Маърифат мутаассибликка қарши кураш демакдир

  • 22:01
  • 22,01-2020
  • 1446
  • Улашинг

Бугунги кунда глобаллашувнинг шиддатли тус олиши дунё миқёсида ғоявий-мафкуравий таҳдидларнинг тобора авжига чиқишига замин яратмоқда. Мана шундай бир шароитда тинчлик, барқарорликни сақлашда маънавият ва маърифатга эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳақда фикр юритганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини доимо ёдда тутишимиз лозим: «Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни, албатта, яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир. Мана шундай қараш бутун халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан кенг ва қизғин қўллаб-қувватланаётгани маънавий тарбиянинг нақадар долзарб аҳамиятга эга эканини кўрсатади».

Шу ўринда, маърифатнинг акси бўлган мутаассиблик ҳақида сўз юритсак. Мутаассиб­лик муайян ғояларнинг мутлақ тўғри эканига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан берилиш, ўзгаларнинг фикри ва ўзгача қараш ҳамда ғояларга муросасиз муносабатда бўлишдир. Диний жиҳатдан эса бу бошқа фирқа, мазҳаб­ларни бутунлай рад этиш, уларни тан олмасликда намоён бўлади. Мутаассиблик барча даврларда турли дин ва йўналишлар орасида кес­кин низо, тўқнашувларни келтириб чиқаришга замин яратган. Қалби, онги заҳарланган ва мутаассибга айланган шахслар қилаётган ҳар қандай номақбул ишини тўғри деб ҳисоблайди. Мутаассибликнинг жирканч башараси дунёнинг турли нуқталарида содир этилаётган қўпорувчилик ва хунрезликларда яққол намоён бўлмоқда.

Дунёвий ва диний билимлар борасида соғлом дунёқарашни, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини англамаслик ҳам мутаассиблик ғояларининг тарқалишига замин яратиши мумкин. Замонавий манбаларда бу ҳодиса «фанатизм» номи билан келтирилади. Мутаассиб хатти-ҳаракатлари ва қарашларида ҳаддан ошувчи, қарашларининг тўғри ёки нотўғрилигидан қатъи назар, кўр-кўрона ёқловчи, фикрида қатъий турувчи, бошқалар фик­рини ноҳақ деб билувчи шахс сифатида ўз фикрини амалда кўрсатишга ҳаракат қилади.

Ташвишланарли жиҳати, мутаассиблар динни сиёсийлаштириш воситасида ҳокимиятга интилиш, динни нотўғри талқин қилиш билан одамлар орасига нифоқ солиш, қўпорувчилик ва ғаразли манфаатларни амалга оширишга ҳаракат қилишади.

Экстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосий сабаби мутаассиб фикр ҳамда қарашларнинг пайдо бўлишидир. Шу тариқа, мутаассиблик экстремизм ва терроризмга замин тайёрлайди. Мутаассиблик давлат ва жамият ҳаётининг ҳар бир соҳаси, масалан, илмий, ижтимоий, ақидавий соҳалар ҳамда дин ва жамиятнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи омиллардан биридир. Унинг энг кенг тарқалган кўриниши диний мутаассибликдир. Бунда динни тушунмаслик, уни била туриб манфаатлари йўлида нотўғри талқин этиш, бирёқлама – жангарилик шаклида намоён қилиш каби салбий хусусиятларни ўз ичига олади. Инсоният диний мутаассибликдан кўп маротаба азият чекканлигига тарих гувоҳ.

Мутаассибликнинг пайдо бўлишига диний зиддиятлар, шу билан бирга, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммоларнинг ҳал қилинмагани ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Ислом дини мутаассиб­ликка хайрихоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради. Ҳозирги нозик ва айни пайтда, ўта мураккаб шароитда ўзида ёвуз ва бузғунчи ғояларни намоён этувчи иллатларга қарши маърифат билан курашиш муҳим аҳамият касб этади.

Экстремизм, халқаро терроризм ва мутаассибликка қарши курашда маърифатни тарғиб этиш ғояси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқаро миқёсдаги маърузаларида бош мавзуга айланган. 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида давлатимиз раҳбари дунёда терроризм таҳдидлари, айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётгани, уларга қарши куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаётгани, бу борада кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинаётганини, халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этишини алоҳида таъкидлаган эди.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция­сини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилар экан: «Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат. Ушбу резолюция бағрикенг­лик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган... Биз мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашдан иборат бўлган энг муҳим устувор вазифаларни муваффақиятли амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарти айнан шунда мужассам, деб биламиз», дея алоҳида таъкидлаган эди.

Жаҳон геосиёсий майдонидаги ўзгаришлар, глобаллашув жараёнларининг кучайиши ҳамда замонавий ахборот технологияларининг жадал ривожланиши дунёда кескин бурилиш ясамоқда. Инсоният мутлақо ўзгача муҳит, янгича талаб ва илгари кузатилмаган хавф-хатар ҳамда таҳдидлар кучайган бир шароитда яшашига тўғри келмоқда. Дунёда кечаётган бундай жараёнлар ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларига, жумладан, маънавий-маърифий соҳаларга ҳам жиддий таъсир ўтказмоқда. Турли минтақа ва давлатларда содир бўлаётган аянчли воқеалар таҳлили оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот технологиялари, интернет тизими, ижтимоий тармоқлар ва электрон нашрлар баъзи ҳолларда бузғунчи кучлар қўлида зарарли ғоя ва мафкураларни тарғиб этишнинг қулай, тезкор воситасига айланиб қолаётганлигини кўрсатяпти. Бу каби таҳдидлар миллий ва умуминсоний қадриятларнинг емирилишига, зўравонлик, инсон тақдири, жамият ҳаётига беписандлик, масъулиятсизлик, лоқайдлик, андишасизлик, беҳаёлик каби иллатларнинг илдиз отишига замин яратмоқда.

Бундай мураккаб шароитда миллий ва умуминсоний қадриятларни асраш, мустақилликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳар бир давлат олдида турган устувор вазифалардан биридир. Зеро, ўзгариб бораётган дунё манзараси ва унинг мазмун-моҳиятини чуқур англаш, вужудга келаётган таҳдид, хавф-хатарларга қарши курашда бутун жамиятни сафарбар этиш мамлакат келажаги ҳамда тараққиётининг муҳим шартидир.

Жаҳолат нафақат диний шакл­­да, балки дунёвий, даҳ­рий­лик кўринишида ҳам намоён бўлади. Бундай иллатларга қарши маърифат асосида кураш олиб бориш, маънавият масаласи ўзбекистонлик барча соғлом фикрли кишиларнинг виждон ишига айланишини давр тақозо этмоқда.

Маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилидир. Шу боис инсон маънавий олами, халқимиз маданиятини белгилайдиган манбаларни асраб-авайлаш ва бойитиш ҳамда жаҳон илм-фани ютуқлари, умумбашарий тараққиёт тажрибалари асосида ёвуз, бузғунчи ғояларга қарши маърифат билан курашда долзарб аҳамият касб этади.

Мансур МУСАЕВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори.