоия» шифохонаси, қироатхона («Дор ул ҳуффоз») қурилди. Ҳиротда яна «Низомия», Марвда «Хусравия» ва бошқа мадрасалар барпо этилди.

Навоий нафақат мадраса, шифохоналар қурдирди, балки, уларни керакли даражада жиҳозлаш, ўзини-ўзи таъминлаш учун вақф ерлар ажратиб бериш, мударрислар, табиблар ва бошқа ходимлар билан таъминлаш, уларга ойлик маош, озуқа, кийим-бош белгилашгача, талабалар нафақаси ва китобларигача, барча-барчасини мукаммал бошқариб, ташкил этиб берар эди. Ўзи доимо хабар олиб, назорат қилиб туришни ҳам унутмасди. Бинолар қурилиши тарҳи билан бевосита шуғулланар, уста ва шогирдлар меҳнатидан бохабар бўлиб турарди.

Навоийнинг нақадар халқпарвар бўлгани, эл-юрт манфаатларини ҳар доим ўз манфаатидан устун қўйганликлари ортиқча эътирофга муҳтож эмас.

Юз жафо қилса манга, бир қатла

фарёд айламон,

Элга қилса бир жафо, юз қатла

фарёд айларам.

 

Ушбу байтда ҳам софлик, самимият ва халқпарварлик яққол намоёндир.

Бугун биз илм-фан, техника, ахборот технологиялари юксак даражада ривожланган бир даврда яшаяпмиз. Бу замон ҳар биримиздан маънавиятимиз, миллий қиёфамиз, қадриятларимизни турли ёт таъсирлардан ҳимоялаш, хусусан, ёшларимизнинг онгини турфа иллатлардан асраш, уларни Ватанга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашни тақозо этади.

Навоий асарларининг ёшлар таълим-тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётир. Бу асарларда илгари сурилган шарқона одоб-ахлоқ, ибо ва ҳаё, ор-номус, мардлик, жасорат, Ватанга садоқат, ота-онага ҳурмат, меҳру муҳаббат ғоялари бизнинг замонамизда ҳам долзарблигича қолмоқда.

Улуғ мутафаккирлар бутун олам аслида инсоният билан гўзал эканини таъкидлайди. Шу боис ҳар бир инсон сайёрамизни имкон қадар обод этиши, бузғунчилик билан эмас, бунёдкорлик, яратувчанликлар билан унинг фаровонлигини, осойишталигини таъминлаши лозим:

 

То бани Одам ила олам эрур,

Олам ичинда бани Одам эрур.

Адл ила олам юзин обод қил,

Хулқ ила олам элини шод қил.

 

Алишер Навоий ўзининг олтмиш йиллик умри давомида мангуликка татигулик ишларни амалга оширди. Ўлмас асарлар битди, она тилимизнинг шуҳратини, беқиёс гўзаллиги ва нафосатини яққол намоён этди. Умри давомида эл-юрт ғами, қувонч ва ташвишлари билан яшади, инсониятни ўзидан яхши ном қолдиришга даъват этди.

Замонлар, давру давронлар ўтаверади. Лекин Алишер Навоийдек буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий хазиналар асрлар суронига бардош бериб, янада сайқал топиб, қадр-қиммати ошиб бораверади. Биз эса Навоий бобомизнинг номи билангина фахрланиб қолмасдан, ана шу хазинадан баҳраманд бўлиб яшамоғимиз керак. Зеро, Навоийни англаган эл саодатга эришмоғи муқаррар.

 

Шерзод АБДУСАМАДОВ,

«Postda» мухбири.