Ҳаракатлар стратегияси – истиқболимиз кафолати

  • 00:01
  • 16,01-2020
  • 1114
  • Улашинг

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида яқин беш йилликда мамлакатимиз забт этиши назарда тутилган улкан довонлар, халқимиз ҳаёт даражасини юксалтиришнинг механизмлари аниқ белгилаб берилган.

Ҳаракатлар стратегия­сининг мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишдан, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривож­ланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатни модернизация­лаш ҳамда ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборатдир.

Маълумки, аҳолининг тинч-осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш масалалари мамлакатимиз Президенти томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатида энг муҳим ўрин эгаллайди. Бу масала бугун юртимизда барча ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, мамлакатимизни модернизация қилиш, янгилашнинг энг асосий шарти ва гаровидир. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари томонидан ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш, унинг фаолияти самарадорлигини замонавий босқичга кўтаришдек ғоят муҳим вазифа доимий равишда кун тартибига қўйиб келинмоқда.

Ҳаракатлар стратегияси жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги, хусусан, ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотларнинг дастурул­амалига айланди. Ўтган уч йилда тизим тубдан ислоҳ қилинди.

Эл-юртимизнинг ишончи ва меҳрини қозонган, том маънодаги халқпарвар тизимни яратиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар муваффақиятли амалга ошириляпти. Бу борада қабул қилинган қонунлар ўз самарасини бера бошлади.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотларнинг янги босқичи бошланди. Бугунги кунга келиб ички ишлар органлари аҳолига ўз вақтида ёрдам кўрсатадиган, унинг ҳар бир ходими эса халқ манфаатларига хизмат қилишни ўз бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айланмоқда.

Ҳаракатлар стратегияси тизимдаги ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг мутлақо янги тизими яратилишига хизмат қилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим қадам бўлди. Ушбу қарор мазкур тизимнинг замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлади.

Бугунги кунда ички ишлар органларида юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёш кадрларни кўпайтириш энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Мазкур вазифанинг муваффақиятли бажарилишини таъминлашда Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 29 ноябридаги «Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу қарорда ички ишлар органларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг захирасини шакллантириш, шунингдек, тизим ходимларининг хизмат ўташини ташкил этиш соҳасини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг кадрлар салоҳиятини юксалтиришга имкон берадиган сифат жиҳатдан янги тизими ташкил этилди. ИИВ Академиясида таълимнинг сиртқи шакли жорий этилди, вазирликнинг
14 та академик лицейи ташкил қилинди. 2020/2021 ўқув йилидан бош­лаб, ИИВ Академиясининг кундузги таълим шаклига қабул фақат ИИВ академик лицейлари, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари таркибидан амалга оширилиши белгиланди.

Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясида «Халқ давлат идораларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак», деган тамойил устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бу муҳим ҳужжатда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги, самарали механизм ва усулларини жорий этиш, мансабдор шахсларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериши тизимини амалда татбиқ этиш, шу асосда халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Инсон манфаатлари, халқ фаровонлигини таъминлашда халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини билиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ички ишлар органларида ҳам халқ билан аниқ мақсадли мулоқотлар ўтказилмоқда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди, аҳолининг муаммолари ҳал этилишига ҳар томонлама кўмаклашилмоқда.

Халқ билан мулоқот одамларнинг кайфиятига, уларнинг ислоҳотларга бўлган ишончи ортишига таъсир этиши билан ғоятда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун вазирлик раҳбарияти сайёр қабулларни ташкил этиб, одамларни ўзлари яшаб турган масканларда қабул қилиб, муаммоларни жойида ҳал этишга жиддий эътибор қаратяпти.

Тизимда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этишнинг сифат жиҳатидан мутлақо янги тартиби ўрнатилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишга юзаки, расмиятчилик билан ёндашувларга чек қўйилди. Фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ваколат доирасида барча воситалар ишга солинмоқда.

Ички ишлар органлари мансабдор шахсларининг аҳоли олдида мунтазам ҳисобот бериб бориш тизими йўлга қўйилди. Амалга оширилган ишларга баҳо беришнинг аниқ мезонлари ишлаб чиқилди. Фаолиятда қонунийликни таъминлаш бўйича жамоатчилик, парламент ва депутатлик назоратининг самарали механизмлари жорий этилди. Бунинг натижасида инсоннинг ҳаёти, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шуни мамнуният билан қайд этиш жоизки, Президентимизнинг танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак, деган кўрсатмалари ички ишлар органларининг барча бўғиндаги раҳбарлари фаолиятининг муҳим мезонига айланиб улгурди.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш ўринлики, эришилган ютуқлардан ғурурланиш ва мағрурланишга шошилмаслигимиз керак. Чунки ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ аҳолини безовта қилаётган талайгина муаммолар ўз ечимини кутиб турибди. Ҳаракатлар стратегиясида 2021 йилгача белгиланган вазифаларнинг кўлами ниҳоятда кенглигини англаб, ҳар биримиз ўз хизмат вазифамизга ўта масъулият билан, виждонан ёндашишимиз, ташаббус кўрсатиб хизмат қилишимиз лозим. Ана шундагина эл-юртимизнинг ишончи ва меҳрини қозонган, том маънодаги халқпарвар ички ишлар органлари тизимини яратамиз.

 

Баҳром САИДОВ.

подполковник.